Суратда: Эшон Бобохон Абдумажидхон ўғли Африкада совет қўшинларининг ҳарбий ҳаракатлари ҳақида радио эшиттириш тингламоқда, 1943 йил.
Радиожурналистлар фронтга мадад бўлсин деб икки сменада ишлаётган ишчилар ўз иш ҳақларининг бир қисмини, деҳқонлар сўнгги жамғармаларини фронт учун самолётлар, танклар ишлаб чиқаришга ҳадя этаётганлигини ҳамда Ўзбекистондан фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак олиб кетаётганлиги ҳақида репортажлар бериб бордилар[7].
Ўша даврнинг кучли тарғибот ва ташвиқот воситаси бўлган радиода марказдан рус тилида берилган хабарларни зудлик билан маҳаллий тилларга таржима қилиб етказиб турилган. Радио ходимлари Совет Ахборот бюроси хабарларини, “Сўнгги Ахборот” материалларини, “Правда” газетасининг бош мақоласи ва шарҳини қўлларига қалам олиб тинглардилар. Бу материалларни улар зудлик билан ўзбек тилига таржима қилиб, республика аҳолисига ҳар қандай ҳолатда ҳам етказиб турди. Москва радиоси орқали эшиттирилган энг муҳим материаллар асосида ўзбек радио журналистлари “Сўнгги соатда” номли эшиттириш остида юзлаб ахборот бердилар[8].
Бу йилларда халқ радиони ҳаяжон, умид билан тингларди. Чунки кимнингдир фарзанди, кимнингдир отаси, акаси, укаси, невараси фронтда жанг қилаётган эди. Айниқса, “Фронтдан хатлар”, “Фронтга хатлар” деган эшиттиришлар кенг халқ оммасининг эътиборини ўзига тортди. Бу фронт ва фронт ортининг ўзига хос мулоқоти эди. Ҳар куни радио даргоҳига кекса оталар, оналар келишарди. Улар: “Болам, қарагин, ўғлимдан хат борми?” ёки “Мен ҳам ўғлимга радио орқали хат юбормоқчиман, ёзиб бермайсанми, жон болам” деб мурожаат қилардилар[9].
Жонрид Абдуллахонов ўзининг “Ҳаёт абад васл айёмидир” номли китобида радионинг уруш йилларидаги фаолиятини алоҳида бир давр сифатида таърифлайди. Чунки радио халқни жанг майдонидаги воқеалардан муттасил хабардор қилиб турувчи бирдан-бир алоқа воситаси бўлган. Энг биринчи уруш қаҳрамонлари Қўчқор Турдиев, Тўйчи Эрйигитов, Владимир Карпов, биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовларнинг жасоратлари ҳам илк бор радио орқали таралган. Радио бундай қаҳрамонлар ҳақида доимий равишда хабар бериб турган. Жумладан, 1943 йили фарғоналик йигит Аҳмаджон Шукуровнинг кўрсатган мардликлари, унинг моҳир пулемётчилиги тўғрисидаги ҳикоялар радионинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Радио орқали қаҳрамон Аҳмаджон Шукуровнинг Тошкентга келаётганлиги ҳақидаги хабарнинг эшиттирилиши Тошкент вокзалига уни бир бор кўриш истагида бўлган кишиларнинг йиғилишига сабаб бўлади. Улар орасида радиода сиёсий бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Ҳаким Назир ҳам бўлиб, у Аҳмаджон Шукуровни шахсан ўзи радиога олиб келади[10]. Уруш йилларида радио ходимларининг фаол ҳаракатлари аҳолини радиога бўлган қизиқишини янада оширди.
“Фронтдан хатлар” рукнида берилган эшиттиришлар тингловчиларда жуда катта тассурот қолдирган. Шундай эшиттиришлардан бирида ўқилган жангчи Чебурихиннинг Ғафур Ғуломга мактубида – “Муҳтарам Ғафур Ғулом! Сизнинг “Правда” газетасида босилган “Сен етим эмассан” шеърингизни ўқидим. Бу шеърингиз устига тўкилган кўз ёшимни сизнинг асарингизга бўлган ҳурматим деб билинг. Энди сизнинг юртингизга эвакуация қилинган ўғлим тақдири учун хотиржамман. Жангчи Чебурихин”, – деган сатрлар бор эди[11]. Ғафур Ғуломнинг “Сен етим эмассан” шеъри радионинг нодир ёзувлари хазинасида авайлаб сақланмоқда. Бу шеърни Ғафур Ғуломнинг ўзи ўқиган.
Уруш йилларида радионинг доимий ходимларининг меҳнатлари ҳам алоҳида ўринга эга бўлди. Бу йилларда радиоэшиттириш қўмитаси жуда кўп инженер-техник ходимлар, журналистлар, адабиёт ва саньат аҳли учун катта ижод ва тажриба мактаби бўлди. Улар ўз ижодий фаолиятларини журналист сифатида оддий хабар ёзишдан бошлаб, йирик бадиий асарлар яратувчи адиб даражасига кўтарилдилар. Уруш уларни тезкор, ҳозиржавоблик билан ишлашга, ҳар қандай қийинчиликларга бардош беришга ўргатди. Ўша йилларда ёзувчилардан Ойдин Собирова, Насрулло Охундий, Адҳам Раҳмат, Ҳаким Назир, Мирмуҳсин, журналистлардан Тошқин Мўминов, В.М.Аркт, Д.Н.Протопопов, Нуъмон Ғуломов, Е.А.Моисеева, Пошшо Ғаниев, Людмила Зеленская, Владимир Михайлов, дикторлардан Ҳамид Ғулом, Туроб Тўла, Қодир Маҳсумов, Ҳурриятхон Набиева, Зиёда Аминова, Туйғуной Юнусхўжаева уйқуни, оромни билмай меҳнат қилдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, журналист Тошқин Мўминов “Сўнгги ахборот” таҳририятида мухбир бўлиб ишларди. Урушнинг биринчи куниёқ фронтга кетди ва 1943 йилда ярадор бўлиб, яна радиога ишга қайтиб келди. Чунки бу йилларда барча соҳаларда бўлгани каби радиода ҳам кадрлар етишмаслик ҳолати мавжуд эди. Ёзувчи Ҳаким Назир урушнинг бошланишидан то ғалаба кунигача, ундан кейин ҳам радиоэшиттириш қўмитасининг турли таҳририятларида ишлади[12]. Ҳаким Назир бу йилларда болалар радиоэшиттиришлари учун турли қисқа ҳикоялар ёзиб келиб, шогирдларига ўқитар эди[13].
Уруш йилларида радио фаолиятида адабиёт намоёндаларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Ҳар куни бу даргоҳга ўнлаб фан, маданият арбоблари оқиб келарди. Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Уйғун, Собир Абдулла янги ёзган шеърларини, ҳикояларини илк бор радио орқали ўқиб берардилар[14]. Бу йилларда сафарбарлик руҳида ёзилган шеър, ҳикоя ва асарларни халққа радио орқали эшиттириб борилди. Ойбекнинг “Ёвга ўлим!” шеъри, “Навоий”, “Қутлуғ қон” романлари, Ҳамид Олимжоннинг “Қўлингга қурол ол” “Йигитларни фронтга жўнатиш”, “Шарқдан ғарбга кетаётган дўстга”, “Жангчи Турсун”, “Роксананинг кўз ёшлари”, Ғофур Ғуломнинг “Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, “Кузатиш”, “Мен яҳудийман”, “Бизнинг кўчада байрам бўлажак”, Уйғуннинг “Қасам”, “Бир қадам ортга чекинмасин”, “Мактуб” Мақсуд Шайхзоданинг “Она кутмоқда”, “Кураш нечун?”, “Капитан Гастелло”, Миртемирнинг “Олег ва ўртоқлари” шеърлари шулар жумласидандир[15].
Шунингдек, уруш йилларида маҳаллий санъат арбобларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Ҳар куни кеч кириши билан радиостудияга санъаткорлар кела бошларди. Жумладан, Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабий, Ризқи Ражабий, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Карим Мўминов, Берта Давидовалар кечқурун соат 21.00 дан 22.00 га қадар бўладиган концертга тайёргарлик кўрарди[16]. Композитор Никита Богословский “Шаланди” деган машҳур қўшиғини Тошкентда яратди. Республика радиоси ходимлари унинг биринчи тингловчилари бўлдилар[17].
Иккинчи жаҳон уруши йилларида республикада 30 дан ортиқ концерт бригадалари ташкил этилиб, улар ҳаракатдаги армия қисмларида 35 мингдан ортиқ, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва госпиталдаги ногиронларга 26 мингта концерт қўйиб бериб, жангчиларни руҳлантирдилар, уларни фашизм устидан ғалабага ундадилар. Айниқса, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Сора Эшонтўраева, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Лутфихоним Саримсоқова, Аббос Бакиров каби санъаткорлар иштирокидаги концертлар радио орқали мунтазам эшиттириб борилди[18].
Уруш йилларида бошқа жойлардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган адабиёт ва санъат арбобларининг ҳам хизматлари катта бўлди. Бу йилларда Ўзбекистонда яшаб ижод этган Алексей Толстой, Анна Ахматова, Констанин Симонов, Корней Чуковский, Луговской, Петр Павленко, Иосиф Уткин, Семен Гудзенко, Эдди Огницветнинг фронт орқасида фидокорона меҳнат қилаётганлиги ва ижоди ҳақида кўплаб эшиттиришлар ташкил қилинди, бу дастурларни Туйғуной Юнусхўжаева билан Ҳамид Ғулом олиб борарди. Дастур давомида турли тилларда кўплаб шеърлар ўқиларди. Жумладан, А.Толстойнинг “Фидойилик” очерки, Э.Дорошнинг “Фарғонанинг қора қони” очерки, В.Луговскаянинг “Ўзбекистон”, О.Лисогорскийнинг “Самарқанд кўзи”, Э.Мадараснинг “Ўзбек балладаси” шеърлари радио орқали эшиттириб борилди[19].
Шунингдек, уруш йилларида республика театр санъати ҳам ривож топган бўлиб, радио бу соҳа ижодини ҳам халққа етказишда катта жонбозлик кўрсатди. Театрларда уруш мавзусига бағишланган асарлар ва пьесалар, хусусан, А.Умарийнинг “Қасос”, Яшин ва Собир Абдулланинг “Даврон ота”, “Шерали”, Уйғун ва Иззат Султон “Алишер Навоий”, Н. Погодин, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва Собир Абдуллалар ёзган “Ўзбекистон қиличи” мусиқали драмалари, “Улуғбек” ва “Маҳмуд Таробий” опералари, мардлик ва жасорат мавзуларида ёзилган Комил Яшиннинг “Босқинчиларга ўлим”, Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин” пьесалари радио орқали тингловчиларга эшиттириб борилди[20]. Республика радиосининг бу каби фаолияти иккинчи жаҳон уришидаги халқимизнинг фронт ортидаги фашизмга қарши курашининг бир кўриниши дейиш мумкин.
Республика радиоси урушнинг сўнгги кунларига қадар фронтдан келган хабарларни халққа етказиб турди. Республика аҳолиси урушнинг якунланиши тўғрисидаги хабарни интиқ бўлиб кутишарди. Дастлаб бу хабарни ҳам халққа республика радиоси сухандони Ҳамид Ғуломов эълон қилди[21].
Хулоса қилиб айтганда, иккинчи жаҳон уруши йилларида республикада радиолаштириш ишларининг режали тарзда ва аниқ мақсадларга йўналтирилган ҳолда амалга оширилиши республика ҳудудларининг маълум даражада радио билан боғланишини таъминлади. Радио нафақат бутун республика, балки бутун дунёда бўлаётган воқеалардан халқни бохабар қилиб борди, шунингдек, радио бу даврда жамият ҳаётидаги барча масалаларни ёритиб борди ва аҳолининг ижтимоий ҳамда маданий ҳаёти ривожига катта ҳисса қўшди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иккинчи жаҳон урушида халқни ғалабага руҳлантириб туриш, унинг тинч ва осойишта кунларга бўлган умидини кучайтириш, халқни фронт ортидаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларда янада фаолроқ бўлишга ундаб борганлиги нуқтаи назаридан радио алоҳида ўринга эга бўлди.
Rаdioaloqa texnologiyalari va radioeshittirish 07.08.2013 Rukn: Sharh va fikr-mulohazalar. Muallif: Tohirjon Nazarjonov, Marufa Azizova.
Mаmlakatimizda aloqa tarixi taraqqiyotini o‘rganish maqsadida yana “Aloqa tarixi muzeyi” zallaridagi ko‘rgazmalarni tamosha qilamiz. Bu safar e’tiborimizni radioaloqaning ixtiro etilishi, radioaloqa texnologiyalari, jahon va mamlakatimiz radioeshittirish sohasining rivojlanishiga oid eksponatlarga qaratamiz.
XIX asr oxirida jahonda telefon-telegraf aloqasi faol rivojlanib ulgurgandi. Biroq bu soha rivoji uchun ko‘plab kabellar ishlab chiqarish talab etilardi. Simli liniyalar qurish uchun katta hajmdagi metall sarflanardi. Shu sababli ham simsiz aloqa yaratish g‘oyasi dolzarb tusga kirib borardi. Tarixdan ma’lumki bunday yangi aloqaning vujudga kelishi Rossiyalik 36 yoshlik o‘qituvchi Aleksandr Popov va italiyalik 20 yoshlik talaba Gulelmo Markoni nomlari bilan bog‘liq.
Gulelmo Markoni
Radio uskunasining yaratilishi Aleksandr Popovning ixtirosi bo‘lib, u aloqa sohasida katta yangilik va olamshumul voqea hisoblanadi. U yaratgan qabul qiluvchi moslama har qanday elektromagnit tebranishdan ta’sirlanardi. Popov moslamasiga 2,5 metrli antenna o‘rnatganligi uning sezgirligini yanada oshirgandi. U o‘z yangiligi uchun patent olishga intilmadi, faqat vaqtli nashrda ixtirosini bayon etdi, xolos. Bu uning xatosi edi. «Elektr tebranishlarni aniqlaydigan va qabul qiladigan moslama» deb nomlangan bu ixtiro aslida radiopriyomnik edi.
Shu tariqa, 1895-yil 7-may kuni birinchi marotaba Aleksandr Stepanovich Popov tomonidan o‘z laboratoriyasida ixtiro etilgan uchqunlik radiouzatgichdan radiosignallar masofalarga simsiz uzatilgan.
1894–1895 yillarda 20 yoshli Gulelmo Markoni Gerts, Branli va boshqalarning asarlari bilan tanishib, Gerts moslamasi yordamida tomorqa uchastkasi uzoqligida signal uzatishga erishadi va yil oxiriga kelib, uning uzunligini 1 milga yetkazadi. Shundan so‘ng Angliyaga kelib, radiotovush uzatish majmuasi uchun patent oladi. Markonining ixtirosi qabul qilish va uzatish majmuasidan iborat edi. U uzatish moslamasida Popovning priyomnigi singari antennadan foydalandi. Markoni qabul qilish va uzatish moslamalarining ikkalasiga ham antenna o‘rnatdi. Priyomnikning sezgirligi yuqori edi. Aslida, Markoni Popovning ixtirosini yanada yuqori pog‘onaga ko‘targandi.
Katta moliyaviy yordam olgan Markoni o‘z ixtirosini yanada rivojlantirishga erishdi va uni amaliyotga joriy etdi. Xabar uzatish masofasi ham uzayaverdi. Markoni birinchi bo‘lib, okean uzra radioxabar uzatishga muvaffaq bo‘ldi. Italiyalik yosh ixtirochi amalda radioaloqa tizimini joriy etib, mazkur sohaga munosib ulush qo‘shdi.
Angliyalik Oliver Lodj radio ixtirosiga yaqinroq yondashdi. U elektromagnit to‘lqinining tarqalishi va ushlab olish muammosini o‘rtaga tashladi. Boshqalar qatori Popov ham Lodjning bu g‘oyasi va tajribasini amalda sinab ko‘rdi. Popov «chaqmoq razryadlarini uzoq masofada turib qayd etuvchi» deb nomlangan qurilmani namoyish etdi.
Aleksandr Popov
Mazkur ixtirochi-olimlar A. S. Popov va G. Markonining insoniyat taraqqiyotidagi bebaho kashfiyotlari yuksak baholanib, YUNESKO 28-Bosh konferensiyasining qaroriga muvofiq, 1995-yilda jahonda «Radioning 100 yilligi» nishonlandi. Shu tariqa, radio ixtirosi, radioaloqa texnologiyalari va radioeshittirish sohasining taraqqiyotiga munosib baho berildi.
Buyuk ixtirochilarning mehnatlari mahsulidan butun jahon miqyosida keng foydalanish maqsadida 1902-yildayoq Rossiya Pochta va telegraf boshqarmasi Angliya «Markoni» radiotexnika firmasi bilan hamkorlikda tijorat radiostansiyalarini qurish, xalqaro konvensiyalarga barcha davlatlardagi ochiq dengizlarda harakatlanayotgan dengiz kemalarini dengiz qirg‘oqlari bilan aloqa qilish imkoniyatlari bilan ta’minlashga chaqirdi. 1912-yilda umumiy foydalanish imkoniyatiga ega bo‘lgan va Rossiya janubidagi dengiz kemalarini Aleksandrovsk–Petrovsk portlari bilan bog‘lovchi radiotelegraf liniyalari ishga tushirildi, natijada dengiz kemalarini Kaspiy dengizining o‘ng va chap qirg‘oqlari bilan aloqa o‘rnatish bo‘yicha imkoniyatlar yaratildi.
1915-yilda birinchi marotaba mamlakatimizda, Toshkent shahrida katta quvvatli, uchqunli, qabul qilish-uzatish radiostansiyasi qurilib, ishga tushirildi. Katta elektromagnit bilan uchqunli razryad bo‘lishi ta’minlandi. Uning quvvat bazasi akkumulyator batareyasi va ikkita 160 kvt’li dizel generatordan iborat edi.
Qalin simlar tizimi bilan nurli antennalar orqali o‘rnatilgan oltita 90 metrli metall machta «Simens-Galske»firmasi tomonidan loyihalangan va qurilgan edi.
Radiostansiyani qurish uchun kerak bo‘ladigan 60 gektarli yer maydoni temir yo‘l vokzalidan uzoq bo‘lmagan, shahar chegarasiga yaqin bo‘lgan joydan tanlandi. Bu radiostansiyani qo‘riqlash va xizmat ko‘rsatish vazifasi radiostansiyadan uzoq bo‘lmagan harbiy polkning xazinachisiga yuklandi. Birinchi radiogramma Moskva–Toshkent yo‘nalishi bo‘yicha harakatlanayotgan poyezd haqida edi.
Davr talabiga ko‘ra soha faoliyati markazlashtirildi. Mahalliy aloqachilarga yordam ko‘rsatish uchun 1920-yilda Moskvadan Narkompochtel vakili 5 nafar radiotelegrafist, 2 nafar elektrotexnik hamda 10ta radiouskunalar bilan mamlakatimizga yuborildi. Apparatlar Samarqand, Xiva, Marg‘ilon, Farg‘ona shaharlariga o‘rnatilib, ular orqali hududlar hamda Rossiya Federatsiyasining boshqa shaharlari bilan mustahkam aloqa qilish imkoniyatlari yaratildi.
Shoshilinch ravishda boshqa markaziy shaharlar, Kaspiy dengizi va ular orqali Baku va mamlakatimizga radioaloqa liniyalari o‘rnatildi. 1919-yil dekabr oyidan boshlab, Moskvadan radiostansiya efirga Rossiya telegraf agentligining yangiliklarini uzata boshladi. Toshkentdan esa javob telegrammasi «Ovoz tiniq, baland, hatto telefon membranasiga urayapti» degan mazmundagi matn yuborildi.
O‘zbekistonda 1924-yildan boshlab, radioaloqa qisqa muddatlarda, tezlik bilan jadal rivojlana boshladi. Shu yillarda radiostansiyalarda tajribali sinov ishlari olib borildi. O‘zbekistonda 1927-yil 11-fevralda radioeshittirishlarning tashkil etilgan yoki «tug‘ilgan kuni» deb belgilandi, sababi shu kuni yangi Toshkent radiostansiyasining tantanali ochilish marosimi bo‘lib o‘tgan edi. 1929-yil sentabr oyida Toshkent shahrida Toshkent radiomarkazi ishga tushgan bo‘lib, bu markazning ochilishi respublikada radioeshittirish ishlarining rivojlanishiga katta asos bo‘ldi.
Respublikada berilayotgan radioeshittirishlar ko‘lami kengaytirilib borilishi, 1931-yilda Toshkentda Radioeshittirish Qo‘mitasining tashkil etilishiga asos bo‘ldi. Keyinchalik ushbu Qo‘mita Davlat Radiokomitetiga aylantirildi.
Vaqt o‘tgan sayin Respublikada radionuqtalarning soni ko‘payib, jumladan, klub va choyxonalarda, qishloq xo‘jaligi sohasida va mashina-traktor stansiyalarida, maktablarda tashkil etildi. Bundan tashqari, shaxsiy radionuqtalar qo‘yila boshladi. Shunday qilib, radio madaniyatning eng muhim sohasiga aylana bordi.
1934-yilga kelib, respublika aholisi har kuni 7,5 soat ichida musiqali (49,3%), adabiy-dramatik (4,4 %), bolalar uchun (26%), o‘quv-ta’limiy (6,6%), axborot (13,7%) ruknidagi eshittirishlarni tinglash imkoniyatlariga ega bo‘ldilar. Qishloq joylarida ham radioaloqasi sohasi keng ko‘lamda rivojlana boshladi.
1935-yilda Toshkent viloyati Do‘rmon aholi punktida 30ta qisqa to‘lqinli qabul qilish antennalari bilan ta’minlangan, 60 gektar yerni egallagan, 2-sonli qabul qilish radiostansiyasi ishga tushirildi. Shuningdek, Yalang‘och aholi punktida 15ta antenna bilan jihozlangan 16 gektarli yerga joylashtirilgan 4-sonli radiostansiya ekspluatatsiyaga qabul qilindi.
Qabul qilish radiostansiyalarining ishga tushirilishi bilan bir qatorda, shu yil Yunusobod mavzesida 5-sonli uzatish radiostansiyasi qurildi. Bu radiostansiya 41 gektarli yerga joylashgan bo‘lib, unga 16ta qisqa to‘lqinli qabul qilish antennalari va 11 dona 5dan 20 kvt quvvatgacha bo‘lgan uzatish antennalari joylashtirildi. Natijada barcha davlatlar poytaxtlari bilan aloqa bog‘lash uchun radioaloqa kanallari tashkil etildi.
1940-yilda katta quvvatli 1-radiostansiya asosida Toshkent radioaloqasi va radioeshittirish direksiyasi tashkil etildi hamda ushbu direksiya 1941-yil 27-martda O‘zbekiston radioaloqasi va radioeshittirish direksiyasiga aylantirildi. Radio xizmatidan keng ko‘lamda foydalanish imkoniyatlari katta obyektlar «Langar» kanali, Katta Farg‘ona kanali qurilishida o‘z samarasini berdi. 1940-yilning oxirlariga kelib, O‘zbekistonda radionuqtalarning soni 72 mingtaga yetdi.
1941–1945 yillarda radiostansiya jamoasi radioaloqa va radioeshittirish uskunalarining uzluksiz ishlashini ta’minlash uchun juda katta hissa qo‘shdi hamda avtomashinalarni harakatdagi radiostansiyalar bilan ta’minladi. Shuningdek, Moskva shahrida katta quvvatli radiostansiyasi qurilishida ishtirok etdilar.
Toshkent viloyatining Toshkent tumanidagi O‘rtaovul mavzesida katta quvvatli radiotarqatish stansiyasini qurish uchun 87,92 gektar yer ajratildi va qurilish ishlari boshlab yuborildi. Qurilish ishlari boshlanib, ikkita mustaqil ishlaydigan 6 kvoltli elektruzatgich Bo‘zsoy kaskad GES’ning 14 va 18-bo‘linmalari o‘rnatildi.
1949-yil dekabr oyida yuqoridagi obyektlardagi qurish-montaj va moslashtirish ishlari yakunlandi va 1950-yil 1-yanvardan boshlab, katta quvvatli RV-154, 150 kvt’li, uzun to‘lqinli diapazon bilan ishlatishga mo‘ljallangan radioto‘lqinlar uzatgichini qurish ishlari boshlandi. Antennalar balandlikka mo‘ljallangan metall machta bilan qurildi. Mazkur radiostansiya orqali uzatilayotgan birinchi dasturni O‘zbekiston hududiga (Buxorogacha) va chegaradosh respublikalarga ham uzatish imkoniyati yaratildi.
O‘tgan asr 50-yillaridan keyin mazkur aloqa sohasi jadal rivojlandi va mamlakatda, ayniqsa, qishloq va olis masofalarda joylashgan aholi hududlarida radiofikatsiya ishlariga katta e’tibor qaratildi. Barcha joylarda radiouzellar barpo etilib, 1960-yillargacha ularning soni 470dan oshib ketdi. Hukumat Qaroriga muvofiq respublikada 1963-yilga kelib, radiouzellar sifatini yaxshilash maqsadida yagona radiofikatsiyalash tarmog‘i tashkil etildi. «Aloqa tarixi muzeyi»ning ikkinchi qavatida radio va radioaloqasi tarixiga oid ko‘plab eksponatlarni ko‘rish mumkin.
Ma’lumki, XX asr oxirlariga kelib, radioaloqa sohasida keskin o‘zgarishlar amalga oshirildi. Barcha mamlakatlar qatori respublikamizda ham ko‘plab radiostansiyalar qurildi. Radio uskunasining ham yangidan-yangi turlari kashf etilib, yanada takomillashib bordi. Radio boshqa uskunalar masalan, televizor, telefon, transport va boshqa qurilmalar asosida ham o‘rnatilib, baralla yangrayotganining guvohi bo‘lmoqdamiz. Qo‘limizdagi mobil telefonning tugmasini bosib, sevimli radioeshittirishlarimizni tinglay olamiz.
Shu bilan birga, radio o‘z eshittirishlari mazmunining boyib, tezkor yangiliklardan xabardor qilib turishi bilan ham insoniyatning tunu-kun hamrohi, yaqin maslahatchisi, ishda hamkor, do‘stiga aylanib qolgan. Tong sahardan beriladigan yoqimli ohanglari, foydali eshittirishlari bilan ma’naviy oziqa manbai sifatida inson hayotining mazmun-mohiyatini to‘ldiradi.
Mamlakatimiz mustaqilligi e’lon qilinishi bilan hayotimiz mazmuniga davlat radiostansiyalaridan tashqari FM radiostansiyalaridan eshittirishlar ham kirib keldi. Kun sayin ularning soni ortib, sifati bo‘yicha o‘zaro raqobat muhitida ishlay boshladi. Odatda, har tong kunimizni radio sadolari bilan boshlaymiz. Qandaydir yoqimli yangilik yoki kuy-qo‘shiq ohanglarini tinglab, o‘qish va ishga otlanamiz. Bu ohanglar kun davomida qalbimizni ruhlantirib, ilhom baxsh etadi. Qayda bo‘lmaylik, uyda, transportda, ish joylarida hatto mobil telefonimiz vositasida bo‘lsa ham radioeshittirishlari doimo bizga hamroh bo‘ladi.
Maqola «Aloqa tarixi muzeyi» va infoCOM.UZ jurnalining hamkorlikdagi loyihasi asosida tayyorlandi.
Radio tarixi 11.10.2020 0 1463 Radio nima ekanligini hammamiz yaxshi bilamiz. U turli xil xabarlarni tarqatishda katta ahamiyatga ega. Dunyoda birinchi radioni rus olimi Aleksandr Stepanovich Popov 1895-yilda ixtiro qildi. Shu yilning 7-may kuni Rossiya poytaxti Peterburg shahrida u ixtiro qilgan radio namoyish qilindi. Aleksandr Stepanovich Popov dunyoda birinchi bo‘lib xabarni dastlab 250 metrga, keyinchalik 45 km ga, nihoyat, 150 km ga radio orqali yetkazishga muvaffaq bo‘ldi. Radio uchun simlarning keragi yo‘q. Radioto‘lqinlarga hech qanday masofa to‘siq bo‘la olmaydi. Radioto‘lqinlar soniyasiga 300 ming km tezlikda tarqaladi. Biz bilan Siz tomosha qilayotgan televizordagi teleko‘rsatuvlar ham radio to‘lqinlari orqali ekranimizga yetib keladi. Hozirgi kunda radioning ahamiyati cheksiz. Radioaloqa borligi tufayli samolyotlar bexavotir parvoz qiladi. Kosmosga uchgan kosmik raketalar bilan ham radioto‘lqinlar orqali doimiy aloqa ushlab turiladi. Ha, radioning xizmati beqiyos. Shuning uchun ham kishilar rus olimi Aleksandr Stepanovich Popovning nomini hurmat bilan tilga oladilar. Radio (tarqataman) – xabarlarni radio to‘lqinlari orqali simsiz uzatuvchi va qabul qiluvchi qurilma.[1]
Источник: https://talaba.su/radio-tarixi/
Do'stlaringiz bilan baham: |