3. Протестантизм дини. Протестанизм тарихи Мартин Лютердан (1483-1546) бошланади. У биринчи бўлиб католик черкови билан алоқани узди ва протестант черковининг асосий қоидаларини ишлаб чиқди ва уни ҳимоя қилди. Бу низомга кўра, инсоннинг Худо билан бевосита мулоқоти мумкин. Лютернинг диний ва дунёвий ҳокимиятга қарши чиқишлари, католик диндорларнинг имонни ва виждонни инсон билан Худо ўртасидаги воситачи сифатида назорат қилиш ҳақидаги мулоҳазаларга қарши чиқиши жамоатчилик томонидан фавқулодда диққат билан тингланди.
Протестантизмнинг моҳиятига кўра, илоҳий лутфу марҳамат инсонларга черковнинг воситасисиз, бевосита инъом этилади. Инсон нажот топиши унинг шахсий эътиқоди ва Исонинг воситаси орқали рўй беради. Авом руҳонийлардан фарқланмайди, руҳонийлик ҳамма диндорларга бир хилда жорий этилади.
Протестантлик диний маросимларнинг кўпчилигини бекор қилди, фақатгина лютеранликда нон ва вино билан чўқинтириш сақаланиб қолди.
Ўлганларга бағишланган дуо ўқиш, азиз-авлиёларга сиғиниш, муқаддас мурдаларга, санамларга топиниш бекор қилинди. Ибодат уйлари ортиқча ҳашамлардан, меҳроблардан, санамлар, ҳайкаллардан тозаланди, руҳонийларнинг уйланмаслик шартлари бекор қилинди. Библия миллий тилларга таржима қилинди, уни шарҳлаш ҳар бир художўйнинг энг муҳим бурчи бўлиб қолди.
Асрорлардан фақат чўқиниш ва мансублик (черковга) эътироф этилади. Ибодат ваъз-насиҳатлар, биргаликдаги ибодат ва сураларни куйлашдан иборат бўлди. Протестантлар Богородица шахсиятини, аърофни тан олмайдилар.
Лютер томонидан тузилган реформация бош таомиллари 95 тезис шаклида ёзиб берган. Улар Виттенбергнинг Насрий черковининг шимолий эшикларига ёзиб қўйилган. Мана шу тезислардан бири: Исо пайғамбар: «Тавба қилинг, чунки самовий шоҳлик яқинлашиб қолди» деб жар солганида шуни таъкидлайдики, имон келтирганлар ҳаёти бошдан-оёқ тўхтовсиз тавба-тазаррудан иборат бўлмоғи даркор.
Тавба-тазарру руҳоний (авлиё) олдидаги биргина тазаррудан иборат эмас. Биринчи тўрт тезисда, Лютер таъкидлайдики, ҳақиқий тавба узоқ муддатли жараёндир, биргина хатти-ҳаракат билан рўёбга чиқмайди.
Папа фақат ўзи белгилаган жазони олиб ташлаши мумкин. Черков ҳеч қайси самовий жазодан инсонни озод қила олмайди. Тавба-тазарру қонунлари тириклар учун жорий қилинади (белгиланади). Бу ерда ва кейинги бир қанча тезисларда папанинг аъроф устидан ҳукмронлиги рад этилади.
«Руҳлар учун индульгенция олган шахсларга тавбу-тазарру қилиш талаб қилинмайди», деган таълимот Исо таълимоти эмас. Чиндан тавба қилган кишиларни Худо гуноҳларини кечади ва абадий азобдан озод қилади. Гуноҳкор папа ёрлиғисиз ҳам бундай мағфиратдан умид қилиши мумкин.
Лютер бир неча тезисларда таъкидлайдики, чиндан тавба қилган, надомат чеккан христиан (насоро) «самовий жазога шошилмайди, яъни унга самовий жазо жорий этилмайди».
Черковнинг ҳақиқий хазинаси муқаддас Инжил ва худо марҳаматидир. Лютернинг таъкидлашича, «хайрли амаллар хазинаси»нинг мавжудлиги камбағаллар учун эмас бойлар учун фойдалидир, бу хазиналарга папа марҳамати билан эмас, ўз амаллари билан эришуви мумкин. Бу хил воситалар билан Худонинг меҳрини қозонмоқни Лютер сароб деб атайди.
Ҳақиқий христиан Исога эргашиш истаги билан ёнмоғи зарур. Нажот йўли рухсатнома ёрлиғида эмас, балки чин юракдан надомат чекмоқ ва тавба қилмоқдадир.
1517 йили 31 октябрда жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинган тезислар шундан иборат. Кейинчалик бу кун протестантлар байрами бўлиб қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: |