Археологик топилмаларни қайд қилиш, сақлаш ва дастлабки камерал қайта ишлаш
Рахимов К.А. Мамиров О.У. Ўз Р ФА Миллий археология маркази
Ушбу мақолада археологик артефактларни қайд қилиш, дастлабки ишлов бериш, сақлаш ва илмий тадқиқот ишлари учун тайёрлаш тўғрисидаги маълумотлар берилган.
Археологик артефактлар булар – археологик қазишма ишлари жараёнида топилган моддий ашёлардир. Улар жумласига сопол буюмлар, металл буюмлар, шиша буюмлар, тош мехнат қуроллари, тери, қоғоз, суяк ва органик қолдиқлар киради. Айтиш жоизки, ювишга яроқсиз, махсус қайта тайёрлашга мухтож бўлган, ёғочдан ва металлдан ишланган, мўртлашган буюмлар учун алохида ишлар олиб борилади. Қазиб топилган артефактларнинг қаерда ва қачон топилгани карточкаларга қайд қилинган холда лабораторияга олиб бориш шарт.
Ушбу ишлар артефаклар ва объектни илмий айланмага киритиш ва тарихий қийматини белгилаб бериш учун мухим бўлган дастлабки амалиёт чораси хисобланади. Ушбу амалиёт ва маълумотлар шикаст етган (маълум маънода археологик ёдгорликда қазув олиб бориш унга шикаст етказади) ёдгорликни ўрганиш, даврийлаштириш борасидаги илмий тадқиқотларни олиб борганлик хақидаги асосий далил исбот ҳам ҳисобланади. Шу сабабли доимо артефактлар ва маълумот берувчи карточкаларни бир жойда жамлаб бориш зарур. Артефактларни қайд қилиб бориш учун махсус сувга чидамли синтетик қоғоз тавсия этилади. Артефакларни қайд қилиб боришда сув ва намликка чидамли (перманент) маркердан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Шунда ҳам асосан қора рангдан фойдаланиш тавсия этилади. Чунки кўк ва қизил ранг намликда хиралашиб қолади. Рангли тасмалар ҳам тезда яроқсиз бўлиб қолади. Қазиб топилган сопол буюмларининг сиртига ёпишиб қолган лой ва туз қатламини олиб ташлаш учун уларни сувда ивитиш лозим. Одатда барча давлатларда артефактлар тўғрисидаги маълумотлар шундай қоғоз ва маркелар ёрдамида киритилади. Шуни алохида айтиш жоизки, маълумотларни киритиш билан бирга артефактларнинг заволга учрашига қарши ишларни ҳам олиб бориш керак. Қазишма ишлари олиб борилаётган жойнинг ўзида артефактлар бир нечта категорияга ажратилади, масалан, тош ва сопол буюмлар бироз чидамли металл ва ёғоч артефактлар эса мўрт, сув ва намликка чидамсиз бўлади. Қайсики, ювишдан олдинги тозалаш услублари артефактларнинг типига кўра танланади.
Бундан ташқари ҳар хил тупроқ таркиби ҳам тозалашнинг турли услубларини танлашга олиб келади. Мисол учун, майда қумли тупроқ артефактлар сиртига мустаҳкам ёпишган бўлади. Артефактларни чўткада тозалаш вақтида унинг сиртига зарар етиши мумкин. Шу сабабли уларнинг сиртига ёпишиб қолган лойни тозалаб ташлаш учун 40 дан 50 ° C гача хароратда бўлган илиқ ёки иссиқ сувга солиб ивитиш лозим. Қаттиқ буюмларни тозалашда пишиқроқ толали чўткалардан фойдаланиш лозим. Юмшоқ толали чўткалар сирланган сопол буюмлар ва сиртида егулик қолдиқлари сақланиб қолган буюмларни тозалашда ишлатилади. Тиш чўткаларидан фойдаланилса ҳам бўлади. Тозалаш ишларини олиб бориш жараёнида жуда эхтиёткорлик билан харакат қилиш лозим бўлади. Тозалаши ишларидан сўнг артефактлар тезда қурийди. Агарда уларни яхшилаб қуритмасдан полиэтилен халталарга жойлаб қўйган бўлсангиз уларда моғор пайдо бўлиши мумкин. Шундай холатлар ҳам бўладики қачонки мўрт сопол буюмлар шўр тупроқда кўмилиб қолган бўлса қуритиш жараёнида парчланиб кетиши мумкин. Бундай холларда артефактнинг дастлабки холатини суратга олиб қўйиш ва хусусиятларини эслатмага қайд қилиб қўйиш зарур. Шу каби идишларни зарур вақтда қуритишдан олдин сувга чидамли акрил смоласи билан ишлов берилса мақсадга мувофиқ бўлади. Сополга смола сингдириш бир мунча самара беради ва бир муддат уни парчаланиб кетишини олдини олади. Фақатгина сувга чидамли акрил смоласи ашёнинг сиртига ёпишиб қолиши илмий ўрганилиши ва хулосалар чиқарилишига бироз халақит бериши мумкин. Антиқа шаклга эга бўлган сиртига ёзув ёки тасвир туширилган ноёб сопол идишга ўхшаган артефактларни тозалаш жараёнида унинг илмий ўрганилиши ва интерпретацияси учун алохида синфлаш, маълумотлар базасини тузиш, тизимлаш зарур.
