Бош мутаваллий хонликдаги катта лавозим саналган. Мутавалли вақф бўйича масжид, мадрасалар фаолиятини бошқарган ва назорат қилган. Аълам муфтилар бошлиғи, табиблар бошлиги (сарвари атиббо, табиблар сарвари) ҳам марказий бошқарув амалдорлари ҳисобланади.
Амир ул-умарога хонликнинг чегара вилоятларида қўшинни қуроллантириш ва сафлаш, ўқ-дори ва қурол-яроғ билан таъминлаш вазифалари юклатилади. Асосан у ҳарбий таъминотни амалга оширувчи амалдор бўлган. Ушбу лавозим 1763-1770, 1855-1873 йиллардагина мавжуд эди.
Давлатдаги шариатга асосланган суд-жазо нормаларини тартиб- га солиш, ижросини назорат этиш ишларини қозикалон бошқарган. У қозилар ишлари назорати, улар чиқарган айрим ҳукмларни бекор қилиш ишларини бажарган. Қозиларни мансабга тайинлаш ишла- рини хон тасдиғидан ўтказиб олган. Ер-мулк, қарз тилхати кабиларга муҳр босган. Айтиш лозимки, жойлардаги қозилар қозикалон тавсияси, аммо, хон ҳукми билан мансабга тайинланиб, озод қилинганлар. Қози аскар ёки қози урду ҳарбий суд ишларини амалга оширган. Ҳарбий сафарларда хон билан бирга иштирок этиши шарт бўлган. Тасодифий ёки бахтсиз ҳодисалар тўғрисида ҳукм чиқариш унинг зиммасида бўлган.
Сув хўжалиги соҳаси мироббоши томонидан бошқарилган. На- қиб руҳонийлар ва таълим-тарбия соҳасидаги мутасаддилар бошли- ғи, саройдаги диний-сиёсий, харажат ишларни назорат этувчи ва уруш олдидан ҳарбий ишларнинг молиявий томонларини тартибга солиш билан шуғулланган.
Ясовулбоши шахсан хон муҳофазаси, сарой қўриқчилиги, махфий маҳкама ва ҳарбий ишларда раҳбарлик фаолиятини амалга оширган. Унга ясовуллар, миршаблар, маҳаллалардаги милиция хиз- матини ўтовчи доруғалар, уруғлар ичидаги баҳодурлар, шотирлар, саройдаги эшикоғалари бўйсунган. ХХ аср бошларида саройда ясовулбоши лавозимининг мавқеи ошади.
Саройда доимий мажбурият юклатилмаган, лекин давлат иш- ларида муҳим роль ўйновчи, хусусан хон топшириқлари ижросини амалга оширувчи, хон томонидан берилган вақтинчалик ваколатлар- дан фойдаланувчи ва мерос тариқасида ўтувчи ёрдамчи мансабдор шахс лавозимлари тоифаси ва сарой хўжалик мансаблари (хон чуҳралари) жорий этилган. Жумладан, саройда маҳрамбеги ва маҳрамлар (хоннинг бевосита хизматчиси ёки шахсий ёрдамчиси), мирзабоши (котиблар бошлиғи), мирза(лар), махфий котиб (махфий ҳужжатларни тайёрловчи), хазиначи, худайчи (давлат бошқарувига оид барча ҳужжатларни сақловчи), муфтилар, мушрифлар, эшикога- си, икки эшикогаси, мунодаргон (хон фармонларини халққа етказув- чи), девон (шеърий девон тартиб қилувчи), пошшоб (жаллод) ва бошқа шахслар фаолият кўрсатган.
Қўшин бошқарувида нақиб бош қўмондон ҳисобланган. Ясовул- бошидан кейин мингбоши мансаби турган. Мингбоши шамхолчи, яъни, мерган ўқчилар дастасига бошчилик қилган. Юзбоши ҳам ўқчилар бошлиғи ҳисобланади. Юзбошилар қўл остидаги сипоҳи (қуролланган ҳарбий)лар, сарҳанглар (ҳарбий истеҳком қурувчилар) ва қутволлар қазув ва гражданлик қурилиш ишларига ҳам жалб этиб турилганлар.
Мамлакатда ҳуқуқ-тартибот ишлари ясовуллик, миршаблик, пошшоблик, доруғалик, калонтарлик, тунқотарлик хизматлари ва қозихоналар зиммасида бўлиб, эшикоғалари, оқсоқоллар, мироблар, ўнбоши ва юзбоши, навкарлар, доруғалар, кадхудо, калонтарлар томонидан амалга оширилган.
Бутун хонлик миқёсида жойларда асосан шаҳарларда миршаблар хавфсизлик, жамоат тартиби ва интизомни сақлаш фаолият билан шуғулланган. Шунингдек, шариат нормаларининг бузилишини олдини олиш, қамоқ жойи, яъни зиндонда ҳукм қилинганларни сақлаш ва қўриқлаш ишларини ҳам амалга оширганлар. Улар юзбоши ва ясовулбошига бўйсунган.
Хонлик маъмурий-ҳудудий жиҳатдан вилоятларга тақсимланган ва ҳокимлар томонидан бошқарилган. Қуйи бошқарув оқсоқоллар томонидан юритилган. Кўчманчи ўзбек қабилалари бошлиқлари, яъни олий мансабдор шахслари «иноқ» (жами 4 та ) деб аталган. Қорақалпоқ аҳолиси ва туркман халқларида олий мансабдор шахслар «бий» деб юритилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |