В. Ҳалима Худойбердиева поэтикасида аёл ва истеъдод масаласи
Ўтган асрда жамиятнинг кўпгина жиҳатларида ўзгаришлар юз берди: айниқса, ижтимоий, ҳуқуқий, этник, маданий, адабий карашлардаги ўзгаришлар эркак ва аёл орасидаги янги ҳақиқатнинг шаклланишига сабаб бўлди, десак янглишмаймиз. Анъанавий қарашларга кўра, эркак кишининг фазилатлари ва туйғулари чинакам инсонга хос биринчи даражали хислатлар, дея саналган ва қадрланган, аёлларники эса иккинчи даражали ҳисобланган, шунингдек, улар ҳамиша эркакларга тобе мавжудот сифатида таърифланган. Бироқ ўтган асрда аёлларнинг овозлари етарлича баланд жаранглай бошлади ва жамоат мавзулари, турфа хил фалсафий муаммолар, ёлғизлик, борлиқ принциплари, ҳаёт моҳияти, шоир миссияси ва бошқа муаммоларга бориб тақаладиган бўлди. Хилма-хил муаммолардан сўзлаб, ниҳоят аёллар ўз адабиёти ҳақида чуқурроқ фикр юритишга уларни мажбур қилди.
Бундай уринишлар замонавий ўзбек аёллар шеъриятида кўзга ташланди ва шиддати сезила бошланди. Ўша шиддатни Ҳалима Худойбердиева ўзининг дадил шеърияти ила ўзбек адабиётига олиб кирганини кўпгина ёзувчи ва шоирлар эътироф қилади.
“...Ҳалима опа элнинг дардли-ю суюкли шоираси. Ҳалима Худойбердиева ҳақида яна нима дейиш мумкин? Унинг китоблари шеърлардан эмас, аслида ана шундай саболардан тузилган. Муқовасини очдингиз, тамом – саҳифалари ҳилпирай бошлайди, сатрлар эпкини эса юзга урилади, ундан кўнгилга ўтади ва юрак ҳам бир япроқ сингари титроққа тушади”, деб ёзади шоир Сирожиддинн Саййид Ҳ.Худойбердиеванинг китоблари ҳақида ўзига хос шеърияти борасида фикр билдираркан[70: 536]. Бунда С.Саййид унинг шеъриятини шамолга қиёслагани, адабиётга, шеъриятга жасоратли аёллар қадам ташлайди, деганлари билан ёзган фикрлари орасидаги “шоира” деган мурожаат муаллифнинг адабиётшунос сифатида берган фикрларига у қадар уйғун тушмайди, чунки унинг айни шу мақоласида шеърият ҳақидаги қуйидаги фикрлари фикрларимизни далиллайди “Шеърият – ноз-карашмани суймайди. Бу даргоҳда пардоз-андозлар бефойда. Бунга қалб кўзгуси ила келадилар, сиёҳни дил қонидан оладилар”, деган фикр орқали шеърият жасорат ва қурбонликни талаб қилишини билдирилган. Бу одатий аёлларга хос иш эмас, деган фикр англашилади. Шу билан бирга адабиётда аёлларнинг шеъриятдаги ютуқлари аёл ижодий қудратдан маҳрум ва уни ўзида мужассам эта олмайди, деган стереотипларнинг асоссиз эканлигини кўрсатади, ҳатто уларнинг уринишлари жасоратли қадам сифатида баҳоланяпти. Уларнинг шеърияти, ҳатто руҳий эҳтиёжга айланганини таъкидлашни бошлашди: “Ҳалима Худойбердиеванинг шеърларини ўқиб, “ранглар аро” оқ рангнинг тантанасидан, дунёнинг юзлари ёришиб бораётганидан кўнгил ҳам ёришади. Ахир “оппоқ ранглар керак одамизодга”, деб ёзади С.Саййид Ҳ.Худойбердиеванинг “Онагинам” шеърини таърифлар экан. Айтиш жоизки, Ҳалима Худойбердиева ўзининг шоирона эркинлиги ва дадил уринишлари билан дарҳол кўзга ташланган. Шоир ўз хотираларида бир воқеани ёзиб қолдирган ва бу унинг истеъдоди ёшлик чоғларидан не қадар кўзга ташланганини билиш қийин эмас. «Шароф Рашидов шеърларимни ўқигач, ўша вақтдаги вилоят ҳокими Носир Махмудовични чақириб, «шу қизчага эътибор бериш керак, у ўқишга бориши керак, ота-онаси билан гаплашинглар», деган эканлар. Шундан кейин уйимизга вилоят ҳокими Носир Махмудович борганлари ва отам билан гаплашганлари эсимда бор. Ва шу билан мен ўқишга келганман Тошкентга, бўлмаса у пайтлар қизларни ўқишга юборишмасди биз томонларда” [71]. Шоирнинг сўзларидан ҳам англаш мумкинки, унинг даврида кўзга ташланиш, ўзининг қобилиятини намоён қилиш, ҳатто пойтахтга таҳсил олиш қиз бола учун ниҳоятда ақлга сиғмайдиган иш бўлган. Қанча тўсиқлар ва қанча қийинчиликларни енгиш керак бўлган бунинг учун, Ҳалима Худойбердиевадек Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида туғилган оддий қишлоқ қизи учун ўз замонасининг шоири, шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири бўлиб етишиш тошни ёриб чиққан гул мисоли адабиётда, қолаверса, аёллар шеъриятида фавқулодда бир ҳодисалардан бири бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Истеъдод ва қисматнинг илоҳийлиги мана шундай ҳодисаларда билинади. Ўзбек ёзувчиси Тўхтасин Жалолов Ҳалима Худойбердиеванинг шеърияти хусусида: “Ўзбек аёл шеъриятида кутилмаган ҳодиса, унгача бу санъат кошонасида қандайдир сукунат осудалик ҳукм суриб мудроқ босарди. Ҳалима бу даргоҳга бўрон бўлиб, сурон бўлиб кириб келди-да, тўлиқиб, ошиқиб, тошиқиб, баланд пардаларда қўшиқ бошлади”, дейди [72]. Энг ҳайратланарлиси, Т. Жалилов Ҳалима Худойбердиеванинг истеъдоди борасида сўзлар экан, бирор жойда шоира, деб тўхталмайди. Уни бўрон ва сурон, деб атайди, шиддатини кўкларга кўтаради, бунда адабиётшунос сифатида муаллиф истеъдодни адабий ўлчовларга таяниб баҳолаган, ҳатто фикрининг бошида “Ўзбек аёл шеърияти”ни ишлатгани, ҳатто бироз ҳайратга солди, чунки бу термин яқин-яқинлардан бери кенг қўлланилмоқда, эҳтимол, муаллиф бунда “шоира” деган мурожаатдан қочишни кўзлаган бўлса ажабмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |