6.2. Гуруҳий нормалар ва команда бошқаруви.
Команда бошқаруви деганда айни пайтда команда ўз вазифасини бажаришида гуруҳ аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатларда қандай қоида ва нормаларга таяниши назарда тутилади.
Ҳар қандай командада гуруҳий жараёнларни тўғри ташкил этишга асос бўлувчи ва ходимлар ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятига кўмак берувчи нормалар бўлиши лозим.
Команда шароитида ишлаётган жамоалар янада шаклланиб боришининг асосий шарти, гуруҳ аъзоларининг ўз меҳнатидан қониқишидир. Агар жамоа ўз вазифасини миқдор ва сифат жиҳатидан бажарса, гуруҳ аъзолари ўртасида ҳурмат ва шахсий эҳтиёжларни қондириш назарда тутилса, гуруҳ команда сифатида самарали ишлаяпти, дейиш мумкин. Бироқ, агар жамоа ўз вазифасини бажаролмаса ёки суст бажарса, ходимлар иноқ бўлишмаса ва салбий ҳиссиёт устунлик қилса, гуруҳ команда сифатида самарасиз ишлаяпти, дейилади.
Америкалик руҳшунос Р. Лейкарт ўз тадқиқотлари асосида самарали фаолият кўрсатувчи командага хос 24 тавсифни белгилаб ўтади.1 Бу кўрсаткичларда илғор жамоа фаолияти, гуруҳ ичидаги динамик жараёнлар қайд этилади. Демак, самарали команда бу:
Гуруҳ аъзолари барча турдаги рол ва функцияларни бажара олиш кўникмасига эга. Гуруҳдаги зарур муносабатларни шакллантириш учун ҳар бир ходим ҳам, раҳбар ҳам ижрочи сифатида иштирок этиши мумкин.
Гуруҳ узоқ вақт давомида фаолият кўрсатади ва бу вақт мобайнида жамоа аъзолари ўртасида сокин ва ишчан муносабатлар шаклланади.
Гуруҳ муҳити, унинг аъзолари учун ёқимли, ҳар бир аъзо ўзаро ижобий муносабатда бўлади
Гуруҳ аъзолари жамоа ҳаётини сир сақлашади ва юксак ўзаро ишончда бўладилар.
Мавжуд қадрият ва мақсад, гуруҳ аҳиллигини таъминлайди. Гуруҳ аъзолари ушбу қадриятларни янада такомиллаштириб, ривожлантириб борадилар.
Ходимлар ўзаро боғлиқ функцияларни бажарганликлари учун қадрият ва мақсадлар ўзаро уйғунлашади.
Гуруҳ учун муҳим қадриятни, унинг аъзолари қабул қилишга мойил бўлади.
Гуруҳ аъзолари, гуруҳ қадриятларини ардоқлайди ва уни амалга оширишга интилади. Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси, жамоа асосий мақсадига эришиши учун бор куч ва ғайратини сарфлайди ва бошқалардан ҳам айнан шундай муносабатни кутади.
Ҳар қандай ўзаро муносабатлар, қарор қабул қилиш, муаммоларни ҳал этиш хайрихоҳлик муҳитида ўтади. Масала юзасидан фикрлар, баҳо ва танқид кўмак мақсадида берилади. Ўзаро ёрдамлашиш чоғида муайян ҳурмат муҳити яралади.
Раҳбар гуруҳдаги муҳитни амалдаги тамойиллар асосида идрок этади. Шунинг учун ҳам юксак шаклланган командаларда рақобат эмас, балки ҳамкорлик кайфияти ҳукм суради.
Гуруҳ ўзининг ҳар бир аъзосига, қобилият ва имкониятларини ривожлантиришига ёрдам кўрсатади.
Ҳар бир гуруҳ аъзоси гуруҳ мақсадларини ихтиёрий равишда ва очиқ ҳолда қабул қилади, жамоа унга мақбул шарт-шароитлар яратиб беришига умид қилади.
Гуруҳ раҳбари ва унинг аъзолари ишонадики, ҳар бир ходим ўз мақсадига эриша олади. Бундай кайфиятда ходимнинг ички куч ва имкониятлари мақсад сари йўналади.
Кези келганда гуруҳ аъзолари, ҳамкасбига манфаати йўлида ёрдам кўрсатади. Ўзаро ёрдам, юксак даражада шаклланган команда кўрсаткичидир.
Юксак даражадаги команда, гуруҳда ижодий муҳит яратади.
Гуруҳ конструктив тарзда итоат этиш қоидасини қабул қилади, ундан қачон ва қандай мақсадда фойдаланишни билади.
Гуруҳ аъзолари ўзаро самимий ва очиқ тарзда маълумот алмашишга қодир бўлиб, жамоа қадриятига тегишли маълумотлар билан бажонидил ўртоқлашадилар.
Гуруҳ ўз мақсадига эришиш йўлида коммуникация тизимидан тўла-тўкис фойдаланади.
Гуруҳдаги ҳар бир ходим, муаммога тааллуқли ҳар қандай маълумотга қизиқиб қарайди.
Юксак самарадорлик кўрсаткичига эга гуруҳда аъзоларнинг ўзаро таъсир мотивацияси ҳам кучли бўлади.
Юксак самарали командадаги гуруҳий жараён, раҳбарга ҳам кучли таъсир ўтказади.
Гуруҳ аъзолари бир-бирларининг фаолиятига, таъсир қилиш қобилиятига эга бўлгани учун гуруҳ, ҳар қандай шароитга тез мослашади.
Юксак самарали жамоаларда қарор қабул қилинар экан, ходимлар содир бўладиган янги вазиятга ишонч билан қарайдилар ва ўзларини хавфсиз ҳис этадилар. Чунки, ҳар бир ходим жамоа тамойили ва мақсадининг аниқлиги туфайли ўз манфаатини ҳам ҳимояланган, деб ҳис этади.
Юксак самарали жамоада сайлаш ва сайланиш тамойиллари амал қилади.
Команда табиатини таърифлашда психологик хусусиятларга эътибор бериш, намунали жамоалар шаклланишидаги тадбирларни амалга ошириш учун жуда муҳимдир. Командага хос бундай гуруҳий психологик хусусиятлар, жамоа нормалари, деб қабул қилиниши мумкин ва уларга қуйидагилар киради:1
Ғоя ва ҳиссиётнинг самимийлиги.
Очиқ-ойдинлик.
Тажрибага суяниш.
Ўзгалар фикр ва ҳиссиётининг самимийлигига кўмаклашиш.
Ўзгаларнинг очиқ ва самимий бўлишига ёрдамлашиш.
Ўзгаларнинг тажриба ва синовларига ёрдам бериш.
Ўзига хос, индивидуал хусусиятни намоён эта олиш.
Муҳокама ва мулоҳаза.
Гуруҳ манфаатига қизиқиш билан қараш.
Ички масъулият.
Ушбу нормаларнинг жамоа ҳаётида устуворлиги учун ходимлар психологик жиҳатдан етук, теран ва руҳий соғлом бўлишлари лозим. Бундай кўрсаткичларга эга муҳитни шакллантириш орқали ҳамжиҳатликка суянган команда яралиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |