Темперамент типлари. Гиппократ давридан яратилган тўрт темперамент типлари буюк рус физиологи И.П. Павлов тадқиқотлари орқали ўз илмий асосига эга бўлди. Темперамент бош миядаги қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг ўзаро муносабатидан келиб чиқувчи хусусият сифатида тушунилар экан, барча тадқиқотчилар унинг туғма эканлигини ва инсоннинг кўпгина фаолият турлари натижаларига таъсир этувчи омил сифатида иштирок этишини эътироф этишади. Анъанавий ёндошувга асосан қуйидаги темперамент типлари мавжуд: холерик, сангвиник, флегматик ва меланхолик.
Ходимнинг у ёки бу темпераментга мансублигини билиш, унинг бирон вазифани нега айнан шу тарзда бажараётганлигини тушунишга ёрдам беради, кези келганда айнан унга мос вазифаларни юклаш имконини беради. Ҳар бир темперамент типига қисқача тасниф қуйидагича ифодаланиши мумкин:
Холерик – нерв системасидаги кўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари кучли, бу икки жараён бирон нерв маркази доирасида тез ўрин алмашади ва шу боис бу типга мансуб кимса бирон фаолиятга тез киришиб, тезда совиб кетиши мумкин. Янгиликларга эҳтироси баланд, ғайратли ва ўта ҳаракатчан, бир маромдаги фаолиятни, монотон тарздаги ишларни ёқтирмайди, доимо янгиликка интилувчан. Янги муҳит ва жамоада ўзини яхши ҳис қилади ва ўзгарувчан шароитларга тез мослашади. Бундай кимсаларга янги ўзлаштирилаётган фаолият турларини вазифа тариқасида бериш ўринли, узоқ вақт давомида маълум тартиб талаб қилувчи ишга мослашишлари учун кучли ички зўриқишга борадилар.
Сангвиник – қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари кучли, лекин мувозанатлашган. Бундай кимса ўзини қўлда ушлай олади, интизомли ва холерик каби шошқалоқ эмас, бирон ишга кучини тўғри тақсимлайди, янги фаолият турини тез ўрганади, низоли вазиятда келишувга бора олади, келажакка ишонч билан қарайди. Таваккалликка мойил, тезда натижага эришишга ҳаракат қилади, пухта ўйлаб ва тез қарор қабул қилади, кўтаринки ва турғун кайфият эгаси.
Флегматик – ҳаракатлари секин, шошилмас ва сабр-тоқатли, танҳоликни яхши кўради, мулоқот доирасини кенгайтиришни ҳоҳламайди, дўстларига содиқ ва уларни кўпайтириш нияти ҳам йўқ, ўрганиб қолган шароитида яхши фаолият юритади ва ўзгарувчан муҳитга мослашиши қийин, шовқинни ёқтирмайди, бир жойда ўтириб бажариладиган ишни маъқул кўради. Янги одамлар билан мулоқотга киришиши қийин, лекин ўрнатилган, алоқаларни сақлашга интилади. Саранжом сариштали, тартибни ёқтиради, интизомли, бошлаган ишини охирига етказишга ҳаракат қилади, ташкилотдаги анъаналарга содиқ. Қуйидаги ярим ҳазил ўхшатиш қарама-қарши темперамент типлари тавсифини тушунишни енгиллаштиради: “… одатда урушни холерик ва сангвиниклар олиб борадилар, флегматиклар эса вайроналарни тиклайдилар”.
Меланхолик – нозик дидли, ҳиссиётга ўта берилган, уч ички дунёсига ва кечинмаларига эътиборли. Бундай кимсалар орасида санъатга қобилиятлилар кўп учрайди. Улардан ажойиб рассомлар, ёзувчи ва шоирлар етишиб чиқади. Мураккаб ва низоли вазиятларда ҳаракати суст, тезкор вазифаларни ҳал этишда асабийлашади ва тез толиқади.
Юқорида санаб ўтилган темеперамнт типлари туғма бўлиб, уларни ўзгартириб бўлмайди. Лекин, инсон ўз-ўзини тарбиялаши давомида бирон темпераментга хос хислатларни ўзида шакллантириши мумкин.
Табиатда соф темперамент типини учратиш қийин ва одатда, ҳар қандай кимсада бирон етакчи темперамент типига қўшимча равишда турли типларга хос белгиларни кузатиш мумкин. Бундай «чатишма» инсоннинг ўз устида ишлаши, ўзи учун ўта муҳим кўринган хислатни мустақил тарзда ривожлантириши учун имконият яратади. Ушбу сатрларни ёза туриб беихтиёр бир ҳодиса эсга тушади. Устоз-психологлардан бири «… мен ҳаётда иложи борича сангвиникдай бўлишга интиламан, барча хатти-ҳаракатимни бу темперамент типига мувофиқлаштириб яшайман», деб таъкидларди. Ҳақиқатан, унинг иш услуби ва одамлар орасидаги ҳаракати кўп йиллик ўз-ўзини тарбиялаш қанчалик муваффақиятли натижага олиб келганининг яққол далили эди. Аммо, шундай вазиятлар бўлардики, устоз уйда танҳо қолишни, ўтмишдаги расмларни томоша қилишни, яъни асл меланхоликликка қайтишни «соғиниб» қоларди. Гарчи ижодда, инсоний муносабатларда ва меҳнат фаолиятида у сангвиникдай тез ва шижоатли бўлсада, лекин унинг асл темпераменти серқатнов кўчани кесиб ўтаётгандаги ишончсизликда ва қалтис вазиятлардаги иккиланишда яққол кўзга ташланарди.
Шахс темпераменти типологиясини билиш меҳнат жараёнини оқилона тарзда ташкил этиш, мавжуд вазифаларни ходимлар имконияти ва хусусиятига биноан тақсимлаш, жамодаги соғлом муҳитни сақлаш имконини яратади. Масалан, мулоҳаза асосида иш юритишга сангвиник ва флегматик типлари табиатан мойиллар. Холерик ёки меланхолик темпераментига мансуб кимса эса ўз ҳиссий мувозанатини ички зўриқиш ҳисобига таъминлаб туриши лозим. Шахснинг ўз темпераменти типини билиши унга хос хусусиятларни чуқурроқ англашига ва ўз-ўзини янада самарали бошқариш имконини беради, қалтис вазиятларда ўринсиз хатти-ҳаракатлардан ўзини четга олишини ва ички назоратни таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |