13.3. Агросаноат интеграцияси ва агробизнес
Иқтисодий ривожланиш жараёнида қишлоқ хўжалиги ҳамма вақт саноат, савдо ва бошқа тармоқлар билан мустаҳкам боғлиқ бўлиб келганлигини ҳисобга олиш керак. Чунки мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотларига ва қишлоқ хўжалик хомашёсидан тайёрланган товарларга бўлган эҳтиёжларини қондириш фақат қишлоқ хўжалигининг ҳолатига эмас, балки саноат тармоқлари билан уйғун ривожланишига ҳам боғлиқ бўлади. Худди ана шу ҳолат иқтисодиёт таркибида агросаноат мажмуасини битта пировард натижани рўёбга чиқаришга бўйсундирилган тармоқларнинг ягона, яхлит тизимини келтириб чиқариш учун асос бўлади.
Агросаноат интеграцияси – қишлоқ хўжалиги билан саноат, айниқса, унга хизмат қилувчи ва маҳсулотни истеъмолчига етказиб берувчи туташ тармоқлар ўртасида ишлаб чиқариш алоқаларининг ривожланиши ҳамда уларнинг узвий бирикиш жараёнидир.
Агросаноат интеграцияси кўп қиррали бўлиб, у ғоят хилма-хил шаклларда намоён бўлади. Булар энг аввало ана шу жараён қайси даражада, яъни бутун мамлакат кўлами, вилоят доираси ёки корхона даражасида юз беришига боғлиқ. Бутун мамлакат ва минтақалар кўламида агросаноат интеграцияси қишлоқ хўжалигининг тармоқлараро алоқалари кучайишида, иқтисодиётнинг озиқ-овқат (тармоқ) ва минтақа агросаноат мажмуалари ташкил бўлиши ва ривожланишида ифодаланади.
Агросаноат мажмуаси (АСМ) – бу қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, уни сақлаш, қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш билан шуғулланувчи иқтисодиёт тармоқлари бирикмасидир. АСМ тўртта соҳани ўз ичига олади. Биринчи соҳа – қишлоқ хўжалигига ишлаб чиқариш воситалари етказиб берадиган саноат тармоқлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига техника хизмати кўрсатиш билан банд бўлган тармоқлар; иккинчи соҳа – қишлоқ хўжалигининг ўзи; учинчи соҳа – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини истеъмолчига етказиб беришни таъминлайдиган тармоқлар (тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, сотиш); тўртинчи соҳа – одамлар ҳаёти ва фаолиятининг умумий шароитларини таъминлайдиган инфратузилма (йўл-транспорт хўжалиги, алоқа, моддий-техника хизмати, маҳсулотни сақлаш тизими, омбор ва тара хўжалиги)дан иборат.
Ишлаб чиқариш инфратузилмаси бевосита ишлаб чиқаришга хизмат қиладиган тармоқларни, ижтимоий инфратузилма одамлар турмуш фаолиятининг умумий шароитларини таъминлайдиган соҳаларни (уй-жой, маданий-маиший хизмат, савдо, умумий овқатланиш ва ҳоказо) ўз ичига олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |