Юқоридаги бўлимда келтирилган тарихий воқеаларга тарихий жиҳатдан назар ташлайдиган бўлсак, Муҳаммадалихон 1841 йил кофир деб эълон қилинган. Амир Насрулло ўшандан кейин Қўқонга биринчи бор бостириб келган, лекин ўша пайтда негадир у хонни жазоламай кетган, орадан олти ойдан ўтгач, Қўқонга қайтади ва ўша машъум оммавий қирғинни уюштиради. Бу сафар Насруллохон Қўқонга бир эмас, бир неча мақсад билан келган, деган тахминларни уйғотади. Унинг мақсадларига эса ғов бўладиган ягона душман бу – Нодирабегим эди. Аёл кишининг халқнинг бу қадар иззатига эришганини қабул қилолмасди. Тарихда Амир Насруллохон 1842 йили Қўқон хонлигига қарши иккинчи марта юриш қилади. Насруллонинг Қўқонга бостириб келаётган ҳақидаги хабарини эшитиб, Тошкентдан аскарлари билан етиб келган Султон Маҳмудхонга урушнинг охирги соатларида Қўқон хонлиги топширилди. Аммо вақт қўлдан бой берилганди. Амирнинг аскарлари Қўқонга бостириб кириб, қисқа, бироқ даҳшатли жанглардан кейин шаҳарни тор-мор қилиб, халқнинг мол-мулкини талайди, кўзга кўринган, жангда фаол қатнашган кишиларни қатл эттиради. “Тарихи жаҳоннамо асарида ёзилишича, ака-ука Муҳаммадалихон ва Султон Маҳмудхонлар Андижон тарафга қочишган, лекин улар Ўзган қалъасига келганда, Маҳмудхўжа Абдували деган одам ҳийла билан уларни амир Насруллога тутиб берган шу тариқа ака-ука Муҳаммадалихон ва Султон Маҳмудхонлар заррин иморатда азон пайтида қатл қилинишади.
Табиийки, Нодира бундай ваҳшийлик, ёвузликка чидолмайди кўзида ёш, дилида ўтли нафрат билан амирнинг олдига боради, унинг қотиллиги натижасида юзлаб бегуноҳ халқнинг қони дарё бўлиб оқаётгани, фарзандларининг ваҳшийларча ўлдирилганидан фарёд кўтаради, унга лаънатлар ўқийди. Амир қаршисида халқи ва ҳокимиятини ҳимоя қилиш, фарзандларининг ўчини олиш учун ҳар қандай жазодан ҳайиқмайдиган жасур, кучли, иродали аёл турарди.
Бу мудҳиш воқеа ҳақида Ҳакимхон тўра қуйидагиларни ёзади: «Моҳлар ойим, Муҳаммадаминхон онаси Ойбибишхоним ва канизаклар ҳаммаси қора кийимни бошига солиб, ёқасини йиртиб йиғлади. Моҳлар ойим ҳаётдан умидини узгандан кейин Амир Насруллони ҳақоратлади. Уни, икки хотин билан хор-зор қилиб, жабру ситам билан ўлдирди».
«Тарихи жаҳоннамо»да келтирилган маълумотларга кўра, “Шундай нозанин Моҳлар ойим, Хушҳолбиби ва Муҳаммадаминнинг онаси Норбибиш молхонага киргизиб ўлдирилади, сўнг ерга кўмиб ташландилар. Кейин Шерали буларнинг жасадини олиб, иззат ва ҳурмат билан «Даҳмаи шаҳон»га кўмган экан» [42, 245].
Тўнғич ўғли қатл этилаётган пайтда Насруллохон Нодирабегимнинг аввал руҳан азобланиб, заифаларча фарёд чекишини кутади. Бироқ Мутриб таъбирича, “мардлик ва олижаноблик бобида юз эрдин яхшироқ” бўлган. Нодирабегим беҳад азоб чекаётганига қарамасдан фарёд солмайди. Буни кўрган амир шоиранинг иккинчи ўғлини ҳам ўлимга ҳукм қилади. Мутрибнинг “Шоҳномаи девона Мутриб” асарида келтирилишича, ёш ва умидли шаҳзода Султонмаҳмудхон жаллодлардан шафқат сўраб нола қилган пайтда, ҳатто жаллодларнинг ҳам кўзига ёш қалқийди. Нодирабегим иккинчи фарзандининг қатлидан кейин телбавор ҳолга тушади. Насрулло эса онаизорнинг ҳушидан кетишини фарёд қилишини кутган эди. У кутгандек бўлмайди. Бундан ғазабланган амир Нодирабегимнинг 14 ёшли набираси Муҳаммадаминхонни ҳам қатлга буюради. Ниҳоят, у фарёд солади... У амирнинг жамики ёвузликларини юзига айтиб, лаънатлайди. Туганмас дардларига малҳам ўрнига ўлимни ихтиёр этади. Нодирабегим аслида бу фарёди билан разолатга қарши исён кўтарган эди. Амир Насрулло эса жаҳолат ғалабасини тасдиқлаш учун Нодирабегимни ҳам жаллодлар қўлига топширади...
В. Бухоро Амири ҳам, ўша пайтдаги ҳукумат аҳли ҳам Нодирабегим Қўқон адабий муҳитида аёл муаллифларнинг аҳволини яхшилашга урингани, давлат ишларига эркаклар каби, баъзан улардан ҳам яхшироқ ақли етганини қабул қилишолмади.
Филология фанлари доктори Маҳбуба Қодированинг изланишларига кўра, шоирнинг ўлими турли китобда турлича таърифлангани баён қилинган [43, 95]. Масалан, шоир Азизий ўзининг «Тарихи Азизий» номли асарида Нодиранинг қатл қилинишини қуйидагича тасвирлаган: «Бу ҳодисанинг хабарини эшитнб, хоннинг ўз волидаси, алвидо этиб, қора либослар кийиб, фиғону нолалар билан: «Эй манғит шоҳи, на ҳаддинг бор эдики, амиралмуслимин тождор подшоҳнинг тахтнишини мурувват ўғлининг мулклариға келиб, шундай зулм-жабрларни қиласан, шариат бунёдидан чиқдинг!» дегач, аларнинг ҳаммасини амир фармонлари билан уйга қамаб, эшигини шувоқ қилиб ташладилар. Бу жамоа ушбу махсус жойда оч, ташна гурусналик билан нолазор қилишиб, ҳалок бўлишган эканлар». Воқеа «Анжуман ат таворих» сал бошқачароқ баён қилинади: «...Рабиус соний ойининг аввалинда, 1258 ҳижрий тарихида ярим кечадан ўтгандан кейин Муҳаммадалихон ва Султон Маҳмудбек ибн Умархон ва Муҳаммадаминбек, Муҳаммадалихоннинг онаси Моҳлар ойим, Муҳаммадаминбекнинг онаси ва унинг ҳомиладор хотини, яна сарой мўътабар хотинларидан икки хотин бухоролик амир Насруллонинг ҳукми билан хон кўшкига муттасил боғнинг ичида шаҳид қилинди». «Ғаройиби сипоҳ» номли қўлёзма асарида шундай дейилади: «Золим амир бебокнинг қўлида Фарғона мулки рўзгор инқилобидан фатҳ бўлди. Бухоро аскарларининг оғзида «қилич билан асирларнинг бўйнига ур!» — деган гап тарқалди [44, 26]. Хоннинг онаси шундай ваҳшийликдан халок бўлди. Жафо жаллодининг шамшири унинг қонини ерга тўкди. Сўйилишининг тарихи учун «Модарихон ҳам шаҳиди под шуд» деб тарих битилди. Нима қилганда ҳам, Нодирабегим амир Насруллохон қўлида ҳалок бўлди. Юқорида келтирилган тарихий маълумотлардан кўринадики, хон аёл зотини ва вояга етмаган болани, ҳомиладор аёлни қатл қилдириб, Исломда қатъий тақиқланган бир қанча кабир гуноҳларга қўл урган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло аёллару болаларни ўлдиришни ман этади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Мўминларнинг энг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир». “Ўз болаларини илмсизлик қилиб, жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатдан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар” («Анъом», 140).
Ислом ҳуқуқида, ҳатто, уруш вақтида аёл ва болаларни ўлдириш тақиқланган. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки иккита қизни вояга етгунча боқса, жаннатга мен билан бирга киради”, деб ўрта ва ишора бармоқларини ёнма-ён қилиб кўрсатдилар”.
Бироқ Қўқонда юз берган хунрезликлар чоғида дин пешволари бундай разолатнинг юз беришига ўзлари йўл қўйиб беришган. Бунга сабаб шоирнинг мамлакат тепасида туриб, илм-фан, маданият ва адабиётни ривожлантиргани бўлди. Уларнинг қарашларига кўра, аёл киши уйда паранжининг ичида яшаши, ўз устидан чиқариладиган ҳукмларга қарши чиқмай, Нодирабегимнинг қисмати унгача ўзбек жамиятида яшаган аёллар тақдирининг аччиқ ҳақиқати сифатида тарих саҳифаларидан ўрин олди, ҳар қанча уринишмасин, бу тарихий ҳақиқатни ҳеч қанақасига яшириб бўлмасди. Шу боис Нодирабегим бугун маърифатпарвар шоир, тарихий шахс, сиёсий арбоб адабий қаҳрамон сифатида, Амир Насруллохон эса аёлни ўлдирган энг жоҳил ва золим шоҳ сифатида тарихда қолди. Бунинг учун уни халқ “Ботир қассоб” деб атай бошлаган.
Шоира жаҳолатга қарши чиққани учун қатл этилди. Қотиллар бунинг учун шоиранинг ўғли Муҳаммадалихоннинг хатоларидан фойдаландилар. Бухоро амири Амир Насруллохон қандай сабаб билан Хонпошшаойимни икки ой ўтиб қатл қилган бўлишига қарамай, у бу билан Қўқонга ўша дилбар хоним учун бормаганини исботлади. Амирнинг асл мақсади ўз ғазаллари билан жамиятнинг қусурларини ошкора фош қилаётган аёллар овозини тамоман ўчириш, уламоларни ҳуркитаётган Қўқон адабий муҳитини йўқ қилишни кўзлаган эди. У Нодиранинг ўлими бошқа ўз сўзини дадил айтиб, адабиётга кириб келаётган аёлларни ҳуркитиб қўйишига ишончи комил эди. Бироқ акси бўлди, маърифат ҳамиша жаҳолат устидан тантана қилди. Нодирабегимнинг адолатсиз равишда ўлдирилиши адабиёт аҳли, тарихчилар, илм ҳали, умуман, нафақат ўша даврда, балки ҳозир ҳам қораланади. Бу эса воқеага одамларни ўзгача нигоҳ билан қарашга мажбул бўлди. Шаҳид кетган маърифатпарвар шоирнинг ўлими кўпларни илҳомлантирди ва адабиётга кейинги авлод дадил қадамлар билан кириб кела бошладики, ҳеч ким уларни тўхтатиш тугул, таҳдид қилишга ботинолмасди. Айтиш жоизки, ўзбек адабиётида Нодирабегим аёллар адабиёти ва қисматига жиддий эътибор қаратилиши йўлида қурбон бўлди, десак янглишмаймиз. Нодирабегим қолдирган мерос ҳали ҳамон халқимиз маънавиятини бойитишга хизмат қилётир. Энг муҳими, унинг ўлими адабиётда мағлубият эмас, балки тантанаси эди, ўзига хос ғалабасидир. Вужуд оламни тарк этган билан ундан ажойиб мерос, адабий мактаб, ғолиб ном қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: |