Палеолит даврида мобиллик масаласи
Муҳаммадиев А. ЎзРФА, Миллий Археология Маркази кичик илмий ходим
Палеолит даврида жамоалар ҳаёти, кундалик турмуш-тарзи ва узаро ижтимоий муносабатлар тарихини ўрганиш бугунги кунда палеолитшуносликнинг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Давр тарихини ўрганишдаги мавжуд манбаларнинг деярли барчаси моддий маданиятни ёритиш имконини бериб, ижтимоий соҳага оид хулосалар чиқаришда тадқиқотчилар бироз қийинчиликларга дуч келишади.
Палеолит даври жамоаларининг кундалик турмуш-тарзи озиқ-овқат вахом-ашё манбаларини ўзлаштириш билан боғлиқ бўлиб, ушбу жараёнлар бевосита жамоаларнинг ҳудудлараро ижтимоий муносабатлари, ҳамда мобиллиги шароитида амалга оширилган. Палеолит даври жамоалари ижтимоий муносабатлари ва мобиллиги ҳақидаги маълумотларни хом-ашёдан фойдаланиш, ҳамда унинг транспортировкаси жараёнини ўрганиш орқали қўлга киритиш мумкин. Озиқ-овқат заҳиралари каби хом-ашё ҳам қадимги жамоалар эҳтиёжининг асосини ташкил этган. Заҳираларни ўзлаштириш учун жамоалар томонидан босиб ўтилган масофа, манзилгоҳ ва хом-ашё манбалари жойлашган ҳудудларни узаро боғлаган1.Мазкур ҳолатда манзилгоҳ ва хом ашё манбалари жойлашган ҳудуд, улар ўртасидаги масофаижтимоий алоқалар ва мобиллик хусусиятларини аниқлашда асосий манба бўлиб хизмат қилади2.
Л.Бинфорд овчилик-термачилик билан шуғулланувчи жамоаларни икки турга ажратишни таклиф этади. Биринчи гуруҳда, мобиллик заҳираларни ўзлаштиришда айланма ҳаракатланиш йўналиши эга, кучманчи турмуш-тарзи шароитида яшашга мослашган жамоалар тушунилади. Жамоа аъзолари озиқ-овқат заҳираларини тўпламайди, балки кунлик эҳтиёж қондирилади. Ҳаракатланиш давомида жамоа ўзидан кўплаб қисқа муддатли манзилгоҳларни қолдиради. Асосий қароргоҳ маҳаллий хом-ашё манбалари яқинида жойлашган бўлиб, хом-ашё манзилгоҳга махсус келтирилмайди, балки кундалик машғулотлар жараёнида олиб келинган.
Иккинчи ҳолатда жамоалар доимий яшаш манзилгоҳига эга бўлишган. Озиқ-овқат ёки хом-ашё маҳсулотлари аввалдан маълум бўлган манбалардан махсус гуруҳлар томонидан мавсумий вақтинчалик турар жойларга олиб келиниб, ярим тайёр маҳсулот ҳолида тўпланган ва доимий манзилгоҳга транспортировка қилинган. Кўп ҳолларда жамоа ўз манзилгоҳини маҳаллий сифатсиз хом-ашё манбаи яқинида жойлаштирган3. Жамоалар мавсумий ҳолда ҳар иккала мобиллик ҳолатини қуллаган бўлиши ҳам мумкин4.
Баъзи бир тадқиқотчилар мобиллик турини жамоалар яшаши учун зарур бўлган заҳираларнинг ҳудудларда тарқалиши ва тақсимотига боғлиқлигини таъкидлашади1. Эҳтиёж учун зарур бўлган заҳираларнинг тугаши, қадимги жамоаларнинг кучишига сабаб бўлиб, маҳаллий ҳудуд 10 км. радиусдаги масофа билан чегараланган2. Ёки маҳаллий ҳаракатланиш чегараси атроф-муҳитда озиқ-овқат заҳираларининг бойлиги ва кенг тарқалганлиги билан белгиланиб, бунда заҳираларни ўзлаштириш майдони 1400-5400 кв. км.ҳудуддан иборат бўлиши мумкин3.
Маҳаллий бўлмаган хом-ашё турларини 100 км. масофадан узоқ ҳудудлардан келтирилишини тадқиқотчилар ҳайвон ва ўсимликлар каби бошқа турдаги озиқ-овқат заҳираларини ўзлаштирилиши билан боғлайди. Шунингдек хом-ашёнинг ҳудудлараро транспортировкаси ижтимоий алоқалар мавжудлигини кўрсатиб берувчи ҳолатдир4.
Палеоантропология соҳасидаги охирги тадқиқотлар ижтимоий алоқаларнинг неандерталларда ҳам мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Тадқиқотлар 300 минг йил олдин бош мия қобиғи 120-150 киши ўртасида ижтимоий алоқаларни йўлга қўйиш имконига эга даражада ривожланганлигини кўрсатмоқда5. Шунингдек инсон нутқининг ривожланишида муҳим бўлган FOXP2 гени неандерталларда ҳам мавжуд бўлганлиги, ҳамда ген оқсили яхши ривожланганлиги аниқланган6. Р.Уоллан овчилик-термачилик билан шуғулланувчи жамоалар мобиллигини кучиш, таъминот, ижтимоий муносабатлар ҳамда ахборот алмашинуви жараёнлари билан боғлиқ тўртта турга ажратади. Тадқиқотчи мазкур ҳолатда улар ўртасида аниқ бир чегара бўлмаслигини таъкидлаб ўтади7.
