4. Фалсафада миллийлик ва умуминсонийлик. Ҳозирги даврда миллий фалсафани ривожлантириш муаммолари.
Фалсафа илми миллий, айни вақтда умуминсоний қадриятдир. Мазкур қадрият инсон ўзини ўзи инсон сифатида таниган кунидан бошлаб такомиллашиб, ривожланиб, чуқурлашиб, мураккаблашиб, илмийлашиб ва тобора инсонийлашиб бораётган фандир.
Фалсафанинг ўзи бир дунёқарашдир, одамнинг дунёга бўлган қарашларининг йиғиндисидир. Дунёқарашнинг мифологик, диний, илмий, сиёсий, бадиий, кундалик турмушга нисбатан бўлган шакллари мавжуд. Фалсафа дунёқарашларнинг бошқа шаклларидан шу билан фарқ қиладики, у энг аввало ижтимоий онгнинг илмий соҳасига тааллуқлидир. Унинг таркибида эса бошқа фанлардан фарқли ўлароқ , ўзига хос категориал аппарат мавжуд бўлиб, у ўз тараққиётида қандайдир бир фанга таянмасдан, балки барча фанларга, инсоният ўзининг бутун тараққиёти давомида эришган тажрибасининг яхлит ҳолда тўплаган билимига таянади.
Фалсафанинг моҳияти - бу “олам-одам” тизимидаги умумий муаммолар устида фикр-мулоҳаза юритишдан иборатдир. Фалсафа - фан, илмий билимнинг бир шакли. Илмий билимнинг бир шакли сифатида олинганда, фалсафа дунёқарашнинг асосий масаласи нуқтаи назаридан ахборотнинг ғоят умумлаштирилган ҳолга келтирилишидир.
Бундай қоида энг аввало фалсафанинг ижтимоий фанлар билан эмас, балки табииёт фанлари билан қиёсланишидан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам фалсафани, афтидан, юқорида айтиб ўтилган мулоҳазалардан келиб чиқиб табииёт фани, деб ҳисоблаш мумкин, у ўзининг бир қисми бўйича табиатшунослик фанлари таркибига киради.
Фалсафада моддий борлиқ ва инсонни ўрганувчи бошқа фанлардагидан яна шу билан фарқ қиладики, бунда инсоннинг оламга, оламнинг инсонга муносабатининг энг умумий жиҳатлари ўрганилади. Инсоннинг оламга, борлиққа билишга кўра муносабати кўпгина фанлар томонидан ўрганилади. Билишнинг эмпирик ва назарий даражаси, ҳиссий ва рационал билиш нисбати, ҳақиқат ва адашиш ва бошқалар бир қатор фанлар томонидан ҳам тадқиқ этилади. Булардан фарқли ўлароқ билиш жараёнининг энг умумий томонларинигина ўрганиш Фалсафанинг предмети доирасига киради. Бу жараённинг хусусий томонларини ўрганиш эса аниқ фанларнинг вазифаси ҳисобланади.
Ҳаётда олий даражадаги дунёқарашдан - фалсафий дунёқарашдан бебаҳра қолиш, ҳаёт маъносини тушунмаслик натижасида одам ўзини-ўзи ҳалок этиши, гиёҳванд бўлиб қолиши, ичкиликбозликка берилиши, жиноят йўлига кириб кетиши мумкин.
Бугунги кунимизда учраб турган террорчилар, ҳизбут-таҳрирчилар таъсирига тушиб қолганлар шулар жумласидандир. Қулдорлик даврларидан бошлаб кўп йиллар мобайнида инсониятнинг анчагина қисми мулкдан, ҳокимиятдан, ўз фаолиятининг маҳсулидан ажралган ҳолда яшаб келди. Инсон ҳам жисмонан, ҳам руҳан эзилиб, қулларча яшашга маҳкум этилди. Шундай бўлсада фалсафа инсон шахсини ташқи зулм-зўравонликдан ҳалос қилди ҳамда унга ботиний теран мазмун берди.
Бозор иқтисодиётида энг серҳаракат субъект - бу фуқаро, унинг манфаати, унинг тадбиркорлиги ҳисобланади. Тадбиркорликнинг кенг қулоч ёйиши ва унинг иқтисодиётда белгиловчилик ролининг ортиб бориши ижтимоий ҳаётдаги бир қатор қадриятларни янги мазмун билан бойитишни ҳам талаб қилмоқда. Чунки фақат бозоргина ишлаб чиқарувчининг ҳукмини синдириш, ишлаб чиқаришни истеъмолчининг манфаатларига бўйсундириш, маҳсулотга бўлган талабни аниқ ҳисобга олишни талаб қилади. Фақат бозоргина тежамли хўжалик юритишнинг кучли оқилона жиҳатларини яратади, фақат бозоргина янгиликларга фан-техниканинг энг сўнгги ютуқларига талабчанлик билан муносабатда бўлишни тақозо этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |