А.Маслоунинг мотивация назарияси. А.Маслоунинг мотивлар иерархияси ҳақидаги таълимотига биноан, инсондаги долзарб эҳтиёж тааллуқли мотивда ўз аксини топади ва шунга мувофиқ ҳаракатни келтириб чиқаради. Бу таълимот бўйича, инсонда мавжуд ҳамма эҳтиёжлар ва шунга мос мотивлар беш асосий гуруҳга киритилиши мумкин:
Физиологик эҳтиёжлар;
Хавфсизликка бўлган эҳтиёжлар;
Ижтимоий эҳтиёжлар;
Тан олиниш эҳтиёжлари;
Ўз-ўзини такомиллаштириш.
А . Маслоу бўйича ушбу гуруҳ эҳтиёжлар қуйидаги кўринишга эга бўлиши мумкин:
Ўз-ўзини такомиллаштириш
Тан олиниш эхтиёжи
Ижтимоий эхтиёжлар
Хавфсизликка бўлган эхтиёж
Физиологик эхтиёжлар
1. Физиологик эҳтиёжларга инсон организмининг биологик бутунлигини таъминловчи зарурият мужассамлашган: овқатланиш, дам олиш, уй-жой, жинсий эҳтиёжлар ва ҳоказолар. Ушбу санаб ўтилган эҳтиёжларни қондиришнинг асосий шартларидан бири етарли миқдордаги пулга эга бўлишдир. Шундай қилиб, моддий бойликлар, маош, ижтимоий имкониятлар – асосий физиологик эҳтиёжларни қондириш усулидир.
2. Хавфсизликка бўлган эҳтиёж – ҳаётни, саломатликни сақлаш, эртанги кунга ишонч, нафақа билан таъминланишга ишониш ва х.к.
3. Ижтимоий якдилликка бўлган эҳтиёж. Инсоннинг бирон жамоа орқали қабул қилиниши, унинг тан олиниши, унга нисбатан ўзгаларнинг диққат-эътибори ва меҳр-муҳаббатнинг мавжудлиги.
4. Ҳурмат ва обрў-эътиборга эҳтиёж. Кимлигини тан олиниши ва ташкилотга кераклигини, атрофдагиларда ўзига нисбатан ҳурматни ҳис этиш, юксак мавқега эга бўлиш
5. Ўз-ўзини такомиллаштириш эҳтиёжи. ўз қобилиятини янада намоён қилиш, уларни ривожлантириш, ижодий фаолиятда бўлиш, ўз ҳаёти мазмунини англаб етишга интилиш.
А.Маслоу фикрича, юқори поғонадаги мотивлар 1 ва 2 поғонадага эҳтиёжлар етарли равишда қондирилгандан сўнггина ўз фаоллигини намоён этади. Раҳбар ўз итотидаги ходимга хос долзарб эҳтиёжни билган тақдирдагина унга мос муносабат турини қўллаш имкониятига эга бўлади. Демак, қондирилмаган эҳтиёж фаолиятга туртки бўлади ва долзарб эҳтиёж эса фаолиятни бошқарувчи асосий заҳирадир. «Одамларга пул керак бўлса ҳам, лекин улар бажараётган ишларидан қониқишни ва бу билан фахрланишни хоҳлайдилар».
Юқоридаги мотивлар иерархияси ҳақидаги А. Маслоу таълимоти ташкилот ходимлари хулқини тушунишга, уларни мақсадли йўналишда бошқариш учун зарур шароитларни яратишда анча қўл келади. Тан олиниш эҳтиёжини ташкилот миқёсида қондириш ходимни ташкилот ҳаётига, бошқарув қарорларига жалб этиш орқали амалга оширилиши мумкин. Айнан шу эҳтиёж инсонни ўз касбининг моҳир устаси бўлишга ундайди, уни етук мутахассис сифатида бошқалар тан олиши учун етакчи омил бўлади.
Маслоу фикрича ўз-ўзини такомиллашитирш эҳтиёжи айрим кимсаларгагина тегишли, чунки кўпчилик одамлар бирламчи ва қуйи эҳтиёжларни қондириш ғамида бўладилар.
Қуйида баён этилувчи Д. Маккеланд таълимоти эса юқоридаги А.Маслоу назарияси билан қисман ҳамоҳанг ва бу таълимот мазмуни кўпроқ раҳбарларга оид хулқни тушунишга имкон беради. Д.Маккеланд таълимотига биноан у ёки бу раҳбар ўз бошқарув фаолиятини қуйидаги эҳтиёжлардан биронтаси доирасида амалга ошириши мумкин: 1) муваффақиятга эришиш эҳтиёжи – рақобатдош доирада ғалаба қозониш; 2) ҳиссий боғлиқликни ифодаловчи эҳтиёжлар – ўзгалар билан илиқ-иссиқ, дўстона муносабатларнинг мавжудлиги; 3) ҳокимлик эҳтиёжи – ўзгаларни назорат қилиш ва уларга таъсир этишга бўлган хоҳиш. қандай эҳтиёж долзарб бўлишига қараб турли раҳбарлар фарқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |