С. Нодирабегим ғазалларида маъшуқ тимсоли, исён, ҳижрон мотиви ва шоирлик қисмати масалаларининг таҳлили.
Нодира ижодида, асосан, илоҳий муҳаббат, ҳижрон ва исён устунлик қилади. Унинг ғазалларидаги ёр тимсолида Аллоҳ кўзда тутилишини, бу ўзбек мумтоз ғазалиётида анъанавий бир ҳодиса саналади. Аксар эркак шоирлар ёр деганда гўзал бир қизни кўз олдиларига келтириб, унинг чиройини — қадди-қомати, бели, сочи, юзи, ёноғи, кўзи, қошини тилга олади. Бу, албатта, ғазалда ўз ёрини бенуқсон таърифлаш ҳам ўзига хос бир анъана, бу билан улар Аллоҳ тенгсизлигини назарда тутганлар. Бироқ Нодиранинг ғазаллари ёки кичик лирик жанрларидаги асарларида ёр тимсолига муносабат бироз ўзгаради. Айтиш жоизки, у анча умумийлашган, яъни энди уни париваш малаксифат қиз тасаввур қилиш иложсиз. Шунингдек, ғазал анъанасига кўра, лирик қаҳрамон — ошиқ тарзида намоён бўлади, эркак шоирлар ёзган асарлар маъшуқага бағишланади, шоиралар қаламига мансуб сатрларда лирик қаҳрамон ошиққа айланади ва ғазал маъшуққа бағишланади, шунинг учун энди унинг узун сочи, ингичка бели, қалам қоши, узун киприкларини тасвирламайди. Боз устига, маъшуқни шундай умумий тарзда тасвирлаш керакки, ундан Аллоҳга ишора узоқлашиб кетмасин. Нодиранинг лирик асарлари ана шу жиҳатдан бу талабларга тўла жавоб беради. Унинг “Бас” номли ғазалида биз мана шундай маъшуққа ошиқликни баён этганини кўрамиз:
Жунун даштини саргардонидурмен,
Рафиқим ушбу водийда қуюн бас.
Ошиқлар даштида классик адабиётда чин ошиқ тимсоли бўлган Мажнун каби саргардорман, рафиқ, яъни шоирнинг маъшуқи ўша водийда қуюн тимсолида келади, менга унинг ўзи етади. Шоир бунда ёрининг жамолини таърифламади, балки уни кучли бир табиат ҳодисаси тимсолида кўрсатди, демакки, у бунда Ёрни одам эмаслигига ишора қилади.
Васли ёр истасанг жаҳондин кеч,
Ҳарна мақдуринг ўлса ондин кеч.
Шоирнинг «Кеч» номли ғазалининг ибтидосида шоир агарда сен Ёрингни васлини ихтиёр этган экансан, жаҳондан кеч, дейди. У қандай ёрнинг васли бўлдики, бу заминдан кечиш керак? Табиийки, жавоб битта, Аллоҳ васли, инсон Яратган билан дийдор кўришмаслик истаса, дунёнинг ҳою ҳавасидан кечиши керак бўлади, ҳақиқий орифликни ихтиёр этоқлиги жоиздир, чин риндлик ҳолатига тушишни ихтиёр этгани эса кейинги сатрда тамоман маълум бўлади:
Тиласанг васл, ўт жаҳон ғамидин,
На жаҳон, балки жисму жондин кеч.
Шоирнинг ўз таъбири билан айтганда, ёрнинг васлига етиш осон эмас, яъни озорсиз бўлмас, у маъшуқингни кўргани орзуманд бўлсанг, жаҳон учун куйинишни бас қил, бу ўткинчи олам дея ғам ема, нафақат жаҳон, балки унинг учун жонингдан кечмоқлигинг, яъни ўлимни ихтиёр этмоқлигинг керакдир, дея айтишга уринади.
Бордур олам биноси ваҳму гумон,
Эй кўнгул, ваҳм ила гумондин кеч.
Юқоридаги икки мисра Аллоҳнинг борлигига гумон этмаслик кераклиги, агар бунга заррача шубҳа бўлса, ундан кечишни шоир даъват қилади. Биламизки, бу оламда гумон инсоннинг душмани у имондан айиради, гумонни иблисга қиёслаш ҳам мумкин, шоир ўзини иблис васвасасига берилмасликка ундайди.
Бўлмагил яхшию, ёмонға тараф,
Бехуд ўл, яхшию, ёмондин кеч.
Нодиранинг лирик асарларидаги маъшуқ тимсоли шунчалар мукаммалки, у ҳамма нарсадан кечмоқликка арзийди. Шоир инсоният жамиятида яшаб туриб, на яхшининг ва на ёмоннинг томонида бўл, яхши ва ёмондин кеч, дея мажбурлайди. Хуллас, у ўзини бу оламнинг ҳавасларидан тамомила кечишга ва Аллоҳнинг меҳр-муҳаббатини ихтиёр этиб кетишликка мажбурлайди.
Шоирнинг “Тут” номли машҳур радифли ғазалида шундай мисра бор:
Гар замоне даҳр ғавғосидин истарсен фарор,
Сокини майхона бўл, бир гўшада ором тут.
Баъзан замон сени шунчалар ғавғоси билан тўйдириб юборадики, хотиржамлик истаб қоласан ва шундай пайтда сокин бир гўшани эхтиёр этасан, дейди у. Бундай сокин гўша сифатида шоир майхонани тилга олади, ҳеч нарсани эшитмаслик ва озурда бўлмаслик, дунё ишларидан олислашии туяди. Шунчалар юраги озурдаки, унга Аллоҳнинг муҳаббатидан бўлак ишқ реал бўлиб кўринмайди. Шоирнинг риё, дунё ташвишлари, изтиробларидан холи қолишни исташи ҳам аслида жамиятга бир исённинг бир кўринишидир, бунда инсон ўзини излайди, саволларига жавоб топишга уринади.
Оҳким, беҳад менга жавр-у жафо айлар фалак,
Фурқат ичра қисматим дард-у бало айлар фалак,
Ёрдин айру менга кўп можаро айлар фалак,
Ғам била гулдек юзумни каҳрабо айлар фалак.
Нодиранинг “Фироқнома”сидан олинган юқоридаги сатрларда кучли бир исённи ҳис қилиш мумкин. У фалак сўзи билан Яратганни назарда тутади, қисматим менга кўп жабр-жафо айлади, ёримдин айириб, қанча можароларга мени гирифтор қилди ва гулдек юзимни қаҳрабо тоши сингари сарғайтирди, дейди у тушкунлик ва ҳижрон руҳида, лекин шоир тўғридан-тўғри Эй, фалак, дея мурожаат қилишдан тийилади. Бу билан Парвардигорга тикка сўзлашга ботинолмайди, лекин бошдан кечирганларини ошкор айтишдан ҳайиқмайди. “...Фалакни дунё деб ҳам, тарих — замон деб ҳам, тақдир деб ҳам тушуниш мумкин. Кенгроқ маънода фалак тимсоли замирида Аллоҳ кўзда тутилади. Чунки, ахир, тақдир бевосита Яратганнинг ўзидан-ку...” [45]
Шоирнинг кўпгина ғазалларида тақдирга исён, замонанинг бевафолидан нолишлар акс этганига қарамай, у шоир бўлиб туғилганини ва ўзининг миссияси нимадан иборатлигини ҳам яхши англайди. Унинг “Этиб кет” радифли ғазали фикримизнинг яққол далил бўлади:
Кел, даҳрни имтиҳон этиб кет,
Сайри чамани жаҳон этиб кет.
Бедардларинг жафоларидин
Фарёд чекиб, фиғон этиб кет
Дунёга келиб, бир замонни синовдан ўтказиб кет, дунёни сайр қилиб кет, қалбида дарди бўлмаган одамларни одам адашдан шоир тийилади, бу мантиқан тўғри, албатта, уларнинг дастидан дунёга келиб фарёд чексанг, сен одамга айланасан ва шу қайғу сени Аллоҳга яқинлаштиради, чунки бу оламдаги айрим кимсаларнинг озорлари чеккан изтироблар шоирнинг ижодига сув ва ҳаводай керак. Акс ҳолда, Нодира кейинги мисрада бундай демасди:
Мақсад на эди жаҳона келдинг?
Кайфиятини баён этиб кет.
Бу сўзлар фақат чин шоирга тегишли бўлиши мумкин. Дунёга шоир бўлиб келган экансан, кайфиятингни баён этиб кет. Токи қисматингга сўзга хизмат берилган экан, чекингга шундай иш адоғига етказишинг керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |