7-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш юзасидан қарор қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг республика мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки ваколат берган давлат бошқаруви идораларига берилади. Муниципал объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳуқуқи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларига берилади. Бундай қарорларни қабул қилишга ҳуқуқ берилган идоралар матнда бундан кейин оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар деб юритилади. Ўзбекистон Республикасининг оммавий мулкини республика мулкига ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкига (муниципал мулкка) ажратишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан амалга оширади. Хусусийлаштирилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилинадиган давлат мулки объектларини аниқлаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига фуқаролар, давлатга тааллуқли бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва бошқа давлатларнинг юридик шахслари, меҳнат жамоалари, оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар эгадирлар. Буюртма оммавий мулк объектларини тасарруф этувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.
Давлат тасарруфидан чиқаришни, хусусийлаштиришни ўтказиш ёки ундай қилишни рад этиш тўғрисидаги қарорни оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи буюртма тушган пайтдан бошлаб ўн кун ичида қабул қилади, ҳамда уни буюртма берганга ва давлат тассаруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган корхонанинг меҳнат жамоасига ёзма равишда етказади.
Давлат корхонасини очиқ акциядорлик жамиятига айлантириш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи томонидан қабул қилинади.
Давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш:
- башарти, корхона давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган корхоналар рўйхатига киритилган бўлса;
- башарти, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг корхоналарнинг мазкур тури учун назарда тутилган хусусиятлари ҳисобга олинмаётган бўлса;
- оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи рад этишни асослаш билан бирга давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштиришни амалга ошириш мумкин бўлган шартлар ва муддатларни кўрсатмоғи зарур.