Демокрит.
Демокрит (б. э. а. 460–370 й.) ўз устози Левкиппнинг (б. э. а. 500–440 й.) қарашларини ривожлантириб, дунёнинг асосида табиатнинг қандайдир битта ёки бир қанча стихияси эмас, балки битта манба ётади, олов ҳам, сув ҳам, тупроқ ҳам, ҳаво ҳам, дунёдаги барча турли-туман нарса ва ҳодисалар ҳам шу манбадан пайдо бўлади, деган таълимотни илгари сурди. Бутун мавжудотнинг негизи бу материя деб аталган эди. Демокритнннг таълимотига кўра, материя атомлардан, яъни жуда майда, кўзга кўринмайдиган заррачалардан – моддалардан ташкил топган.
Барча атомлар доимо ҳаракатланиб туради (Демокритнинг фикрича, улар бўшлиқка тушиб туради). Атомлар фақат шакл жиҳатидангина бир-биридан фарқ қилади. Бурчаксимон, илмоқсимон, ғадир-будур атомлар бўлиб, ҳаракатланганда улар бир-бирига тегиб кетади, шунинг учун ҳам улар секин ҳаракатланади. Шу атомларнинг бирикишидан қаттиқ жисмлар ҳосил бўлади. Думалоқ, овал шаклидаги, сирғанчиқ атомлар ҳам бўлади, улар эса секин ҳаракатланади. Бу атомларнинг бирикишидан суюқ газсимон жисмлар ҳосил бўлади.
Демокриатнинг таълимотига кўра, тан ва руҳ эгаси бўлган инсон худди шу атомлардан, таркиб топади. Одамнинг танаси қўполроқ илмоқсимон, ғадир-будур ва секин ҳаракатланадиган атомлардан ташкил топади, руҳи эса энг силлиқ, думалоқ, сирпанчиқ, бинобарин, энг ҳаракатчан атомлардан ташкил топади. Руҳнинг ҳар бир айрим атоми, ҳатто унинг кичкина группалари ҳам сезувчанликка эга эмас. Уларнинг бир қанчалари бирлашибгина, сезувчанлик қобилиятига эга бўлади. Руҳ атомлари бутун баданга тарқалган, лекин уларнинг кўпчилиги кўзда, қулоқда, панжа учларида, юракда ҳамда бош мияда жойлашган. Бизнинг сезгиларимиз, ҳисларимиз ва фикримиз шу руҳ атомларининг маҳсус ҳаракатидир. Атрофимиздаги нарсалардан доимо думалоқ, енгил атомлар ажралиб чиқиб, фазода учиб юради. Агар шу атомлардан бирортаси кўзимизга тушса, биз кўрамиз; кулоқимизга тушса эшитамиз, бурнимизга кирса, бирор нарсанинг ҳидини сезамиз ва ҳоказо. Бизнинг фикрларимиз– бу бош миядаги руҳ атомларининг ҳаракати. Бизнинг ҳисларимиз интилиш – эҳтиросларимиз – бу юракдаги руҳ атомларининг ҳаракати. Демокритнинг таълимотига кўра, руҳий ҳаётнинг маркази юракдир. Руҳимизни ташкил қилувчи атомлар танамиздан чиқиб кетмагунча биз ўз-ўзимизни англаймиз. Шу атомларнинг бир қисми танамиздан чиқиб кетганда уйқу ва шунга ўхшаш онгсиз ҳолат рўй беради, агарда деярли барча атомлар танамиздан чиқиб кетса, ярим ўлик ҳолат (беҳушлик ҳолати) рўй беради. Барча руҳий атомларининг танадан бутунлай алжралиб чиқиб кетиши ўлимга олиб келади. Демокрит руҳнинг абадийлигини инкор қилган. Унинг таълимотига кўра, тана ўлиши билан руҳ ҳам ўлади: у – моддий нарсадир, майдаланиб дунё атомларининг умумий йиғиндисига қўшилиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |