Зарурият ва тасодиф. Нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятидан, уларнинг ички муҳим боғланишларидан муайян шароитда қатъий равишда келиб чиқадиган, келиб чиқиши муқаррар бўлган воқеа ёки ҳодиса зарурият деб аталади. Нарса ва ҳодисаларнинг моҳияти билан боғлиқ бўлмаган, ташқи таъсир ва иккинчи даражали омиллар билан боғлиқ, бўлган, айни шароитда юз бериши ҳам, юз бермаслиги ҳам мумкин бўлган ҳодиса ёки воқеа тасодиф дейилади. Зарурият ва тасодиф ўзаро боғлиқ бўлган, бири иккинчисисиз мавжуд бўлмайдиган борлиқдаги нарса ва ҳодисаларнинг ўзгариши ва ривожланишига оид алоқадорликнинг икки томонидир. Улар бир-бири билан ўзаро боғлиқ ва айни вақтда бир-биридан фарқ ҳам қилади. Бу фарқ, аввало, уларнинг ўзига хос хусусиятлари билан характерланади.
Умуман, зарурият ва тасодиф борлиқдаги нарса ва ҳодисалар ўзаро алоқадорлигининг турли шакллари сифатида мавжуд бўлиб, улар объективдир, яъни уларнинг мавжудлиги ва амал қилиши инсон ҳоҳиши ва иродасига боғлиқ эмас.
Имконият ва воқелик. Имконият ва воқелик ўзгариш ва ривожланиш жараёнидаги нарса ва ҳодисаларнинг икки хил даврини, икки хил ҳолатини, бу даврларнинг ўзаро муносабатини ўзларида ифодаловчи категориялардир.
Воқелик — бу ҳозир реал мавжуд бўлган, яшаб турган нарса ва ҳодисалардир. Лекин бу ҳодисалар ривожланиш жараёнида бирданига ҳозирги ҳолатда бўлмай, балки дастлаб имконият ҳолатида бўлган бўлиб, улар ўзларининг маълум келиб чиқиш даврига, вақтига, тарихига эга. Воқелик ўзининг пайдо бўлиш давридан олдин имконият шаклида мавжуд бўлади.
Имконият — бу воқеликнинг куртак ҳолдаги кўринишидир, у юзага чиқмаган воқеликдир. Шу билан бирга, имконият воқеликни келтириб чиқарувчи, ривожланишнинг объектив ва субъектив шарт-шароитлари ҳам бўлиши мумкин. Имконият объектив қонуниятлардан келиб чиқади, улар томонидан яратилади.
Имконият ва воқелик категорияларини, уларнинг ўзаро диалектикасини чуқур билиб олиш кишиларнинг амалии фаолиятида, илмий текшириш ишларида катта аҳамиятга эга.
Имконият воқеликка бирдан айланмайди. У эски воқелик ичида, аввало, куртак шаклида мавжуд бўлиб, сўнг ривожланиб бориб, тобора реаллаша боради ва маълум даврда, маълум шарт-шароит туфайли воқеликка айланади. Имконият реаллаша борган сари, унинг мавжуд эски воқелик билан кураши ҳам кескинлашиб боради. Шунга кўра, имкониятни формал, абстракт ва реал имкониятларга ажратиб ўрганилади. Қуруқ фикрий изчиллик жиҳатидангина тўғри бўлган, лекин реал асосга эга бўлмаган имконият формал имкониятдир. Формал имконият объектив ривожланиш қонуниятларидан келиб чиқмайди. Шунинг учун ҳам у ҳеч қачон воқеликка айланмайди.
Амалга ошиши учун ҳали шарт-шароитлар тўлиқ етилмаган, лекин амалга ошиши қонуний бўлган, нарса ва ҳодисанинг ўзгариш ва ривожланиш мантиғидан келиб чиқувчи имконият абстракт имконият дейилади. Абстракт имконият ривожланиш жараёнида маълум объектив ва субъектив шарт-шароитлар етилганда, реал имкониятга айланади.
Реал имконият — бу ривожланишнинг асосий тенденциясини ифодаловчи, ҳозирги шароитда унинг ички моҳиятидан келиб чиқувчи имкониятдир. Реал имконият конкрет, айни вақтда амалга ошиши мумкин бўлган имкониятдир.
Ижтимоий тараққиётда имкониятнинг воқеликка айланишида объектив шарт-шароит ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |