Ўрта Осиё халқлари тарихида Христиан дини.
XI асрнинг охирида христианликнинг Шарққа томон ҳаракати ва тарқалиши оммавий тус олди. Бу динни маҳаллий аҳоли орасида тарқатувчилар Шарқнинг айрим вилоятларига илгарироқ кириб борганлар. 280 йилдаёқ Талос (Марке) черковлари қурилиб бўлган, Самарқандда (310 йилдан), Марвда (334 йилдан), Ҳиротда (430 йилдан), Хоразмда, Марида ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларида эпископик, кафедра, миссиялар, кейинчалик Самарқандда, Марода (430 йиллар), Ҳиротда (658 йиллар) эпископликдан иборат диний ҳудудий жамоалар, бирлашмалар бўлган. Хуросонликлар ва суғдиёналиклар зардуштийлар, монавийлар, буддавийлар, билан бир қаторда христианлар ҳам бўлган.
Ўрта Осиё территориясида исломнинг тарқалиши даврларида ислом билан христианлик ўртасидаги зиддиятлар, келишмовчиликлар кескинлаша бошлади. Бироқ, X асргача Самарқанд, Хоразм, Тошкент вилоятларида христианларнинг манзилгоҳлари бўлган. Ҳатто Беруний яшаган даврда ҳам (973-1056) Марвда провослав метрополияси бўлган.
Ана шу даврда христианлик Кавказда ҳам тарқала бошлади. Арманистон (301 йил) ва Грузияда (318 йили) давлат динига айланади. Озарбайжон ва Жанубий Доғистон территориясида IV-VII асрларда ҳукмрон дин ҳисобланган.
Библия. Библия, яҳудийлик ва христианлик динлари таълимотига кўра, у Худо томонидан нозил қилинган, асосий диний ақида ва ахлоқ қонунларини ўзида жамлаган муқаддас китоблар мажмуасидир.
Унинг таркибига кирган яҳудий динига таллуқли китоблар «Қадимий аҳд» деб, христиан талимотига тегишли китоблар «Янги аҳд» деб номланади. Яҳудий ва Христиан библиялари бир-бирига мос келмайди. Яҳудийларнинг муқаддас китоби Қадимий Исроил ва Қадимий Яҳудийларнинг диний талимот ва урф-одатлари асосида эрамиздан авалги XIII асрда ёзилган бўлса, Христианларнинг китоби эса эрамизнинг бошларида вужудга келди. Яҳудийлар христианларнинг китобини муқаддас китоб сифатида тан олмайдилар христианлар эса яҳудийларнинг китобини муқаддас китоб сифатида тан оладилар.
Библия сўзининг грекчадан таржимаси biblia - китоб, ўрам маъноларини англатади. Ҳозирги Библия католик нашрларида 72 та китобдан, протестант нашрларида эса 66 китобдан иборат. Яҳудийларнинг яна бир диний манбаси Талмуднинг хабар беришича Қадимий аҳдда 24 та китоб бўлиши керак. Қадимий яҳудий тарихчиси Иосиф Флавийнинг айтишича 22 та китоб бўлиши керак. Протестантлар ва яҳудийлар, Тридент Соборидан кейин (1545-1563) католиклар ҳам қадимий аҳд таркибига 45 та китоб киргизадилар. Бу сон билан йўқорида келтирилган сон ўртасидаги тафовутни кейинчалик баъзи китоблар бир неча мустақил китобларга бўлиниб кетганлиги билан изоҳлаш мумкин. Масалан, «Мусонинг беш китоби» аввал бир бутун бўлиб, кейинчалик бешта мустақил китобга ажратиб юборилган, «кичик пайғамбарлар китоби» 12 китобга ажратиб юборилган.
Яҳудийлар Қадимий Аҳдни 3 қисмга бўладилар:
биринчисига «Мусонинг беш китоби» - «Тора» («Таврот»);
иккинчисига «Пайғамбарларнинг аввалги ва кейинги китоблари (Нетиим);
учинчисига қолган китоблар (Кетубим).
Христианлар Қадимий Аҳдни «Ривоятлар китоблари», «Таълимотларга китоблари»га, «Пайғамбар китоблари»га бўлишади. Улар Янги Аҳднинг 27 китобини ҳам шундай тасниф қиладилар. «Ривоятлар китоблари»га «Инжил» ва «Ҳаворийлар фаолияти» китоблари киради. «Таълимотлар»га «Ҳаворийлар мактублари» киради, «Пайғамбарлар китоблари»га «Ваҳй» китоби киради.
Библиянинг китоблари бобларга, боблар эса сураларга бўлинади. Унинг ҳозирги қабул қилинган бўлиниши Нентерберия епископи Стефан Лангтон (вафоти 1228 й.) томонидан киритилган. У 1214 йили лотин тилидаги матнни бобларга бўлиб чиқди ва бу нарса кейинчалик яҳудий ва юнон тилларидаги матнларга ҳам жорий қилинди. Суралар аввал Сантес Панино (в. 1541 й.) кейинчалик 1555 йиларда Роберт Этьенлар томонидан рақамланди.
Таврот. Мусога тегишли бўлган, беш китоб «Таврот» деб аталади ва у қуйидаги китобларга бўлинади: 1) «Борлиқ» ёки «Ибтидо»; 2) «Чиқиш»; 3) «Левит»; 4) «Сонлар»; 5) «Иккинчи қонун».
Инжил. Инжил - хушхабар маъносини англатади. Янги аҳд таркибига кирган Инжил 4 га бўлинади. 1) Матвей инжили; 2) Марко инжили; 3) Лука инжили; 4) Иоанн инжили.
Ўтилган мавзу бўйича саволлар
Христианлик биринчи бўлиб қайси даврда ва қаерда тарқалди?
Христианликнинг асосий ақидаси қандай?
Христианликнинг қандай асосий оқимларини биласиз?
Христианликнинг муқаддас китоби қайси?
Иисус Христос шахси ҳақида нималар биласиз?
Ҳозирги пайтда христианликнинг асосий марказлари қаерда?
Христианликнинг қандай манбаларини биласиз?
Библиянинг таркибига қандай китоблар кирган?
Жумҳуриятимиз ҳудудида христианликнинг қайси оқимлари тарқалган?
Таянч сўзлар:
1. Библия; 2. Муқаддас Руҳ; 3. Пасха; 4. Чўқинтириш; 5. Хоч; 6. Икона; 7. Патриарх; 8. Епископ; 9. Диакон; 10. Папа; 11. Митрополит; 12. Алтарь; 13. Индульгенция; 14. Пост.
Do'stlaringiz bilan baham: |