13-БОБ. АГРАР МУНОСАБАТЛАР ВА АГРОБИЗНЕС
Иқтисодий қонунлар ва категорияларнинг амал қилиши иқтисодиётнинг барча соҳалари, тармоқлари ва бўғинлари учун умумий бўлсада, лекин улардаги табиий ва ижтимоий-иқтисодий шароитга боғлиқ ҳолда ўзига хос хусусиятлар ҳам касб этади. Айниқса, бу ўзига хос хусусият аграр соҳада яққол намоён бўлади. Чунки бу ерда такрор ишлаб чиқариш кўп жиҳатдан тирик организм (ҳайвон, ўсимлик ва бошқалар) билан ҳам боғлиқ. Ушбу бобда иқтисодиётнинг умумий томонлари билан биргаликда унинг аграр соҳада намоён бўладиган ўзига хос хусусиятлари кўриб чиқилади, шунингдек, аграр муносабатларнинг мазмуни таҳлил қилиниб, ер рентасининг вужудга келиши ва тақсимланиши муаммолари ҳамда уларнинг қисқача тавсифи берилади. Агросаноат интеграцияси ва агросаноат мажмуасининг мазмуни, уларнинг таркиби ва вазифаларига тўхталиб ўтилиб, агробизнес ва унинг турлари баён этилади.
13.1. Аграр муносабатларнинг иқтисодий мазмуни. Қишлоқ
хўжалик ишлаб чиқаришининг хусусиятлари
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг муҳим соҳаси бўлиб, унда инсоният ҳаёти учун энг зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва аҳоли учун истеъмол буюмлари тайёрловчи саноат тармоқларига хомашё ишлаб чиқарилади. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз раҳбари бу соҳага ҳар доим алоҳида эътибор бериб келмоқдалар.
«Алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган навбатдаги энг муҳим устувор вазифа, – деб таъкидлайди Президентимиз И.Каримов, – қишлоқда турмуш даражасини юксалтиришга, қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартиришга қаратилган узоқ муддатли ва бир-бири билан чамбарчас боғлиқ кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришни жадаллаштириш, мулкдорнинг, тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг мақоми, ўрни ва аҳамиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, фермер хўжаликлари ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир»1.
Бу вазифаларни бажариш учун аграр соҳани ва улар билан боғлиқ бўлган саноат тармоқлари, хизмат кўрсатиш ва инфратузилма соҳаларини ҳар томонлама ривожлантириш зарурдир. Бошқа соҳалар каби қишлоқ хўжалигида ҳам кишилар ўртасида иқтисодий алоқа ва муносабатлар содир бўлади.
Аграр соҳада ишлаб чиқариш кўп жиҳатдан ер билан боғлиқ бўлади. Ерга эгалик қилиш, тасарруф этиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар аграр муносабатлар дейилади.
Қишлоқ хўжалигида такрор ишлаб чиқаришнинг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, бу ерда ишлаб чиқариш жараёни бевосита тирик мавжудотлар – ер, ўсимлик, чорва моллари билан боғлиқ бўлади ва табиий қонунлар иқтисодий қонунлар билан боғланиб кетади. Бунда ер меҳнат қуроли ва меҳнат предмети сифатида қатнашади. Ернинг бошқа ишлаб чиқариш воситаларидан фарқи шундаки, ундан фойдаланиш жараёнида у ейилмайди, эскирмайди. Аксинча, агар ундан тўғри фойдаланилса, унинг унумдорлиги ошиб боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |