-она, -ларча: дўстона, дўстларча.
Шунингдек, сўз ўзгартирувчи қўшимчаларни ҳам бир-бири ўрнида ишлатиш мумкин: отни минди - отга минди; чўлни кезди – чўлда кезди; узумдан емоқ-узумни емоқ; болалардан бири-болаларнинг бири каби.
Қўшимчалар тузилишига кўра икки хил.
а) содда қўшимчалар;
б) мураккаб қўшимчалар.
Таркиби бир қўшимчадан иборат бўлган қўшимчалар содда қўшимчалардир: -чи, -ли, -дош, -сиз, -каш, -бон, -шунос кабилар.
Таркиби икки ёки ундан ортиқ қўшимчалардан иборат бўлиб, бир қўшимча вазифасини бажарадиган: чи-лик, гар-чи-лик, -ли-ги-ча, лай-ин, -ла-н, -ла-ш, -лар-ча кабилар мураккаб қўшимчалардир.
Ўзбек тилида аслида сўз бўлиб, қўшимча вазифасини бажарадиган -хона, -нома каби қўшимчалар ҳам мавжуд. Булар сўз-қўшимчалар деб юритилади.
Сўзларнинг тузилишига кўра турлари
Сўзлар тузилишига кўра тўртга бўлинади:
1) содда сўзлар; 2) қўшма сўзлар; 3) мураккаб сўзлар; 4) жуфт ва такрорий сўзлар.
Содда сўзлар битта ўзакдан ташкил топади: мактаб, уй, яхшилик, биродарлик, тинчлик, жадаллашмоқ каби.
Содда сўзлар туб ва ясама бўлади. Таркибида сўз ясовчи қўшимча бўлмаган сўзлар туб сўзлар дейилади; мактабимиз, уйдагилар, болаларга, яхшигина каби.
Таркибида сўз ясовчи қўшимча мавжуд бўлган содда сўзлар ясама сўзлар дейилади: ишчи, ишхона, синфдош, билимли, беғубор, нотўғри, ҳосилдор кабилар.
Сўзларнинг қолган қисми икки ёки ундан ортиқ ўзаклардан таркиб топган бўлиб, ёзувда қўшиб ёзилади: белбоғ, раҳмдил, учбурчак, Сирдарё (қўшма сўзлар), ёзувда ажратиб ёзилади: Марказий Осиё, Вазирлар Маҳкамаси, ишлаб чиқариш, ўн беш, имзо қўйди (мураккаб сўзлар), чизиқча билан ажратиб ёзилади: ака-ука, яхши-ёмон, меҳр-муҳаббат (жуфт сўзлар), катта-катта, тез-тез, кам-кам, узун-узун (такрорий сўзлар).
Қўшма сўзлар луғавий маънога эга бўлган икки ёки ундан ортиқ сўзларнинг бирикишидан ҳосил бўлиб, бир урғу билан айтилади: Қўшма сўз таркибидаги сўзлар маъно ва грамматик жиҳатдан бириккан бўлади. Масалан, мирзатерак, кўзойнак, қўлқоп, музёрар, эртапишар.
Қўшма сўзларнинг бир қисми сўз бирикмаларидан ўсиб чиқади. Масалан, кўзойнак-кўзнинг ойнаги, белбоғ-белнинг боғи.
Шунинг учун айрим қўшма сўзлар сўз бирикмаларига шаклан мос келади. Бундай ҳолатда сўзларнинг ёзилиши, бир ёки икки урғу билан айтилиши, сўз қисмларининг бир маънога ёки ҳар бир қисмнинг алоҳида маънога эга эканлиги қўшма сўз ва сўз бирикмасини фарқлашга имкон беради. Бу ҳолат кўпинча жой номлари бўлган қўшма сўзларда учрайди: Тупроққўрғон- тупроқ қўрғон, Янгиариқ - янги ариқ, Учқўрғон - уч қўрғон, Жарқўрғон- жар қўрғон каби.
Қўшма сўзларнинг таркиби турлича:
отҚот: кўзойнак, қўлқоп, белбоғ, раҳмдил;
отҚфеъл: музёрар, кунгабоқар,
сифатҚот: шифобахш, калтафаҳм.
олмошҚфеъл: ўзибилармон
сонҚот: учбурчак, тўртбурчак.
Икки ёки ундан ортиқ сўзларнинг бирикувидан ҳосил бўлиб, бир тушунча ифодаловчи, алоҳида урғу билан айтиладиган, гапда бир гап бўлаги вазифасида келадиган сўзлар мураккаб сўзлар дейилади. Мураккаб сўзлар манбаларда қўшма сўзлар (таркибли қўшма сўзлар) деб ҳам берилган. Маълумки, қўшма сўзлар мустақил маъно ифодалайдиган икки ёки ундан ортиқ сўзлардан ташкил топиши лозим. Тилда эса кейинги қисми мустақил маъно билдирмайдиган: ўқиб берди, ёзиб олди, қирқ беш каби сўзлар ҳам мавжудки, булар қўшма сўзлар ҳисобланмайди.
Мураккаб сўзларнинг иккинчи қисми янги луғавий маъно билдирмаса бундай сўзлар туб мураккаб сўз ҳисобланади: ёзиб олди, ўқиб берди каби.
Таркибидаги кейинги сўз луғавий маъно ҳосил қиладиган мураккаб сўзлар ясама сўзлардир: жигар ранг ишлаб чиқариш, бир оз, шу ёққа, бир лаҳза, ҳар ким каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |