3. Қизиқиш-ҳаваснинг аҳамияти
Кишида муайян қизиқиш-ҳавасларнинг бўлиши шуни кўрсатадики, киши шахс сифатида фақат кун кечириш билан, шу бугунги ҳаёти билангина овора бўлиб қолмасдан, балки истиқбол билан ҳам қизиқишади. Кишидаги қизиқишлар унинг дунёқараши, эътиқоди ва идеаллари билан боғлиқ бўлади. Қизиқиш-ҳаваслар одамнинг ҳаётини мазмундор ва маънодор қилади. Кишилардаги индивидуал қизиқиш-ҳаваслари унинг Ватанини манфаатлари билан мос келади, Бундай қизиқиш-ҳаваслар кишида қанчалик хилма-хил ва юксак бўлса, унинг ҳаёти шунчалик маъноли ва мазмунли бўлади. Бундай кишиларнинг ижтимоий қиммати шунчалик юксак бўлади.
Қизиқиш-ҳаваслари пасткаш ёки тутуриқсиз бўлган одамларнинг маънавий ҳаёти мазмунсиз ва бетайин бўлади. Бундай одамлар ўзларининг нима учун яшаётганликларини, кўпинча, ўзлари ҳам билмайдилар. Кишидаги қизиқишларнинг сусайиб ёки йўқолиб кетиши унинг ақлини ҳам пасайтириб қўяди, фаолиятини сусайтириб юборади ва бошқа маънавий фазилатларига путур етказади, кишини бекорчиликка мойил, ялқов қилиб қўяди. Булар бўш қолган вақтларида нима билан машғул бўлишларини билмай, зерикадилар ёки вақтни ўтказадиган бирон бекорчи эрмак топишга уринадилар.
Муайян олийжаноб қизиқиш-ҳавасларга эга бўлган кишилар ҳар доим тетик, фаол бўладилар. Бундай кишиларнинг ҳаёти маъноли ва сермазмун бўлади.
Шахснинг индивидуал хусусияти бўлган қизиқиш-ҳаваслар унинг ҳамма психик жараёнларига таъсир кўрсатади. Юқорида кўриб ўтганимиздек, кишининг бир талай характер хислатлари ҳам, шунингдек қобилиятларининг ўсиши ҳам маълум даражада ундаги қизиқиш-ҳаваслар билан белгиланади. Кишидаги қизиқиш-ҳаваслар унинг барча психик жараёнларида намоён бўлади. Биздаги идрок этиш эсда қолдириш, эсга тушириш, хаёл, тафаккур ва ирода жараёнлари қизиқиш- ҳавас орқали активлашади. Қизиқиш-ҳаваслар эсда қолдиришнинг тез ва мустаҳкам бўлишига таъсир кўрсатади, хаёл ва тафаккур фаолиятини муайян изга солиб юборади. Қизиқиш-ҳаваслар киши диққатининг кучли ва барқарор бўлишига ёрдам қилади, бизнинг туйғу-ҳиссиётларимизнинг, шунингдек бевосита қизиқишларимизнинг ҳам кучли ва барқарор бўлишига ёрдам беради.
Қизиқиш-ҳаваслар кишининг меҳнат фаолияти учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Қизиқиш-ҳаваслар кишини фаолиятга рағбатлантиради, унинг ғайратига-ғайрат қўшиб, ташаббус кўрсатишга, актив ҳаракат қилишга, ижод этишга, янгиликлар яратишга йўллайди. Қизиқиш-ҳаваслар кишининг куч-қувватини оширади. Шунинг учун ҳам кишининг қизиқиш-ҳавасларига мос келадиган ишлар тезроқ, осонроқ ва унумлироқ бажарилади.
Қизиқиш ўқитув ишларида катта аҳамиятга эгадир. Ўқувчиларда ўқув фанларига, умуман билимга ва ўзининг келгусидаги касбига қизиқиш-ҳаваснинг бўлиши билимларни онгли ва мустаҳкам ўзлаштиришнинг муҳим шартидир. Шунинг учун ҳар бир педагог ўз ўқувчиларидаги мавжуд қизиқиш-ҳавасларни билиши, бу қизиқиш-ҳавасларнинг қандай ўсиб бораётганлигини билиши, ўқув ишларига ва меҳнатга барқарор, мустаҳкам қизиқиш пайдо қилишга ҳаракат қилиши, ёрдам бериши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |