Қадимги Турон ҳудудларида илк этногенетик жараёнлар ва уларнинг босқичлари ўрганишнинг долзарб масалалари
Джураев И. ГулДУ ўқитувчиси
Евроосиё дашт чорвадорларининг Ўрта Осиё ҳудудларига жойлашиш сиёсати ва уларнинг ерли аҳоли билан ассимиляция жараёнларининг бошланиши ва Ўзбек этносининг илк босқичларида этногенетик жараёнлар, уларнинг босқичлари ва Жанубий Туронда юз берган этник ҳолат таҳлил этилади. Мил.авв. II-минг йилликнинг иккинчи ярми давомида Евроосиё даштларининг чорвадор аҳолиси ижтимоий-иқтисодий зарурият туфайли ўз она юртларини ташлаб, чорва молларига ўтлов-яйловлар қидириб, жанубга, жумладан Ўрта Осиё ҳудудларига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб кела бошлайдилар.
Евроосиё чорвадор дашт қабилалари дастлаб бутун Ўрта Осиё ҳудудлари бўйлаб маҳаллий аҳоли ўзлаштириб улгурмаган, улар томонидан эгалланмаган тоғ ёнбағирларидаги адирлик жойларда қўним топган бўлсалар, сўнг уларни археологик объектлар, фактик материаллар асосида, аста-секин бу минтақа ҳудудларининг текислик ва воҳаларида истиқомат қилаётган маҳаллий аҳоли орасига кириб борганликларини, кези келганда, улар билан бир-бирларига яқин, қўни-қўшни, ҳатто бир манзилда аралашиб яшаганликлари ҳақида далолат берувчи ёдгорликлар мавжуд. Масалан, Жанубий Ўзбекистоннинг Жарқўтон ва Бўстон ёдгорликларида, Жанубий-Ғарбий Тожикистоннинг Нурек ГЭС ҳудудида1, Хисор водийсидаги Тандирйўл ва Заркамар2 қабристонларида, Дахана3 ва Тегузак4 маконларида, Таирсув дарёси ҳавзасида Конгурттут қабристони ва манзилгоҳида ҳамда Бараки-Куруг маконида5 ва ниҳоят янабир ёдгорлик-Хўжа Ғойиб6 (Кулоб водийси) каби ёдгорликларда буни кузатиш мумкин. Айниқса, Сополли маданиятининг мўлали босқичида андронова орийларининг Жарқўтонга бостириб келиши яхши кузатилади. Бу жараёнларнинг излари гарчи махсус маданий қатлам ҳолида Жарқўтон қадимги шаҳар харобаларида сақланмаган бўлса-да, уларнинг излари маҳаллий аҳоли ҳунармандчилик маҳсулотлари-керамика ва меҳнат қуроллари таркибида яққол кўзга ташланади.
Сополли маданияти керамика комплексларида Андронова сопол парчаларидан ташқари, улар таъсирида тайёрланган кўплаб сополлар учрайди. У сополларнинг асоси деҳқон жамоаларнинг сополини айнан ўзи. Аммо, улар юзасида шимолий дашт чорвадорлари керамикасига хос геометрик шаклдаги нақшлар солинган. Бироқ, бу оммавий характер тусини ола олмайди. Чунки, Сополли маданияти керамикаси сифатли, уларнинг турли хил типлари кулолчилик чархида ясалиб, икки ярусли хумдонларда пиширилган, нақшсиздир. Андронова орийларининг сополлари эса, қўлда ясалган (лепная), махсус очиқ гулханларда етарли даражада пиширилмаган, чизма ва чекма геометрик нақшли, сифатсиз, мўрт таркибга эга. Демак, улар кулолчилик ҳунармандчилигида ибтидоий анъаналар билан яшаб келарди. Аммо, сиёсий-ҳарбий ҳокимият улар қўлида бўлса-да, Сополли маданияти кулоллари анъанасини тубдан бузиб ташлай олмадилар, аксинча, унга мослашди, гарчи сополларга нақш солиш анъанасини тиклашга уринсалар-да, аммо, у умумхарактер тусини ола олмади. Лекин, чорвадор орийлар уй-жой қурилишида, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида маҳаллий шароитга мослашиб, кундалик ҳаётда ерга қаттиқ боғланиб қолган, маҳаллий тинч, осойишта жамоалар устидан ўз сиёсий-ҳарбий ҳокимиятини ўрнатадилар ва маҳаллий аҳолига аралашиб яшашни маъқул топган кўринади. Чунки, қатор ёдгорликларда, масалан Кангурттут, Тегузак, Жарқўтон каби археологик объектларда маҳаллий аҳоли билан уларни бирга яшай бошлаганликлари ҳақида гувоҳлик берувчи моддий маданият излари сақланган.
Сополли маданиятининг Бўстон VI қабристонида бу жараёнларнинг акс садоси сифатида етарли маълумотлар тўпланган1. Икки минтақа қабилаларининг ассимиляцияси айниқса, Кангурттут ва Тегузак ёдгорликлари мисолида яхши кузатилган.
Кангурттут манзилгоҳи Таирсув дарёсининг юқори оқимида, Данғара ҳудудининг Кангурттут қишлоғи яқинидан топилган. Ёдгорлик майдонида 12 жойда қазишмалар олиб борилган2. Турар-жой ва хўжалик хоналари очилган. Уйлар тоғ ости адирларнинг қияли террасалари устига қурилган, уларнинг фундаментига ҳарсанг тошлар терилган. Бир жойда жамланган Жарқўтондагидек уйлар режалаштируви кузатилмайди. Стратиграфик кесмада икки қурилиш этапи борлиги кузатилади. Ёдгорлик аслида Сополли маданиятининг мўлали босқичида қад кўтарган бўлиб, бу жойда қишлоқ ҳаёти Кучук 1 даврида ҳам давом этади. Объект муаллифининг таъкидлашича, ёдгорликнинг ҳар иккала горизонтида ҳам даштликлар сополи учрайди. Демак, Кангурттутда маҳаллий туб жойли аҳоли ичига андронова дашликлари кириб келиб, улар билан биргаликда яшашган кўринади. Аммо, уй-жой қурилишида, тоғлик жойлар муҳити ҳисобга олиниб, жамоавий эмас, балки тарқоқ индивидуал хўжалик тарзидаги ҳаёт намойиш этилган. Бундай ҳолатни икки хил этник гуруҳлар бирга яшашган Тегузак қадимги қишлоғида ҳам учратиш мумкин.
Евроосиё даштларининг чорвадор аҳолиси археологик адабиётларда андронова ва Сруб маданияти жамоалари номлари билан аталиб, мавжуд археологик ашёвий далилларга кўра, уларнинг жанубга миграцияси бир босқичда ўтмаган. Уларнинг дастлабки гуруҳлари Ўрта Осиёнинг Амударё ўрта ҳавзаларигача бўлган ҳудудларда осойишта қўним топгач, бу жойдаги иқтисодий экологик шароит ва яшаш учун қулай имкониятлар икки минтақа жамоалари ўртасида иқтисодий ва этномаданий алоқаларнинг доимий характер олишига олиб келади. Миграцион жараёнлар доимийлик характер тусини ола бошлайди. Аммо, миграцион жараёнлар ҳеч қачон бир томонлама бўлмаган. Жанубий ҳудудлар жамоаларининг шимолий ҳудудларга кириб борганлик фактлари ҳам кузатилади. Бу ўзаро иқтисодий ва маданий алоқалар, айниқса, мил. авв. II-минг йилликнинг охирги чорагида ўзининг юксак чўққисига кўтарилди. Ўрта Осиё жанубининг ҳунармандчилик маҳсулотлари, биринчи навбатда қулолчилик чархида ясалган сопол идишлар Тоғли Олтойгача кириб борди1. Улар Еттисув вилоятининг Биен манзилгоҳида2, Жанубий Қозоғистоннинг Таутари қабристонида3, Шимолий Қозоғистоннинг Павловка манзилгоҳида4, Марказий Қозоғистоннинг Кент маконида, Миржик ва Тасирбой қабристонларида5, Тоғли Олтойнинг Калиновка 4, Курайка 3 қабристонларида6 учрайди. Ўз навбатида, бу даврда Ўрта Осиёнинг бирор бўш жойи қолмадики, у ерларга шимолий дашт чорвадорлари қириб бормаган бўлса.
Шундай қилиб, улар Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида қандай номлар билан аталишларидан қатьий назар, Евроосиё даштларида кенг тарқалган, мил. авв. II-минг йилликнинг иккинчи чораги давомида Урал тоғ тизмаларининг жануби-шарқий тоғ олди худудларида андронова кўчманчи чорвадорлари сифатида тарих майдонига чиқиб, ўша минг йилликнинг иккинчи ярми давомида, бир неча босқичда, гуруҳ-гуруҳ бўлиб, Ўрта Осиё ҳудудларига кириб келган туркий тилли андронова орийлари эди. Улар гоҳ тинч ва осойишта, гоҳ маҳаллий аҳоли билан ер-жой талашиб, жангу жадаллар олиб борган, ўз даврида ўзга этник гуруҳларни ташкил этган. Аста-секин уларнинг маҳаллий шароитга мослашган ўзига тўқ, бадавлат қисми яйлов чорвачилиги билан шуғулланишда давом этсалар, уларнинг мулксиз камбағал тоифаси (улар доимо кўпчилликни ташкил этарди) ўтроқ ҳаётни маъқул топиб, маҳаллий аҳоли билан бир-бирларига яқин қўшничиликда яшашда давом этадилар. Уларнинг маҳаллий аҳоли билан бевосита иқтисодий ва этномаданий алоқалари бошланади. Оқибат натижада, улар ўртасида бир-бирларига яқинлашиш, аралашиб яшаш кўникмалари қарор топа бошлайди, ўзга этник гуруҳларнинг ўтроқлашиш, маҳаллий аҳоли билан ассимиляция жараёнлари бошланади. Бу тарихий воқеликларнинг археологик материалларга кўра жадал кечиши айнан бронза даврида, унинг сўнгги фазаларида бошланиб, илк темир даврига келганда, икки этник гуруҳларнинг кўп қиррали фаолиятлари ҳосиласи сифатида Ўрта Осиё тарихий-маданий цивилизация марказларининг шаклланишига асос солинади.
Ўзбек этногенезини илк босқичлари ҳақида гап кетар экан, биз биринчи навбатда унинг тарихий илдизи, ўқ томири қандай этник қатламлардан ташкил топганлигини аниқлаб олишимиз талаб этилади. Маълумки, ўзбек этносининг фундаментал асоси икки ўқ томирдан, икки этник қатламлардан ташкил топган. Биринчиси, маҳаллий, туб жойли ўтроқ эронзабон суғдий, баҳтарий, хоразмий, фарғоний, шоший ва уструшоний бўлса, иккинчиси туркий қабила ва элатлар эди. Ана шу икки этник қатламнинг узоқ вақтлар давомида қоришиши, бир-бирларига иқтисодий ва этномаданий алоқалар туфайли аралашиши натижасида ўзбек элати халқ сифатида шаклланган.
Уларнинг аждодлари “Авесто”да номи зикр этилган Туроннинг тур уруғ жамоалари эди. Тур уруғ жамоаларининг хўжалик асосини дастлаб хонаки чорвачилик ва мотига деҳқончилиги ташкил этган. Улар тарқалган ҳудудлар асосан чўлли дашт минтақалари бўлиб, Турон ўлкасининг географик чегараси археологик материалларнинг таҳлилига кўра, Шарқда Олтой тоғларидан, Ғарбда то Каспий денгизининг шимоли-шарқий соҳилларигача, шимолда Дон, Днепр, Днестр, Волга дарёларининг қуйи ҳавзаларидан, жанубда то Амударё ўрта оқимларига қадар чўзилган географик кенгликни ўз ичига олган.
Икки тил, икки хўжалик соҳибларининг асрлар давомида қоришуви натижасида таркиб топган ўзбек халқи этногенезининг бошлағич нуқтаси дастлаб Турк ҳоқонлигидан бошланганлиги асосланган бўлса (Академик А.Ю.Якубовский илмий фарази), кейинроқ, 1960 йилларнинг бошларида академик С.П.Толстов уни антик давригача қадимийлаштирди. Академик А.Асқаров эса 1990-йилларнинг ўрталарига келганда мавжуд археологик, антропологик материалларни илмий таҳлили ҳамда қадимги Хитой ёзма манбаларининг янгича таҳлили асосида ўзбек этногенези сўнгги бронза давридан бошланган, деган ғояни кўтариб чиқди. Булар ҳақида ушбу тадқиқотнинг махсус параграфида батафсил маълумотлар келтирилган.
Академик А.Асқаровнинг нуқтаи назарини илмий асосли эканлигини қуйидаги қўшимча материаллар ҳам тасдиқлайди, яъни Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” номли асарида келтирилган халқ оғзаки ривоятларига кўра, Хоразмнинг чорвадор қабилалар томонидан илк бор ўзлаштирилиши Македониялик Искандарга қадар 980 йилда юз берган. Ўша кезларда Қадимги Хоразм заминида “турк подшолиги” таркиб топади ва бу воқеалардан сўнг 92 йил ўтгач, бу ўлкага Эрон подшоси Кайковуснинг ўғли Сиёвуш келиб ўрнашади1.
Беруний келтирган бу ривоят аслида ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтаси, яъни Ўрта Осиё ҳудудларига туркийзабон орийларнинг бронза давридан эътиборан гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб келиши билан боғлиқ эди. Ўша кезларда қадимги Хоразмда юз берган мураккаб тарихий жараёнларни тўғри таҳлил этган М.А. Итина, гарчи уларни ўзбек халқи этногенези билан бевосита боғлашга урғу бермасада, аммо “Жанубий Орол бўйларида Тозабоғёб маданиятининг таркиб топиши ва унинг материалларининг таҳлили, биринчи навбатда, ўша кезларда бошланган мураккаб этногенетик жараёнлар билан боғлиқ эди. Айнан шу даврдан бошлаб маҳаллий аҳоли орасига доимий, узлуксиз равишда теварак-атрофдан янги этник гуруҳларнинг кириб келиши бошланди”,2дейди. Дарҳақиқат, буюк Беруний келтирган бу ривоят мил.авв. XIV-XIII асрларда жанубий Орол бўйларида юз берган дастлабки этногенетик жараёнлар билан боғлиқ бўлиб, ўша кезларда туркий тилли чорвадор орийлар нафақат қадимги Хоразмда, балки бутун Ўрта Осиё ҳудудлари бўйлаб кенг тарқалган эдилар3.
Ўрта Осиёнинг Амударё ўрта оқимига қадар чўзилган ҳудудларда бронза давридан бошлаб туркий қатламнинг йилдан-йилга қалинлашиши доимий характер тусини олади. Бу ҳақда маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган тарихий ҳақиқат оғиздан-оғизга ўтиб, халқ ривояти сифатида XI асргача етиб келган. Бу эса юқорида таъкидлаганимиздек, Берунийнинг “Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ўз аксини топган.
Шундай қилиб, Евроосиё орийларининг (эркин ва озод мулкдор сипоҳийларининг) чорвадор андронова ва Сруб маданиятлари соҳиблари номи остида Ўрта Осиё ҳудудларига кириб келиши Беруний маълумотлари ва археологик комплексларнинг илмий таҳлилига кўра, мил. авв. II-минг йилнинг XIV-XIII асрларидан бошланган. Улар қадимги Хитой ёзма манбалари ва Беруний келтирган ривоятга кўра, туркий тил ўзининг турли лаҳжаларида бронза давридан бошлаб Ўрта Осиё ҳудудларида ўзтарихий илдизларига эга. Бу туркий илдизнинг маҳаллий эронзабон суғдий, баҳтарий, хоразмий илдизлар билан илк бор тўқнашиши, ассимиляцияси аниқ маълумотларга кўра, сўнгги бронза давридан бошланган.
Демак, ўзбек этногенезининг бошланғич нуқтасини айнан шу санадан олиш тарихий ҳақиқатдир. Дастлаб улар ягона бир ҳудуд доирасида алоҳида – алоҳида этник гуруҳлар сифатида яшасалар-да, аммо бундай ҳаёт узоққа чўзилмайди. Улар ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатилади. Боз устига, чорвадор орийларга хос жанговорлик, озод ва эркин ҳаёт, улар характеридаги сиёсий-ҳарбий хокимиятни қўлга киритиш йўлидаги пассионарлик кайфиятлар жойларда маҳаллий аҳоли устидан сиёсий устунликни таъминлашга олиб келган. Буларнинг барчаси туркий қатламни бу заминга тўхтовсиз кириб келишига кенг имкониятлар яратган. Сўнгги бронза ва илк темир даври давомида чорвадор орийларининг Ўрта Осиё ҳудудларига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб келишини чеки бўлмайди ва бу жараён доимий характер тусини олади.Чунки, бу жойларнинг табиий-географик иқлим шароити, экологик имкониятлари ҳамда Мовароуннаҳр ва унинг теварак-атроф ҳудудларида туркий қатламнинг секин-аста қалинлашиб бориши, бу заминга кириб келган чорвадорларнинг катта қисмини кундалик турмуш тарзини ўзгартиришга, маҳаллий туб жойли муқим аҳоли таъсирида ўтроқлашишга, улар билан қон-қариндошлик ришталарини ўрнатишга олиб келмаслигининг иложи йўқ эди.
Бу тарихий жараёнларни археологик ва қадимги ёзма манбаларнинг қиёсий таҳлили асосида узоқ йиллар кузатган академик А.Асқаров ўзбек халқи этногенезининг илк босқичи сўнгги бронза ва илк темир даврини ўз ичига олади, унинг иккинчи босқичи эса антик даврида юз берди, деган хулосага келади. Бу хулосани моддий топилмалартаҳлили ҳам исботлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |