Машғулот жараёнида бажариш учун тарбиячига тавсиялар. Болаларни зерикиб қолишларини олдини олиш учун дидактик ўйин технологиялари, бармоқчалар учун махсус гимнастика машқлари, болаларнинг кайфиятини кўтарувчи турли ритмик ҳаракатларни бажариш машғулотни кўтаринки руҳда ўтишини таъминлайди.
Мавзу: Тошбақа ўйинчоғи ҳайкалчасини тасвирлаш(вариант).
Машғулотнинг мақсади: болаларга тошбақани ясаш техникасини ўргатиш ва уларда ижодкорлигини ривожлантириш. Тошбақа шаклини идрок этишга тайёрлаш.
Машғулот учун керкли материаллар: намунали ишнинг ўзи ва нусхалари, ҳайвончалар тасвирланган рангли расмлар, видео роликлар, пластилин, стек, стаканда сув, латта ёки қоғоз салфетка ва ҳ. к.
Тошбақа ўйинчоғи ҳайкалчасини тасвирлаш қуйидаги босқичларда олиб борилади.
Биринчи босқич. Болаларга тошбақа тасвирланган намунали ишлар кўрсатилади. Тошбақа ҳайкалчасини пластилин билан тасвирлаш технологиясидаги босқичлар тушунтирилади. Олов рангли пластилиннинг бир бўлагини олиб уни керак жойидан стек билан кесилади.
Иккинчи босқич. Кесиб олинган пластилин бўлакчасини қўллар билан юмшатиб керакли шаклга келтириб олинади.
Учинчи босқич. Ярим шар шаклида тайёрлаб олинган тошбақани гавда қисмига унинг бош қисмини кўк рангдаги пластилинда ишлаб сўнгра ўрнатилади.
Тошбақа ҳайкалчасини ҳосил қилиш босқичлари.
Тўртинчи босқич. Тошбақани тўртта оёғи ва думини тайёрлаб олиб улар тана қисмига ўрнатиб чиқилади.
Бешинчи босқич. Тошбақанинг танасидаги тошини майда бир нечта думалоқчалар ясаб олиб, улар ёпиштириб чиқилади.
Олтинчи босқич. Якуний босқичда оқ ва қора пластилиндан тошбақанинг кўзи тайёрлаб олинади ва ёпиштириб чиқилади. Оғзи стек ёрдамида чизиб ҳосил қилинади ёки очроқ рангдаги пластилин билан белгилаб қўйилади.
Тошбақи ҳайкалчасини гуруҳдаги барча болалар тугатиб бўлгач, болалар бештадан гуруҳларга бўлиниб, уларга ясалган ҳайкалчалардан сюжетли композиция тузиш тартиби тушунтирилади. Ҳар бир гуруҳ ўзлари мустақил тарзда мавзу танлаб композиция тузадилар. Масалан, “Циркда томоша кўрсатаётган тошбақалар”, “Саёҳатга кетаётган тошбақалар”, “Доира шаклида ўйинаётган тошбақалар”, “Тоғ бўлаётган тошбақалар” ва ҳ.к. бўлиши мумкин. Болаларга бундай қизиқарли сюжетли композицияларни тузиш унчалик қийинчилик туғдирмайди. Асосан, тошбақа ҳайкалчасини ясаш технологияси яхшилаб ўргатилиши лозим. Ясаб бўлингач болаларга композиция ҳақида бироз тушунча бериб, уларга композиция вариантларидан намуналар кўрсатилади. Бу омил болаларга топшириқ мазмуни ва уни бажариш тартибини яхши англаш имконини беради.
Мавзу. Байрам тортини безаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |