2. Матнни ўқиш. Ўқувчилар матнни ўқиш жараёнида унинг ғоявий-бадиий хусусиятлари, асарда акс
этган воқеалар билан танишадилар. Бунда асарнинг жанр хусусиятларидан келиб чиқиб, матнни ифодали,
шарҳлаб ва ролларга бўлиб ўқитиш мумкин. Бадиий матнни ўқиш муаллиф тасвирлаган манзараларни аниқ
тасаввур этишга, асар қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатларидан тегишли хулосалар чиқаришга ёрдам беради.
Ўқиш техникасини эгаллашда такрор ўқиш муҳим аҳамият касб этади. Айрим ўқувчилар у ёки бу
матнни бир неча марта ўқишга ҳаракат қилади. Ўқиш фаолиятига қизиқиш, унинг мазмунига ҳам қизиқишни
вужудга келтиради, билим олиш эҳтиёжини туғдиради ва ўқиш мотивларини таркиб топтиради»[2,113].
Матнни бир неча бор қайта ўқиш, янги сўз, сўз бирикмаси ва намунавий гапларнинг изоҳланиши
мазмунни чуқурроқ англашга кўмаклашади. Бундан ташқари, у ўқиш сифатининг ортишига, унинг тўғрилиги,
равонлиги, ифодалилиги, комплекс ривожига ёрдам беради. Матнни такрор ўқиш махсус машқлар ёрдамида
уюштирилмаслиги ўқувчилар учун зерикарли бўлиб, уларни толиқтириб қўяди. Матн устида ишлашда танлаб
ўқиш, яъни алоҳида гап, парча юзасидан савол-жавоб ўтказиш ҳам муҳим ўрин тутади.
Матнни ролларга бўлиб ўқиш дарсни жонлантиради, ўқишга қизиқишни орттиради, ифодалилик
ривожига кўмаклашади. Ифодали ўқиш онглилик билан узвий боғлиқ. Ўқувчи ҳар бир сўз, гапнинг мазмунини
яхши билсагина, ифодали ўқий олади (керакли ўринда тўхтайди, керакли сўз ёки иборани ажратади,
таъкидлайди).
Ўқувчилар матнни ўқиш билан боғлиқ машқлар натижасида қуйидаги малакаларни эгаллайдилар:
–
сўзларни аниқ ва равшан талаффуз қилиш;
–
тиниш белгиларига риоя қилиш;
–
матнни мазмунига боғлиқ равишда тўғри ўқиш;
–
персонажлар нутқини уларнинг овозига тақлид қилиб ўқиш;
–
матндаги фикрларнигина эмас, балки туйғуларни ҳам овоз (оҳанг) ёрдамида ифодалашга уриниш.
3. Матнни таҳлил қилиш. Таҳлил ўқувчиларни ижодий ва мустақил фикрлашга йўллашнинг муҳим
омилидир. Ўқувчилар таҳлил жараёнида асарда тасвирланган воқеаларга ўз фикрларини билдирадилар,
нотаниш сўзлар маъносини билиб оладилар, матннинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етадилар. Бошланғич
синф ўқиш дарсларида матн устида ишлаш жараёнида асосий эътибор унинг мазмунига қаратилса-да,
тузилишини ҳам назардан қочирмаслик керак.
Бу жараёнда намуна бўйича ишлаш ҳам мумкин. Намуна бўйича ишлаш – қонуниятли жараён. Чунки
нутқ кўпроқ фақат тақлид жараёнида ўзлаштирилади. Ўқувчилар намунавий нутққа тақлид қилиш орқали ўз
нутқини лексик ва грамматик жиҳатдан бойитади. Унда тилни сезиш ривожланади, нутқий хотира
такомиллашади.
Биринчи ва иккинчи синф ўқувчилари таълимий материалларнинг ички боғланишларига аҳамият
бермай, маъносига тушунмай қуруқ эслаб қоладилар. Ўрганилаётган материалларни мантиқий таҳлил қилмай,
ёдаки ўзлаштирадилар»[2,120]. Матнни таҳлил қилишда луғат устида ишлаш ҳам жуда муҳим, чунки нутқни
ўзлаштириш қонуниятларидан бири – сўз маъносини ўзлаштириш учун тафаккур механизмлари ишлаши
зарурлигидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |