2-МАВЗУ
МУВАФФАҚИЯТЛИ ЮРИСТ КАРЬЕРАСИНИ
РЕЖАЛАШТИРИШ УСУЛЛАРИ
Мавзунинг асосий масалалари
1. Мақсадни тўғри шакллантиришнинг зарурий талаблари.
2. Юрист карьерасини режалаштиришда “SMART” технологиясининг қўлланилиши.
3. Мақсадни шакллантиришда “SMARTER” технологияси талаблари.
4. Мақсадга эришишда 100 фоиз қоидаси. Кундалик кичик мақсадларни амалга оширишда “Уч Ҳарвард” саволи техникаси.
Зарурий адабиётлар:
Mualliflar jamoasi. Shaxsiy rivojlanish. Darslik. –Т.: ТДЮУ, 2019. 24-38 b.
Kiser R. (2017). Soft Skills for the Effective Lawyers. Cambridge University Press, UK. 23-41 р.
Саблин М. Карьера юриста. Учебное пособие. –М.: Проспект, 2017. 266-290 с.
1. Мақсадни тўғри шакллантиришнинг зарурий талаблари.
Ҳуқуқшунос профессионал фаолияти давомида ҳам касбий, ҳам шахсий нуқтаи назардан ўз олдига муайян мақсадларни қўяди ва уларга эришиш учун бир қанча саъй-ҳаракат, чора-тадбир ва амалларни бажаришига тўғри келади. Аммо ҳуқуқшуносда шахсий хислатлар ва қатьият бўлмаса, у режалаштирган мақсадларига эришишда муваффақиятсизликка учраши ёки олдинга интилишга жазм қила олмай қолиши мумкин.
Бунда, юзаки қараганда ўхшаш, бироқ моҳиятан бир-биридан жиддий фарқланувчи икки тушунчани ажратиб олиш даркор. Булар мақсад ва орзу тушунчаларидир. Мақсад ва орзунинг фарқли жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади:
Аниқлилик даражаси.
Режага асосланганлиги.
Шахснинг қобилияти ва имкониятлари даражасига мувофик келиши.
Аниқ саъй-ҳаракатлар ва чора-тадбирларнинг амалга оширилиши.
Эришиш имкониятининг мавжудлиги.
Ўлчовга ёки миқдорга эгалиги.
Вақт бирлиги асосида жадваллаштирилгани.
Оқилоналик даражаси.
Инсон олдига қўйган мақсадга эришиш учун, аввало, қуйидагиларга эътибор қаратиши зарур.
Шундай орзу-умидлар бўладики, уларга эришиш имкони мавжуд эмас. Рок-юлдузга айланиш, бир ойда дунёнинг барча мамлакатларини кезиб чиқиш ёки бошқа шунга ўхшаш орзулар. Буларнинг барини ҳақиқий ҳаётда бошдан кечиришдан кўра тасаввур этиш анча ёқимли. Бундан ташқари, бир неча ойда дунёнинг энг бой инсонига айланиш, энг мукаммал, комил шахс сифатида бир неча дақиқада тан олиниш кабиларни мақсад деб номлаш нотўғри ҳисобланади.
Ҳуқуқшунослик соҳасида етук мутахассис бўлиш ва “Superman” бўлиш орзусини бир ўйлаб кўринг, қай бирини амалга ошириш имконияти юқори бўлиши мумкин?
Баъзида эса истаклар аслида сизники бўлмайди. Масалан, отангиз сиз билан фахрланиши учун муваффақиятли адвокат бўлишингизни истайди. Лекин уни ўзингиз чин дилдан хоҳламасангиз, бирор нарсага эришиш жуда қийин кечади.
Кўпинча мақсадга эришиш сиз кутган қониқишни таъминламайди. У амалга ошгач, сиз орзу қилган даражадаги хурсандчиликни ҳис этмайсиз. Чунки биз бахт миқдори ва давомийлиги бўйича тасаввурларни бўрттиришга мойилмиз. Шу туфайли ҳам, ўз мақсадингиз сари курашга киришишдан аввал бу ҳақда чуқур ўйлаб олиш шарт. Акс ҳолда, бир неча йилларни ва ҳатто ҳаётнинг ярмини бесамар ўтказиш ҳеч гап эмас.
Қуйидагиларни эса мақсадларга эришишнинг энг асосий талаблари сифатида санаб ўтиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |