ТЎРТИНЧИ ҚИСМ
1-ИЛОВА
ПСИХОЛОГИЯ ТАРИХИДАН
Кириш.
Психология тарихи, бошқа фанлар тарихи сннгари, қизиқ ва мазмундор билимлар соҳасидан иборат.
Психология тарихи – бу аввало инсоният томонидан ҳайвонларга ва инсонга хос бўлган психик ҳаёт ҳодисалари ҳақидаги билимларнинг аста-секин тўпланиб бориш тарихидир. Инсоннинг ўз-ўзи ҳақидаги билимларни тўплаб ҳамда чуқурлаштириб боришидир.
Биз психология тарихи билан танишар эканмиз, инсон ва ҳайвонлар психик ҳаётини ўрганишга бўлган интилиш кишилар ҳаётинииг ҳар хил тарихий босқичларида уларнинг қандай назарий ва амалий эҳтиёжлари билан тақозо қилганлигини, баъзи бир маълумотлар, яъни психик ҳодисалар қай тарзда кашф қилинган, қарор топган ва аниқланганлигини, улар қандай тушунтирилганлигини, уларнинг баъзи қонуниятлари қандай очилганлигини билиб оламиз. Бундан ташқари, психология тарихи тарихий ҳаётнинг ҳар хил босқичларида, фан ва маданиятнинг умумий тараққиёти муносабати билан психологик билимлар соҳаси қандай кенгайиб борганлиги ҳамда дастлаб яккаю-ягона бўлган психология қай тарзда тараққий этиб, бутун бир психология фанлари системаси даражасига кўтарилганлиги ҳақида ҳам маълумот беради.
Психология тарихида психикани янада чуқур ва аниқ билиш имкониятини берадиган, психология фани тараққиётига кўмаклашадиган фойдали илмий-текшириш методларининг изланиши ва яратилиши катта ўрин тутади.
Психология ҳеч қачон ажралган фан бўлмаган: у ҳамиша бошқа билим соҳалари билан боғлиқ ҳолда тараққий этиб борган. Умумфан тараққиёти тарихида бу боғланишлар кенгайди ва чуқурлашди. Бошқа фанларнинг ютуқлари психология тараққиётига қандай таъсир кўрсатганлигини, билим соҳаларининг тараққиётида психологиянинг роли қай даражада бўлганлигини, психологиянинг илмий ютуқлари амалиётда қандай татбиқ қилинганлигини кузатиб бориш жуда қизиқарлидир.
Психологиянинг бутун тарихи (шунингдек, философия тарихи) давомида идеализм билан материализм ўртасида кураш кетган. Бу кураш психологиянинг моҳиятини турлича тушунишда, инсондаги психик ва физиологик ҳодисаларнинг ўзаро муносабатларини тушунишда ҳамда психология предметини тушунишда ифодаланган. Шунинг учун, психология фани системасининг ўзи ҳам, унинг методлари, мазмуни ва вазифалари ҳам турлича талқин қилинган.
Албатта, психология тарихида турлича қарашлар ва йўналишлар бўлишига қарамасдан, бу фанниг предмети, яъни ҳайвон ва инсонларга хос бўлган психика, психик ҳаёт бирдайлигича қолаверди. Тарихий жиҳатдан психологиянинг ўрганиш предмети эмас, балки шу предметни тушуниш, психик ҳаёт моҳиятини тушуниш ўзгариб келди.
Психология предметини тушунишдаги муҳим ўзгаришлар, янги психологик текшириш методларининг яратилиши ҳамда уларнинг кенг татбиқ қилиниши илмий-фалсафий тафаккурнинг умумий йўналиши психология фанининг тарихий тараққиётидаги хусусиятларни белгилаб борди.
Do'stlaringiz bilan baham: |