Қазишма ишлари ҳисоботини тузиш учун артефактлар синфланган ва тизимлаштирилган бўлиши лозим. Артефактлар тўғрисидаги маълумотлар, жумладан, уларнинг типи, қазиб очилган қатлами ва топилган жойини кўрсатиб бериш учун албатта қазиш ишлари тўғрисидаги билим, кўникма ва тажрибаларни эгаллаган бўлишингиз лозим. Мисол бир хил турдаги ғишт термаси ёнма ён тушган 1 ва 2 шурфларда аниқланса, улар бир даврда қурилган иншоот девори қолдиқлари бўлади. Агарда пол сатхида хўжалик ўраси ва хандақ аниқланса улар ичидаги сопол идишлар алохида олиниши лозим. Чунки ўра ёки хандақ аввалги даврдаги маданий қатлам ёки пол сатхини кесиб тушган бўлади. Шу сабабли маълумотлар жамланмаси қатламларнинг археологик боғлиқлигини, хусусиятини аниқлаш, ашёларни синфлаш ва тизимлаш ишларида асосий исбот қилувчи омил хисобланади. Қазишма ишлари ўтказилган жой ва топилган артефактлар тўғрисидаги маълумотлар уларнинг қийматини белгилашда мухим омил ҳисобланади. Ашёларни шифрлаш ишларида эътиборга олиш лозим бўлган жихати шуки, ашё тўғрисидаги қисқача маълумот унинг кўзга ташланмас тарафига ёзилишидир. Қачондир ушбу ашё қайта тикланиб музей экспозицияларига тақдим этилган вақтда ушбу шифр кўриниб қолмаслиги керак. Шу сабабли шифрлар одатда идишнинг ички тарафига ёки таглик қисмига ёзилади. Зарур маълумотларни ёрқин рангли туш ёрдамида майда харфлар билан ёзиб чиқиш зарур. агарда ашёнинг ранги оқ ёки очиқ рангда бўлса тўқ рангли акрил бўёқдан фойдаланинг. Агарда ашё мўрт бўлса унинг сиртига термопластик смола суртиб сўнг ёзув ёзилса тўғри бўлади. Маълумотларни фрагментларга киритиб бўлганингиздан кейин уларни бириктириб ашёни бутун холатга келтириш лозим бўлади.
Бу жараён ўта сабрли бўлишни тоқазо этади. Лекин бу жараён сизга ишлаб чиқариш услублари ва фойдаланилган хом ашё тўғрисидаги керакли маълумотларни беради. Мисол учун, лойдан ишланган идишлар ёриқлар бўйлаб синиш хусусиятига эга. Идишнинг бўйин ва гардиш қисмини бириктиришда диққат билан ишлаш лозим, сабаби ушбу қисмлар идишнинг даврийлиги ва шакл шамойилини билдириб турувчи белгиларни ўзида жамлаган бўлиши ва бунда биз унинг барча хусусиятларини аниқлаб олишимиз мумкин бўлади. Бириктириш учун биз одатда целлюлозали елимдан фойдаланамиз. Ушбу елим тез қурийди ва органик эритма ёрдамида осонгина парчланади. Елимни тозалашда ацетондан фойдаланишимиз мумкин бўлади. Вақтинчалик қайд қилиш учун ёпишқоқ суркамали тасмадан фойдалансак ҳам бўлади. Бунинг учун заиф ёпишқоқ суркалган тасмадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Сирланган сопол буюмларни бириктиришда ёпишқоқ суркамали тасмдан фойдаланиш ярамайди. Чунки у сирланган юзага зарар етказади. Бундай вазиятда оддий қисқичлардан фойдаланиш зарур. Сопол парчасининг иккала тарафига қоғоз парчаси қўйилса бўлак сиртига зиён етмайди. Ашёни тиклаш ишлари тамом бўлгандан сўнг қазув ишлари хисоботига ва илмий айланмага киритиш учун нашр ишларига тайёрлов босқичи бошланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |