Коммуникация роллари. Жамоада коммуникацияларга оид яна бир ёндошувда асосий эътибор, маълумот узатиш жараёнида бажариладиган ролга қаратилган бўлиб, бу таълимотга биноан ташкилотдаги маълумот узатиш а) “қоровул”, б) “ғоявий етакчи”, в) “алоқачи” ва г) “чегарачи” каби касблар билан қиёсланади.1
Ушбу ролларнинг ҳар бири, у ёки бу ташкилотга хос коммуникацияни ифодалайди. Масалан, “қоровул” шаклидаги тармоқли ташкилотда маълумотнинг ҳаракати бир ходим томонидан кузатилиб, ва ҳатто, бошқарилиб туради. Бундай ролни одатда котиба, телефон станцияси оператори, диспетчерлар бажаради.
“Ғоявий етакчи” ролини ижро этувчи шахс ўз фикр ва эътиқоди билан жамоанинг бошқа аъзоларига таъсирини ўтказади. Кўпинча бу хил таъсир норасмий бўлиб, расмий ташкилот томонидан қўллаб-кувватланмайди. Гуруҳ ҳам ўз навбатида, ушбу шахс фикрига қулоқ тутишни маъқул кўради ва у ўз қарашини бу норасмий лидерга мувофиқлаштириб боради.
“Алоқачи” шаклидаги тармоқда бирор-бир шахс икки гуруҳ ўртасида воситачилик ролини бажаради. Ҳақиқий алоқачи ролини бажараётган шахс ҳеч қайси гуруҳга ўзини киритмайди ҳамда бу ролни амалга ошириш расмий ва норасмий муносабатлар тизимида кузатилади.
“Чегарачи” шаклидаги тармоқда алоқа тизимидаги ҳар бир ходим барча маълумотларга максимал даражада алоқадор бўлади, марказ ва чекка қисмлар ўртасида жуда кучли маълумот алмашуви йўлга қўйилади.
Демак, раҳбар, юзага келаётган вазиятга қараб, у ёки бу маълумот алмашуви тармоғини ривожлантириши ва иложи борича “чегарачи” шаклидан фойдаланишга интилиши лозим. Аммо, у ёки бу тармоқ шаклини қўллаш ходимлар савиясига, гуруҳнинг ечиши лозим бўлган вазифага ва албатта, мавжуд вазиятга қараб танлангани маъқул.
11 – MAVZU: XODIMLAR TIPOLOGIYASI
11.1. Ходимларнинг хусусиятларини хисобга олиш зарурати.
Ташкилот ходимлар мажмуасидан иборатдир. Жамоадаги ҳар бир ходим ўз интилиш ва мақсадларига эга. Ташкилотни, жамоани бошқариш, авваламбор, унинг таркибий қисми бўлмиш ходимларнинг хусусиятини инобатга олишни талаб қилади. Шахсининг ўзига хослиги эса кўп омиллар таъмирида шаклланади. Бу омиллар қаторида ёшлик даври, оила муҳити ва хатто ирсий белгилар хам ўз ўрнини топган. Ташкилот миқёсида турли характерли ходимлар ягона мақсад сари уюшадилар ва раҳбарнинг асосий вазифаси шу турли-туманликни ягона йўлда бирлаштиришдир.
Шахснинг самарали фаолиятига оид методологик тамойиллардан бири субъектнинг ташқи муҳит билан мувофиқлашган муносабатини ташкил этиш заруратини таъкидлайди. Бу фикрни бошқарув фаолиятига татбиқ этсак, раҳбарнинг объективлиги, унинг ўз мақсадига эришишида муҳит омилларини максимал даражада ҳисобга олиши устувор масала деб қаралади.
Объективлик эса – хулқнинг ташқи муҳит талабларига мос равишда бошқарилишидир. Раҳбар объективлик тамойилига асосланар экан, ўз мақсадини, мавжуд интилишини ташқи муҳит шароитлари билан мувофиқлаштириб боради. Бу жараёнда мақсад ўзгармайди, лекин услуб муҳит талабларидан келиб чиққан ҳолда танланади. Ташкилот доирасидаги ташқи муҳит объектларидан асосийси ходимлар бўлиб, раҳбар ўз бошқарув фаолиятида уларга хос бўлган индивидуал хусусиятларни ҳисобга олиши лозим. Бу жабҳадаги имкониятлардан бири эса шахс типологиясига оид маълумотларда ўз аксини топади. Шахс типологияси деганда, турли индивидуал психологик хусусиятлари бўйича инсоннинг бирон тоифага мансублиги тушунилади. Бошқарув психологияси фани юзасидан ходимлар типологияси қатор мезонлар бўйича амалга оширилиши мумкин. Қуйида мана шу типологиялардан бир нечтасини келтириб ўтамиз ва баён этилувчи тавсифлар асосида шу тоифага мансуб ходимлар билан муносабат қуриш хусусиятлари ҳақида тўхталамиз. Шулардан бири темперамент типларига оид классификациядир.
Do'stlaringiz bilan baham: |