К.Гэмбл эса ижтимоий муносабатларни уч асосий даражасини кўрсатиб ўтган. Булар оила-қариндошлик муносабатларига асосланган 5 кишигача бўлган гуруҳ, келиб чиқиши бир ёки битта маконда яшаши билан боғлиқ 20-25 кишидан иборат гуруҳ, ҳамда қабила бирлашувига ўхшаш 100-400 кишигача бўлган гуруҳдаги ижтимоий муносабатлар8. Ушбу тақсимот асосида қадимги жамоалар мобиллиги ва ижтимоий муносабатлари хусусиятлари ҳам белгилаб берилади. Хом-ашё алмашиш жараёни 200 км. масофагача бўлган ҳудудда содир бўлган ижтимоий алоқалар доирасида амалга оширилган1.
Яқин вақтларгача неандерталлар мобиллиги сапиенсларга нисбатан анча паст кўрсатгичга эга деб қаралган2. Индустрияда хом-ашёнинг асосини 5 км. масофагача бўлган ҳудуддан олиб келинган маҳсулотлар ташкил этганлиги учун неандерталлар чекланган ҳаракатчанлик моделига эга эканлиги таъкидланган. Охирги тадқиқотларда неандерталлар мобиллиги борасида қўлга киритилган маълумотлар, юқоримобиллик хусусияти фақатгина сўнгги палеолит даври ва сапиенсларгагина хос бўлганлиги ҳақидаги фикрларни инкор этмоқда3.
Ўрта ва сўнгги палеолит даврида хом-ашёдан фойдаланишдаги фарқлар унинг сифатида эмас, балки миқдорида сезилади. Шу сабабли неандерталларнинг чекланган мобилликка эга бўлганлиги ҳақидаги хулосалар борган сари кўпроқ шубҳа остида қолмоқда4. Узоқ ҳудудларда жойлашган манбалардан хом-ашё кам миқдорда транспортировка қилинган бўлсада, улар изчил тарзда амалга оширилган. Шу сабабли нафақат сапиенслар, балки неандерталлар жамоаси ҳам ривожланган ижтимоий муносабатлартизимининг бир қисмини ташкил этган деб ҳисоблаш тўғрироқ бўлади.
Ўзбекистон палеолитшунослигида ижтимоий муносабатлар ва қадимги жамоалар мобиллиги муаммолари аниқ тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган. Муаммога ойдинлик киритиши мумкин бўлган хом-ашё манбаларидан фойдаланиш ва хом-ашё транспортировкаси масаласи ҳам деярли ёритилмаган. Лекин палеолит даврининг у ёки бу ёдгорлигини ўрганиш натижасида чоп этилган илмий хулосаларни таҳлил қилиш орқали, қадимги жамоаларнинг хом-ашё манбаларидан фойдаланиши ва унинг транспортировкаси жараёни, ҳамда шу орқали ижтимоий муносабатлар ва мобиллик ҳақида хулосалар чиқариш имконига эга бўлишимиз мумкин.
Палеолит даврини тадқиқ этиш жараёни бошланган вақтдан то бугунги кунгача Ўзбекистонда юзга яқин ёдгорликлар аниқланган бўлиб, улардан ўттизга яқини яхши ўрганилган. Ёдгорликларнинг ўрганилишидаги ушбу номутаносиблик кўп ҳолларда маданий қатламнинг мавжуд эмаслиги, ҳамда шунчаки топилмажой сифатида таснифланиши билан боғлиқ. Яхши тадқиқ этилган ёдгорликлар ҳам хом-ашёдан фойдаланиш ва транспортировка муаммоси доирасида тадқиқ этилмаган. Ўрганилган ёдгорликлардан Тешик-тош, Кулбулоқ, Самарқанд манзилгоҳи каби ёдгорликларда хом-ашёдан фойдаланиш ва унинг транспортировкаси масаласига доир хулосалар чиқариш имконига эгамиз.
Тешик-тош ғорида олиб борилган дастлабки тадқиқотларда А.П.Окладников хом-ашёдан фойдаланиш масаласига тухталиб ўтади. Тадқиқотчининг сифатли хом-ашёдан фойдаланиш борасидаги фикрлари мазкур манзилгоҳда хом-ашё транспортировкаси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш имконини беради. Манзилгоҳда яшма ва кварцитдан ясалган нуклеусларнинг умуман учрамаслиги, лекин мазкур хом-ашёдан ясалган учриндилардан доимий равишда қуроллар ясалганлиги, ҳамда уни тежашга ҳаракат қилинганлиги, хом-ашёнинг ярим тайёр маҳсулот ҳолида транспортировка қилинганлиги эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади1.
Самарқанд манзилгоҳида хом-ашёдан фойдаланиш хусусиятлари ва манзилгоҳнинг функционал вазифаси борасида билдирилган фикрлар, ёдгорлик соҳиблари ҳаётининг ижтимоий жиҳатлари, ҳамда жамоанинг мобиллиги хусусиятлари ҳақида хулоса чиқариш имконини беради2. Г.Ф.Коробкова ва М.Д.Журақулов тадқиқотлари натижасида қўлга киритилган илмий хулосалар айниқса ўзининг аҳамиятлилиги билан ажралиб туради.
Шу ўринда қўлга киритилган хулосалар аҳамиятини инкор этмаган ҳолда, қадимги жамоалар ижтимоий муносабатларива мобиллиги масаласига ойдинлик киритиши мумкин бўлган баъзи бир жиҳатларга тухталиб ўтмоқчимиз. Жумладан тадқиқотчилар трассологик тадқиқот натижаларига таянган ҳолда, яъни қуролларнинг тез едирилиши ҳолатига кўра манзилгоҳни овчилар қароргоҳи сифатида таснифлаш лозимлигини таъкидлаб ўтишган. Лекин манзилгоҳга асос солиниши билан боғлиқ хусусиятлар ёки ундаги ҳаёт давомийлиги масалаларига тадқиқотчилар томонидан ҳеч қандай изоҳ берилмаган.
Юқорида жаҳон палеолитшунослигида хом-ашёдан фойдаланиш жараёни озиқ-овқат ресурсларини ўзлаштириш билан биргаликда олиб борилганлиги ҳолатига кўплаб мисоллар келтирилди. Мазкур жараёнда мобил гуруҳларга хос бўлган хусусиятларга тухталиб ўтилди. Самарқанд манзилгоҳи ҳам айнан мавсумий мобил гуруҳлар томонидан асос солинган вақтинчалик қароргоҳ бўлиши мумкин.
Манзилгоҳнинг мавсумийлиги ва айнан қисқа муддатлилиги, нафақат қуролларнинг тез едирилганлик ҳолатида, балки индустриядаги қуролларнинг таркибида ҳам кўринади. Биринчидан манзилгоҳда асосий машғулот тури овчиликка асосланганлиги яққол кўринади. Индустриядаги қуролларнинг 16,5 % ов улжалари тақсимотида ва 18,9 % терига ишлов бериш жараёнида фойдаланилган. Умумий ҳисобда қуролларнинг 1/3 қисми, яъни 35 % фақат овчилик машғулоти натижасида қулга киритилган маҳсулотларни қайта ишлашда фойдаланилган. Қуролларнинг морфологик жиҳатдан яққол намоён бўлмаган, бирламчи ва иккиламчи учриндилар, ҳамда техник чиқиндиларда тайёрланиши ҳам, турмуш-тарзини мавсумийликка асосланганлиги таъсирида юзага келган бўлиши мумкин. Бу ҳолат эса манзилгоҳда ҳаёт давомийлиги унчалик узоқ бўлмаган деган хулоса чиқариш имконини беради.
Шунингдек, тошга ишлов бериш жараёнининг тадқиқотчилар томонидан қайд этиб ўтган баъзи бир хусусиятлари манзилгоҳда транспортировка жараёни учун маҳсулотлар тайёрлаганлигини кўрсатади. Индустрияда синдириш техникаси пластина, пластинка ва микропластинкалар олишга қаратилганлиги ҳолда, коллекцияда ушбу типдаги артефактлар деярли учрамайди. Коллекция таркибидаги 38 дона нуклеусдан 26 донаси чақмоқтош ва халцедон хом-ашёсидан тайёрланган, лекин тановарларнинг катта қисми қайроқтош хом-ашёсидан олинган бирламчи ва яримбирламчи маҳсулотлардан иборат. Ҳолатни бошқача тарзда индустрия таркибида технологик жараён “занжирида етишмаётган халқа” мисолида тушунтириш мумкин. Яъни, технокомплекс таркибида сифатли хом-ашёдан тайёрланган нуклеуслар мавжуд, лекин улардан олинган тановарлар йўқ. Демак синдириш техникаси натижасида олинган маҳсулотлар бошқа бир доимий манзилгоҳга транспортировка қилинган.
Мазкур таҳлиллардан кўринадики палеолит давридаги ижтимоий муносабатлар ва жамоалар мобиллигини тадқиқ этишда хом-ашё ва ундан фойдаланиш масалаларини ўрганишнинг аҳамияти катта. Юқорида, манзилгоҳлар технокомплекси ва уларда хом-ашёдан фойдаланиш ҳолатлари таҳлил этилганда, дунёнинг турли минтақаларида содир бўлган жараёнлар ўлкамиз тарихига ҳам хос эканлиги кўринади. Республикада палеолит даврини ўрганиш юзасидан олиб борилаётган тадқиқот ишларида ушбу соҳада қулга киритилган ютуқларни тадбиқ этиш лозим. Тадқиқотлар самарадорлигини жаҳон палеолитшунослигида қулланилган янги метод ва ёндошувларни тадбиқ этган ҳолда таъминлаш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |