Қадимги Шарқ фалсафаси (Миср, Бобил, Хиндистон, Хитой, Марказий Осиё).
Қадимги Бобил ва Мисрда фалсафанинг пайдо бўлиши. Эрамиздан олдинги IV мингйилликнинг охири III-мингйилликнинг бошида қадимги Бобил ва қадимги Миср маданияти ўз тараққиётининг юқори нуқтасига эришади. Бу давлатларда фалсафий фикрларнинг пайдо бўлиши, бир томондан, дунё ҳақидаги фанлар бўлган - астрономия, космология, математика биринчи одимлари билан яқиндан боғлиқ бўлган бўлса, иккинчи томондан, афсоналар билан боғлиқ эди. Қадимги Бобил ва Миср олимлари ой ва кун тутилиши даврийлигини аниқлашга мувофиқ бўлдиларки, бу уларга бу ҳодисани олдиндан айтиш имконини берди.
Қадимги бобилликлар ва мисрликларда илм-фан билан коҳинлар шуғулланар эдилар. Илм-фан билан шуғулланган мисрликлар ва бобилликлар умуман дунёга афсоналар орқали қарар эдилар. Шундай асарлар пайдо бўла бошлайдики, уларда афсоналарни фалсафий талқин қилишга уринишлар кўзга ташланади («Арфа чалувчининг қўшиғи», «Дунёдан хафсаласи пир бўлган кишининг ўз руҳи билан суҳбати», «Ҳаёт маъноси ҳақида хожа ва қулнинг савол-жавоблари» ва бошқалар). Гарчи Қадимги Миср ва Бобилда фалсафий тафаккур Қадимги Юнонистон савиясига эришмаган бўлса ҳам, уларнинг ютуқлари Эллада маданиятига катта таъсир кўрсатди.
Зардўштийлик. Эрамиздан олдинги VI асрдан бошлаб Марказий Осиёда зардуштийлик дини пайдо бўлиб, эрамизнинг III асригача ҳукмронлик қилади. Зардуштийликнинг ватани сифатида Марказий Осиё (Бақрия, Хоразм) ва Эронни (Мидия) кўрсатадилар. Зардуштийликда энг қадимги даврлардан бошлаб (эрамиздан олдинги 3-2-нчи мингйилликлар) эрамиздан олдинги 1-мингйиллик ўрталаригача бўлган Марказий Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг диний тасаввурлари акс этган.
«Авесто» китобига биноан, Коинот, ер, океан, осмон, нурли доира ва жаннатдан иборат. Ер думалоқ бўлиб, атрофи океан билан ўралган. Осмон тўрт доирадан ташкил топган: юлдузлар доираси, ой доираси, қуёш доираси ва жаннат доираси ёки нур макони. Юлдузлар, Ой ва Қуёш худо Ахура Мазданинг бадани сифатида тасвирланади. Зардуштийликнинг жамият тарихи ҳақидаги тасаввурлари Инжил ва Қуръондаги афсоналар билан ўхшаб кетади. Авесто бўйича биринчи одам Йимадир, барча одамлар ундан келиб чиққан. Бу давр олтин аср сифатида тасвирланади: инсонлар абадий ҳаётга эга эдилар. Худо Ахурамазда абадий баҳор яратган бўлиб, кишилар фаровонликда ва бахт-саодатда яшар эдилар. Аммо кунлардан бир кун улар гуноҳга ботдилар: улар таъқиқланган мол гўштини еб қўйдилар. Зиёнкор руҳ Анхра Майню уларга совуқ ва қор юборди. Йима одамларни совуқдан қотиб қолишларидан сақлаш учун уй қуриб, унга барча тирик жонзотлардан бир жуфтдан яширди. Бу афсона Шумер, Бобил, Инжил ва Қуръондаги Бутун дунёни туфор босганлиги ҳақидаги афсонага ўхшашдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |