Кружка – ёғлоғилар тоифасига киритилган идишлар Л.М.Левина, Г.А.Брикина каби муаллифлар асарларида “кружка”, Ю.Якубов китобларида “дўлча”, “гулосак”, Е.М.Пешеревада “яғлоғу”, деб номланган. Бугунги кунда Жиззах шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолиси тилида “ёғлоғи” атамаси металлдан, пластмассадан ясалган, гардиш тагидан чиқарилган узун, тўғри чизиқсимон дастали идишга нисбатан қўлланилади. Бу шаклдаги кружка – ёғлоғилар кам нусхада қайд этилган бўлиб уларнинг гардиши тўғри, гардиш боши текис, учли, ташқарига қайрилган. Идишларнинг тухумсимон танаси гардиш қисмидан кичик бўйинча орқали кескин ажралган, тагдони текис ясси. Ёғлоғиларнинг балдоғи думалоқ, узунчоқ шаклда бўлиб, улар идишнинг гардиш ва елка қисмига ўрнатилган. Қўлда ясалган ушбу идишларни айрим нусхаларидан ўчоқбоши хўжалигида ҳам фойдаланилган1. Таъкидлаш лозимки, бу тоифадаги идишлар Ўрта Осиёнинг деярли барча тарихий маданий вилоятлари каби Жиззах воҳасида ҳам кенг тарқалади.
Кўзалар. Ўрта Осиё иқлим шароитида ичимлик сувга бўлган эҳтиёж, уни сақлаш ва истеъмол қилиш масалалари кундалик турмуш тарзининг асосий муаммоларидан бири бўлган. Шу сабабли, сувни ташиб келтириш, уни сақлаш ва айниқса, истеъмол қилиш учун махсус сопол идишлар ишлаб чиқарилган. Зеро, сувни ташиш учун ўртача ҳажмли, тор бўғизли, уни сақлаш учун катта ҳажмли, кенг бўғизли, истеъмол қилиш учун узун, ингичка, тор бўғизли кўза, обкўза ва кўзачалар ишлаб чиқарилган. Ошхона идишлари қаторидан айнан тор бўғизли кўзачалар ўрин олган бўлиб, улардан умумий овқатланиш пайтида махсус идишларга ичимлик қуйиб истеъмол қилинган. Бундай тор бўғизли, узун бўйинли кўзачаларнинг тана тузилиши ноксимон шаклда, гардиши тик, сал ташқарига қайрилган кўринишдадир. Кўзаларнинг баъзилари ўткир учли асбоб билан ўйиб чизилган тўғри, тўлқинсимон нақшлар билан безатилган2.
Хулоса. Жиззах воҳасининг IV- VI асрларда фаолият кўрсатган шаҳар ва қишлоқ маконларидан топилган ва юқорида тавсифи баён этилган сопол идиш намуналари Қовунчи маданиятининг Ўрта Сирдарё хавзаси ёдгорликларининг IV- VI асрларга оид материаллари1 билан, Жануби - Ғарбий Фарғонанинг Қайрaғоч, Қорабулоқ, Тaғоп ёдгорликлари кулоллик ашёлари билан2, Жанубий Суғд3. Юқори Зарафшоннинг қишлоқ манзилгоҳлари4 сопол идишлари билан жуда яқин ўхшашликка эга. Шу асосда, ушбу сопол идишлар комплекси мил.авв IV- VI асрлари билан даврланади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги кунда республикамиз, жумладан Жиззах вилояти музейларида сақланаётган қадимги даврларга мансуб сопол идишларнинг илмий жиҳатдан ўрганилиши алоҳида, ўта долзарб муаммога айланган. Зеро, уларни тарихини яратиш, бугунги ёш авлодга бу борада тўлиқ билим бериш орқали уларни ватанпарварлик ғоялари остида тарбиялаш ғоят муҳим бўлган амалий вазифадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |