Керакли материал ва жиҳозлар: пластилин ёки лой, стеклар, картон, фанера, пластмасса ёки тахта бўлагидан таглик, ҳар хил шаклдаги чиройли безатилган тортларнинг расмлари.
Машғулотнинг мақсади. Болаларда нақш элементлари, бадиий безак турлари ҳақида дастлабки тасаввурларни ҳосил қилиш. Безак элементларини тўртбурчак, айлана, овалсимон шаклларда яхлит композицияга бирлаштиришга оид элементар малакаларни таркиб топтириш.
Машғулотни ташкил этиш босқичлари.
Машғулотнинг биринчи босқичида тарбиячи болаларга тортларни безаш тартиби, турлари ва бошқа жиҳатлари ҳақида маълумот беради.
Кейинги йилларда торт безаш ишлари уларнинг дизайни ва айниқса, устки қисмини безаш борасида жуда катта ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Эндиликда бу соҳа профессионал даражадаги фаолият турига айланган бўлиб, бундай касбни эгаллаш учун касб-ҳунар коллежлари, махсус курслар ташкил этилган. Табиийки, мактабгача ёшдаги болаларда ҳам торт ясаш ва уни безатишга қизиқиш кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам бу мавзуни қизиқарли тарзда ташкил этиш мумкин. Бунинг учун тарбиячида тортни турли шаклда безатилган намуналарининг иллюстрациялари бўлиши лозим. Тарбиячи уларни намойиш этгач, болалар билан шартли равишда ясаладиган тортнинг шакли, ранги, безак турлари, композициясини муҳокама қилади. Муҳокама жараёнида болаларнинг фаоллиги ва улар томонидан билдирилаётган фикрларнинг мустақиллиги, асослилигига алоҳида эътибор қаратилади. Бу жараён болаларда бўлажак безак ҳақидаги тасаввурларни ойдинлаштиради.
Машғулотнинг иккинчи босқичида иллюстратив материал асосида торт безакларини ишлаш тартиби ва кетма-кетлиги тушунтирилади. Бу жараёнда болаларга муаммоли, йўналтирувчи саволлар бериб, уларнинг тасаввурлари янада конкретлаштирилади.
Машғулотнинг учинчи босқичида болалар бевосита ижодий фаолият билан шуғулланадилар. Машғулотнинг бу босқичида рангли пластилиндан тўғри фойдаланиш, уларнинг ранглар мутаносиблиги, контрастлиги каби жиҳатларини тўғри ифодалаш муҳим рол ўйнайди. Шунинг учун тарбиячи болаларга кўпроқ маслаҳат бериб, жараённи назорат қилиб боради.
Бажарилаётган ишни болаларга қулай бўлиши учун торт шаклини фақат устки қисми безатилади. Агар торт натурал тарзда безатиладиган бўлса, биринчидан, кўп миқдорда пластилин керак бўлади. Иккинчидан, ишлаш учун ноқулайлик келтириб чиқаради. Айрим болалар топшириқни лойдан бажаришлари ҳам мумкин. Бу ҳолатда асосий эътибор безакнинг бўртиқлик даражаси, композициясига қаратилади.
Машғулот давомида болаларга безатилган торт иллюстрацияларини вақти-вақти билан қайта намойиш этиб туриш мумкин. Мустақил безак композицияси тузишга қийналадиган болаларга кўчириб ишлаш учун ўзига хос “шпаргалка” - бевосита расмдан бироз соддалаштирилган тарзда кўчиришларига рухсат бериш мақсадга мувофиқ. Бу жараённи ҳам тарбиячи бошқариб, назорат қилиб боради.
Машғулотнинг якуний босқичида бажарилган ишларнинг кичик кўргазмаси ташкил этилиб, ишлар муҳокама қилинади. Муҳокама қилишда тарбиячи томонидан ҳам, болалар томонидан ҳам уларнинг ишларини танқид қилиш, камчиликларини кўрсатиб камситишга йўл қўймаслик керак.
Мавзу. Олма, унинг барги ва шохини ясаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |