2-боб. Назорат турлари ва баҳолаш мезонлари
Профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар билимини баҳолаш ва назорат қилиш: жорий баҳолаш, оралиқ ва якуний назоратларни ўтказиш орқали амалга оширилади.
Жорий баҳолаш – ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан ўтказилаётган машғулотлар давомида ўқувчилар билимини назорат қилишда турли усуллардан (ёзма иш, оғзаки сўров, тест, мунозаралар, амалий топшириқлар, мустақил вазифаларни бажариш ва б.) фойдаланиш орқали баҳолаш ҳисобланади. Ўқувчилар билимини жорий баҳолашда ўқувчиларнинг топшириқларни бажариши, уларнинг фаоллиги ҳамда давомати инобатга олинади.
Оралиқ назорат − тегишли фан дастурларининг хусусиятидан келиб чиқиб, дастурнинг муайян бир бўлими (қисми) тугаллангандан кейин семестр давомида ўқувчилар билимини баҳолаш шакли ҳисобланади.
Якуний назорат − тегишли фан дастурларида белгиланган ўқув соатларидаги мавзулар тўлиқ ўзлаштириб бўлинганда, ўқувчилар билимини саволлар, тест вариантлари ва амалий топшириқлар орқали баҳолаш шакли ҳисобланади.
Фанлардан ўқувчиларнинг билимлари қуйидаги мезонлар асосида:
ўқувчи мустақил хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фан (мавзу)нинг моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 5 балл; ўқувчи мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фан (мавзу)нинг моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 4 балл; ўқувчи олган билимини амалда қўллай олади, фан (мавзу)нинг моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда – 3 балл; ўқувчи фан дастурини ўзлаштирмаган, фан (мавзу)нинг моҳиятини тушунмайди ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда – 2 балл билан баҳоланади.
Ўқувчиларнинг ўқув, ишлаб чиқариш (педагогик) ва диплом олди амалиётлари бўйича билим, кўникма, малака ва компетенциялари қуйидаги мезонлар асосида:
ўқувчи белгиланган топшириқни назарий билади, иш ўринларини тўғри ташкил қила олади, техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ўлчов ва ишлов бериш асбоб-ускуналаридан тўғри фойдалана олади, вақт меъёрларига амал қилган ҳолда сифатли бажара олади деб топилганда – 5 балл; ўқувчи белгиланган топшириқни назарий билади, иш ўринларини тўғри ташкил қила олади, техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда бажара олади, аммо ўлчов ва ишлов бериш асбоб-ускуналаридан фойдаланишда, вақт меъёрларида хатоликларга йўл қўйган ҳолда бажарди деб топилганда – 4 балл; ўқувчи белгиланган топшириқни назарий билади, иш ўринларини тўғри ташкил қилади, аммо техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилишда, ўлчов ва ишлов бериш асбоб-ускуналаридан фойдалишда, вақт меъёрларига амал қилишда хатоликларга йўл қўйди деб топганда – 3 балл;
ўқувчи ўқув амалиёти дастурини ўзлаштирмаган, амалиёт машғулотининг 50 %и ёки ундан кўп қисмида иштирок этмаган, амалиёт ҳисоботларини топширмаган ҳамда амалиёт (мавзу) бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда – 2 балл билан баҳоланади.
Ўқувчининг амалий, семинар, курс иши, лаборатория машғулотлари ва мустақил таълим топшириқларини бажаришини баҳолаш мазкур низомнинг 7-бандига мувофиқ амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |