Тадқиқотчилик лаёқати – илмий тадқиқот ишларини бажаришга оид қобилият. Ижодий қобилиятларни ривожлантиришга йўналтирилган тадқиқотчилик фаолияти- муаммоли ўқитиш тизимидаги асосий фаолият турларидан бири бўлиб, бўлажак педагог-тарбиячиларга узлуксиз равишда ўзлари учун янгиликларни кашф этишга имкон яратади. Унда педагог-тарбиячиларда ижодкорлик, янгилик яратиш қобилиятини ривожлантириш ғояси етакчилик қилади. Ижодий лаёқатлар - педагог-тарбиячиларнинг янги илмий фикрлар айтиши, таълим усуллари ёки воситаларини ўзи мустақил яратиши ёки унга қандайдир янги элементлар қўшиши, фавқулодда, кутилмаган қарорлар қабул қилишида кўринади.
Илмий тадқиқот жараёнида онгнинг ҳиссий идрокдан абстракт тафаккурга томон ўсиши, амалий-эмпирик тажриба негизида ривожланиб бориши кузатилади. Илмий тадқиқот фаолияти узлуксиз таълим жараёнида яхлит тизим шаклида шаклланади ва амалга ошади.
Тадқиқотчилик фаолияти ҳамиша креатив ёндашишни талаб қилади. У педагог-тарбиячиларни ўз-ўзини реализация қилишлари, ўз ички имкониятларини аниқлашлари ва намоён этишларига қаратилади. Таълим олувчи тадқиқот устида худди ижодкор каби тер тўкиб ишлайди ва бу иш ўзининг янгилиги, ижодий татбиқ эта олиши, ноодатийлиги билан ўзига жалб қилади. Тадқиқот ишининг мазмуни ва уни техник жиҳозлаш таълим олувчининг фантазиясига боғлиқ, у мавзуни очиб беришда муҳим деб билган ахборотларни танлайди, тадқиқотни схема, жадвал, илмий услуб асосида жиҳозлашни амалга оширади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, агар интеллектнинг юқори коэффициенти креативликнинг юксак кўрсаткичлари билан тўлдирилса, инсон касбий ва бошқарув фаолиятида катта муваффақиятларга, ўзида ижодий-тадқиқотчилик лаёқатларини таркиб топтиришга эришади. Педагог-тарбиячиларда тадқиқотчилик лаёқатларини шакллантириш бевосита уларнинг илмий-ижодий фаолияти даражасини аниқлаш мезонларини белгилаб олишни талаб қилади.
Креативлик - ижодкорликка, ноодатий ва кутилмаган қарорлар чиқаришга, янги ғояларни қабул қилишга, қотиб қолган стереотипларни бартараф қилишга, ностандарт вазиятларда ечимлар топа билишга ва ҳайратланишга лаёқатлилик демакдир.
Америкалик олим П.Торренс психологияга креативлик тушунчасини киритиб, унинг қай даражада шаклланганлиги ўқув ва касбий фаолиятда шахснинг ташкилотчилик лаёқатига эга бўлишида намоён бўлишини кўрсатди.
Педагог-тарбиячи шахсининг ривожланиши ўзига хос хусусиятга эга. Бу, энг аввало, уларда ўзини такомиллаштириш истагининг кучайиши ва изланишга бўлган қизиқишининг ўсиши билан характерланади. Яна бир муҳим хусусиятларидан бири мустақил фикр юритишга интилишнинг ривожланишидир. Шунинг учун ҳам бу даврда фақат назарий билим бермасдан, турли амалий вазиятларга муносабат билдиришни шакллантириш, кўпроқ изланиш, ижодий ёндашув, тафаккур ривожига эътибор қаратиш лозим. Ўқув машғулотларини замонавий шаклда ўқитишнинг модуль тизимини ташкил этилиши билим олувчиларда тизимли таҳлил қилиш қобилияти, фалсафий ва илмий тафаккур кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ёш мутахассиснинг етуклик даражаси унинг муайян соҳа бўйича тўлақонли ихтисосликка эга бўлиши билан бирга, унда тадқиқотчилик лаёқатининг қай даражада эканлиги, маънавий-интеллектуал ривожланганлиги, бир сўз билан айтганда, маънавий-маърифий камолоти билан белгиланади. Чунки чинакам маърифатли одам миллат қадриятларини, инсон қадрини, ўзлигини англаши, мустақил давлатимизни жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан курашиши мумкин. Зеро, ёшлар онгига мустақил, озод ва обод давлат барпо этиш, унинг содиқ ҳамда фидойи фарзанди бўлишдек муқаддас туйғуни сингдириш давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бири ҳисобланади.
Бўлажак педагог-тарбиячиларнинг тадқиқотчилик фаолиятини тарбиялашни такомиллаштиришда миллий ва умуминсоний қадриятлар бўйича юқори даражадаги билимдонлиги, илмий ва дунёвий билимлар бўйича юқори тафаккурга эга эканлиги, тадқиқотчилик қобилиятининг кучлилиги, мантиқий фикрлаш қобилиятининг ривожланганлиги, янгиликка интилувчанлиги, ижтимоий вазиятларни баҳолай олиши, илмий ва касбий дунёқарашнинг кенг қамровлилиги, муаммоли вазиятларда мустақил тўғри фикрлай олиш каби ўзига хос хусусиятларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Илмий-тадқиқот жараёнида онгнинг ҳиссий идрокдан абстракт тафаккурга томон ўсиши, амалий-эмпирик тажриба негизида ривожланиб бориши кузатилади. Илмий- тадқиқот фаолияти узлуксиз таълим жараёнида яхлит тизим шаклида шаклланади ва амалга ошади.
Олиб борилган изланишларимизнинг кўрсатишича, “Педагогика олий ўқув юртларида бўлажак ўқитувчининг илмий-ижодий фаолияти қандай амалга оширилса, юқори самарага эришилади? Бу жараён қандай қилиб мақсадли ва тизимли амалга оширилади?” каби саволлар ҳозирга қадар ўз ечимини тўлиқ топган эмас.
Шунга кўра биз олиб бораётган тадқиқот жараёнимизда “Бўлажак мутахассиснинг илмий-ижодий фаолияти ва илмий дунёқараши қандай бўлиши керак? Бўлажак ўқитувчининг мафкураси қайси ижтимоий талаблар асосида шаклланмоғи лозим?” каби масалалар ўз ечимини топмоғи лозим деб ҳисобладик. Чунки мафкуравий онг ва илмий дунёқараш ўзаро уйғун ҳодиса саналади. Бўлажак ўқитувчининг илмий-ижодий фаолияти фақат янги билимларни ўрганиш ва маълумот олиш билан чекланиб қолса, унда илмий дунёқараш ва мафкуравий онг етарлича шаклланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |