Гули маҳмудова маданий антропология



Download 4,05 Mb.
bet27/52
Sana11.04.2023
Hajmi4,05 Mb.
#927144
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   52
Bog'liq
25 01 23ҚЎЛЛАНМА МАДАНИЙ АНТРОПОЛОГИЯ docx мукова т

Адабиётлар:

  1. Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. Тошкент: O‘ZBEKISTON, 2021;

  2. Ибн Хордадбек. Книга путей и стран. Баку, 1986;

  3. Ўзбекистон фалсафаси тарихи. I жилд. Тошкент: Noshir, 2013.


12-мавзу: МАДАНИЙ АНТРОПОЛОГИЯДА ГЕРМЕНЕВТИКАНИНГ ЎРНИ

Режа:

  1. Герменевтика маданий антропологиянинг етакчи методи сифатида.

  2. Герменевтиканинг асосчилари ва унинг асосий методологик тамойиллари.

  3. Герменевтикада асосий тадқиқот объекти.

Калит сўзлар: герменевтика, матн, метод, қадрият, мерос, маданият, антропология.


Герменевтика – (юн. hermeneutikos – тушунтирувчи, изоҳловчи, талқин этувчи) – матн (қадимги классик, Библия ва ҳ.к.)ларни изоҳлаш санъати. Фалсафа ва гуманитар фанлар йўналишларидан бири бўлиб, ижтимоий борлиқни асослаш, изоҳлаш методология сифатида тушунилади. Тор маънода герменевтика билимнинг маълум бир тармоқларида мавжуд матнларни талқин қилишнинг қоида ва усуллари йиғиндиси деб қаралади. Герменевтиканинг умумий таҳлил қилиш назарияси асослари немис файласуфи Ф.Шлейермахер томонидан XVIII аср охири ва XIX аср бошларида яратилган. У филологик, теологик ва ҳуқуқий герменевтиканинг умумий хусусиятлари муаммосини кўтариб, унинг қоида ва услублари, хусусий соҳаларда ҳам ўз моҳиятини йўқотмаслиги муҳим эканлиги тўғрисидаги ғояни илгари сурган.


Юнон фалсафаси ва филологиясида кўп маъноли тимсолларнинг ва ўзга тилда баён этилган асарларнинг асл маъносини тушунтириб бериш санъати неоплатончилар, юнон шоирлари, хусусан, Гомер асарларини, христиан ёзувчилари Инжилни, мусулмон олимлари Қуръонни, Шарқда, айниқса, бедилхонлик, навоийхонликни турлича талқин этиш кенг ёйилган. Матнга бир томондан имло, услуб ва мазмун бирлиги сифатида, иккинчи томондан бутунга нисбатан қисм, деб қаралади. Бу ўз навбатида номаълум асарни атрибутлаштиришга олиб келади. Антик даврда ишлаб чиқилган филологик герменевтика тамойиллари Инжил матнларини изоҳлашда ҳам қўлланилган. У матнларда олдиндан битилган яширин маъно ўз аксини топган. Ф.Шлейермахер герменевтикаси тарихийлик табиатига эгалигини тан олган ҳолда, герменевтикани фалсафий метод деб қараш анъанасини В.Дильтей давом эттирди. Ҳозирги кунда герменевтикага Г.Гадамер томонидан ишлаб чиқилган фалсафий оқим, деб қаралади1.
Герменевтика атамасининг этимологиясини «қадимги юнон мифологиясида олимпия худоларининг хабарчиси сифатида тасвирланган ва уларнинг буйруқларини одамларга етазган Гермес номи билан боғлашади». Бу масалада Гермеснинг вазифаси олиб борилаётган матнни талқин қилиш ва тушунтиришдан иборат бўлган. Унга нутқ ва ёзувнинг ихтирочиси ва тушунишнинг барча соҳалардаги ҳомийси мақоми берилган2. Шу нуқтаи назардан, П. А. Флоренский ҳам ушбу икки тушунчани «Герменевтика и Гермес» ўзаро боғлаган3.
Лекин герметизм эллинизм ва кечки антик давр диний-фалсафий оқимидир. Бу оқим, яъни фалсафий герметизм деб ҳам номланиб, синкретик, диний-фалсафий, мистик-эзотерик, магик-оккульт, теософик таълимотлардан иборатдир. Маънавий жиҳатдан гностикларга яқин бўлиб, муқаддас билимлардан иборат бўлган матнларни ўрганади. Бу матнларни қадимги мисрнинг донолик ва билим худоси бўлган асотир шахс Тота ёки юнонларда Гермес номи билан машҳур бўлган – донишманд Тота Гермес Трисмегистуга тааллуқли бўлганлиги сабабли, оқим ана шу ном билан аталган.
XII—XV асрларда матн таржималари натижаси сифатида герметизм Европа ўрта асрлари ва Уйғониш даври доктринасига айланган. Гарчи герметизм эзотерик аҳамият касб этса-да (ёпиқ, фақат танланган, сара инсонларга очиқ), бироқ қадимги грек фалсафаси, халдей аcтрологияси, форс магияси (кўп ҳолларда буни зардуштийлик билан боғлашган), қадимги Миср, кейинчалик грек ва араб алхимияси билан алоқадорлигини кузатиш мумкин. Герметизм сабеизм, мандеизм, тасаввуф, масонство, мартинизм, оккультизм, теософия, анъанавийлик ва кеметизм каби йўналишларга катта таъсир кўрсатган.
Х.Тошов таъкидлаганидек: «Ўз доктринал тузилмасида қадимги ва замонавий илмий ҳамда эзотерик анъаналар элементларини синтезлаган герметизм ғоялари илмий ва ноилмий билимларни фарқлаш, деструктив ва конструктив оқимларни эксперт текширувлардан ўтказишга қаратилган моделларни яратишда муҳим таҳлилий-ахборий манба вазифасини бажаради»1. Яна бир жиҳат Х.Тошев герметизм таълимотининг генезисини ўрганишга қаратилган тадқиқотларнинг мақсадидан келиб чиқиб, реконструктив, аргументатив ва соф илмий сингари уч йўналишга ажратган. Тадқиқотчи томонидан ҳар бир методологик ёндашув кенг таҳлил этилган. Х.Тошов таъкидлаганидек: «Реконструктив йўналишдаги тадқиқотларда асосан герметизм фалсафаси учун бирламчи манба вазифасини ўтовчи матнлар ва фрагментларни излаб топиш, қайта тиклаш ва уларга шарҳлар ёзишдан иборат бўлса, Аргументатив йўналишдаги тадқиқотларда герметизм ғоялари муайян таълимотнинг чинлигини исботлашдаги зарурий аргумент сифатида ўрганилади. Соф илмий йўналишдаги тадқиқотларда герметизм ғояларига илмий тадқиқот предмети сифатида қаралади»1.
Жуда мураккаб ва тармоқланган тизим бўлган мультимедиа матнларининг барча хилма-хиллиги профессор Х.Шрёдернинг асл ва жуда батафсил схемасида келтирилган. Визуал, воситачи белгилар (Vehikel-Zeichen) ва эшитиладиганлари, бу белгилар мажмуидир2. Аммо шу билан бирга, белгининг мазмунли томони, унинг маълум ва қатъий ўзига хос семантика доирасига кириб боришини ҳисобга олмаслик мумкин эмас, акс ҳолда белги ташувчи муқаррар равишда таназзулга юз тутади. Дарҳақиқат, И.В.Ерофеева таъкидлаганидек, «Белгиларнинг герменевтикаси кўп жиҳатдан даврнинг, мамлакатнинг, халқнинг манфаатлари ва қадриятларини тушунтиришга қодир»3.
Кўриб турганимиздек, идрок этилган семиотик комплексларни талқин қилиш, изоҳ бериш, уларнинг ижтимоий аҳамиятига эгалик даражасини шахс томонидан аниқлаш алоҳида аҳамиятга эга. Сўзсиз, индивид ўз эътиборини ижтимоий қадриятларни ифодаламаганларга қаратмайди. Идентификация ҳажми бўйича ҳам минимал, тузилиши жиҳатдан энг содда семиотик шаклларга бўйсунади, масалан, бу ҳолат фақат битта белги даражасида ёки макондаги мураккаб ташкил этилган бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, идентификация жараёни янада мураккаб ва кўлами кенгроқ кечади. Ҳаддан ташқари узоқ сақланиши туфайли кўплаб дискурсив хусусиятларини йўқотган мантиқий тўлиқ ва изчил матнлар ҳам алоҳида тушунтиришни талаб қилади ва тафсир предметига айланади, мантиқий ва расмий, хусусан, грамматик жиҳатларни ойдинлаштиради, тарихий контекстни қайта яратади. Герменевтика когнитив нуқтаи назардан кўпроқ универсал хусусиятга эга бўлиб, у соф дискурсив асосда амалга ошириладиган рационал идентификацион ҳаракатларидан ташқари, ҳиссий ва психоэстетик ёндашувларни ўз ичига олади, матнинг мифологик хусусиятларини аниқлайди, унинг ёлғон мазмунини, маънавий томонларини, ўзига хослиги, эвристик салоҳияти ва ахлоқий жиҳатларини очиб беради.
Масалан, илк Ўрта асрда турли библиографик, жўғрофий луғатлар, ҳар ҳил тазкираларнинг кўплаб ёзилиши анъанаси шаклланади. Бу давр маънавий маданиятнинг энг бой, ранг-баранг соҳаларидан бири адабиёт бўлиб, ўз даврининг дунёқараши, ижтимоий онгининг муҳим томонларини ўзида ифодалайди. Турли жанрларни ўз ичига олган, турли тилларда ёзилган бадиий асарларсиз ўтган замон маданиятини ўрганиш, тасаввур этиш мумкин эмас.
Адам Мецнинг «Мусулмон Ренессанси» асари жуда кўплаб тарихчилар, тилшунослар, файласуфлар, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар ва бошқа ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жараёнларни ўзида акс эттирган асл тарихий манбаларнинг таржима ва шарҳларига бағишланади. Шу китобдан айрим мисраларни таҳлил қилиб кўрайлик.
Абу Бакр ал-Хворизмий (993 й. вафот этган) биринчи араб ёзувчиси. У барча Шарқ мусулмон ўлкалари Бухоро, Нишопур, Ҳирот, Исфахон ва Широз шоҳларининг саройларида истиқомат қилган. Унинг хатлари амирларга, вазирларга, ҳарбийларга, қози, ҳокимларга, уламою адабиётшуносларга мўлжалланган бўлиб, асосан байрамлар муносабати билан табриклар, мартабанинг кўтарилиши билан боғлиқ маросимлар, ютуқлар, таъзиялар, ўз вазифасидан озод қилиш, касалликлар ва уруш хавфи, совға олиш муносабати билан билдирилган ташаккурномалардан иборат бўлган. Абу Бакр ал-Хворизмийнинг ҳурмати натижасида унга кўплаб шогирдлар, асосан ҳуқуқшунослар (фуқохо) ёлланганлар. Масалан, унинг шогирдларидан бири каттароқ лавозимга эга бўлганда, Абу Бакр ал-Хворизмий ўз шогирдига шундай хатнома йўллаган: «Менинг ўғлим, сенинг хатларинг менга олма ва хушбўй ифор таратувчи, гуллар ва унинг дасталари мисолдир. Мен хатингдан жуда хурсанд бўлдим, лекин иккинчисини ҳам кутмоқдаман; аввалги хатларингга миннатдорчилик билдираман, лекин кун ва тунларни санаб, умид қиламан. Менга барча нарсалар ҳақида узун ва тўлиқ хатлар ёз ва билгинки, сенга бўлган муҳаббатим кучли ва бепоёндир. Сенга бўлган муҳаббатим, душманларим қаерда бўлса ҳам уларни дўстларча севишчаликдир»1. Сен ёнимдалигингда роҳатланаман, йироққа кетишинг билан соғинаман. Менинг соғинчим қудратини сен билганингда эдинг, ғуруринг инсонлардан кўтарилиб, башарият эса сен учун ҳеч нарсадек туюларди, фақат нафрат билан кўз қирингда қарардинг, улар билан оғиз қирида гаплашардин. Абу Бакр ал-Хворизмийнинг услуби хурсандчилик, сўзлар маъносининг чуқурлиги, қиёсларнинг мазмуни ва ички ҳиссиётнинг кўтаринкилиги билан белгиланган. Унинг нутқлари моҳиятан кўтаринки услубга хос бўлиб, гипербола ва сўзларни уйиб ташлаш орқали онгли равишда санъатни ифодалаш усули сифатида қўллаганида ифодаланган. Масалан, Абу Бакр ал-Хворизмийнинг қуйидаги тасаввурларини ахлоқий мезонларнинг эстетик хусусиятлари шаклида қабул қилиш мумкин. «Бир инсон мени ҳақорат қилди – мен билмадим, уни шамол мендан улоқтирдими, ёки уни ер ютиб юбордими, балки илон чақиб олдими, ёки ёввойи ҳайвонлар бурда-бурда қилиб ташлашдими, ёки чўлнинг ёвуз руҳи йўлдан адаштирдими, балки девлар ўз оғушига олгандир, ёки чақмоқ уриб куйиб кетдими? Балки туялар эзиб ташлагандир, ёки йўл кўрсатувчи уни қаергадир адаштирдими? У туядан йиқилдими, балки тоғ чўққисидан ағанаб кетдими, балки қудуққа тушиб кетгандир, ёки уни тоғ кўчкилари босиб қолгандир, қўли қуриб қолгандир, оёқлари шол бўлгандир, балки у оёқ шишиши ёки ўпка касалига учрагандир? Балки у қаролини жазолаганда, у уни ўлдиргандир? Балки у тоғда адашиб, денгизда чўкиб кетдими, ёки жазирамадан нобуд бўлдими, ёки сел келиб оқиб кетдими, ёки камондан ўлдими, ёки у тош бўрон қилингандир?»1.
Унинг битта хат нусхасини сотиб олмоқчи бўлганларга у шундай хат ёзган: «Агар имконим бўлганда эди, мен қоғоз сифатида юзим терисининг бир парчасини, қалам ўрнида бир бармоғимни, сиёҳ ўрнида эса – кўз қорачиғимни ишлатардим»2.
Хворизмийнинг яна бир жиҳати унинг қуйидаги мактубида диққатга сазовордир. Ўзининг бахтсиз ва ишлари юришмаган онларини қуйидагича изоҳлаган: «Агар Мен бировнинг ҳайвонида юрсам, бировнинг идишидан таом истеъмол қилсам, ижара уйда яшасам, узум шарбати ичсам, ёзда жун матодан, қишда қоғоздан кийим кийсам, ўзаро ёзишмаларда менга ҳурмат билан, лекин кўз-кўзга тушганда менга сенсираб мурожаат этишарди, ибодат пайтида (намоз бўлса керак) мени пойафзаллар қаторига ўтқазишарди, яъни ҳамма инсонлардан кейин энг паст жойга. Бунинг натижасида менинг қаролим менга ёмон муносабатда бўла бошлайди, отим эса ўжарлик қилади. Мен билан саёҳатга чиққан сафдошим манзилга мендан олдин келади, агар мен тоза ҳалол дирҳам ишлаб топсам, у менинг қўлимда қалбаки бўлиб қолади. Ўзим сотиб олган матодан тиккан камзулим ўғирланган бўлиб чиқади. Ёз саратонида, жазирама июль ойида кийимларимни юваётганда қуёш бирдан ғойиб бўлиб, осмонни булутлар қоплайди, июнь ойида саёҳатга йўл олганимда, қаттиқ шамол бошланиб, ҳаммаёқни туман қоплайди. Мен виждонимдан бошқа барча нарсани йўқотдим»1.
Х.Г.Гадамер бу саволга «... матнни муаллифдан ажратиб бўлмайди, зеро тарихни ёритган муаллиф бўлмаганда бу тарихий ҳақиқат бизгача етиб келмаслиги мумкин эди»2, дейди. Ханс-Георг Гадамернинг «Ҳақиқат ва усул» (1960) асари охирги асрда яратилган муҳим, ҳатто жуда муҳим бўлган герменевтикага бағишланган асардир. Баъзида фалсафий герменевтикани бу асар билан идентификация қилишади, бироқ бу нотўғри, чунки Гадамер аввалги ишларининг биринчи жабҳасини, китобнинг биринчи жилди сифатида, модификацияланган ва янада кенгроқ нусхасини нашр этади ва иккинчи жилдни янги матнлар ва мунозараларга бой контекстлар билан тўлдирди3. Иккинчи жилдда у ўзининг изоҳларини шунингдек, Жак Дерриднинг деконструкцияси ҳақидаги фикрларини ҳам эълон қилди. Бундан ташқари, у кўплаб файласуф ва ёзувчиларнинг мумтоз асарларини шарҳлаш орқали ўзининг герменевтик лойиҳасини чуқурлаштирди ва унинг баъзи қисмларини модификациялаштиради. Бундан ташқари герменевтика билан нафақат Мартин Хайдеггер, балки Поль Риcкер ҳам кенг шуғулланган. Бироқ, шу нарсани таъкидлаш жоизки, Ханс-Георг Гадамернинг китобисиз фалсафий герменевтика мутлақо бошқача бўлиши мумкин эди.
Фалсафий герменевтика дастури ҳақида бироз фикр юритишни жоиз топдик.
Фалсафий герменевтика тушунишнинг умумий муаммоларини муҳокама қилади. Анъанавий герменевтика биринчи навбатда, матнларни шарҳлаш билан шуғулланган «тушуниш санъати» эди. Шлейермахер тушуниш имконияти ҳақида умумий савол қўйганда, замонавий фалсафага муҳим бўлган, герменевтикага бурилишини амалга оширади. Кейинчалик Вильгельм Дильтей, унинг лойиҳасини ҳаётий маданий ифодаларни тушунтириш назариясини фалсафий жиҳатдан мукаммаллаштириш орқали чуқур ишлаб чиқади.
Гадамер учун герменевтика биринчи навбатда гуманитар фанлар методикаси билан эмас, балки тушуниш ва талқиннинг универсаллиги билан боғлиқдир. Азалдан универсаллик кўп қиррали объектларни тушуниш, тил асосида яратилган маданиятни яхлит ҳодиса сифатида идрок этишдан иборат. Хабермас учун эса бу методологик жиҳатдан муҳим талабдир. Хайдеггер сингари Гадамер учун ҳам тушуниш инсон мавжудлигининг (экзистенция ) таърифи — «Dasein бу тушуниш» бўлиб, барча услубий рефлекциядан аввал мавжуддир.
Гадамер фикрига кўра, фалсафий герменевтиканинг асосий саволи – тушуниш нима ва у фундаменталь даражада қандай амалга ошишидир. 1975 йилда чоп этилган китобнинг иккинчи нашри сўз бошида Гадамер шундай ёзади: «Тушуниш бу саволдир, у ҳар қандай тушунувчининг субъектив муносабатини, тушунарли фанга нисбатан услубий муносабатни, унинг нормалари ва қоидаларига нисбатан илгари бўлган ҳолатдир»1.
Гадамернинг бу саволга жавоби шундан иборатки, тушуниш «айлана тури» — такрорланувчи тузилма бўлиб, бу ерда ҳар қандай янги талқин олдинги тушунчаларга ишора қилади ва уларга қайтади. У тушуниш очиқ тарихий жараён эканлигини кўрсатмоқчи бўлиб, унда ҳар бир талқин қилувчи ва талқин қилинадиган ҳамма нарса аллақачон тушуниш анъанасига киритилган. Гадамер таъкидлаганидек, талқин этувчининг анъаналарга муносабати доимо мулоқот ва тилга боғлиқдир. «Тушуниш мумкин бўлган нарса тилдир. Айтиш керакки: у ўзини англаш учун тақдим этади ва ўзини тушунади (es sich von sich aus dem Verstehen darstellt)»1.
Масалан, Европа Уйғонишини англаш – Леонардо, Дюрер, Сервантес каби инсонларнинг ижоди ва инсонпарварлик тафаккурининг чўққисини англашдир. Улар инсониятнинг ақлий ва ижодий тараққиётида сакраш содир этиб, Европа ва жаҳон маданиятини бир неча асрларга олдин етакладилар. Шекспир асарлари орқали Англия Уйғониши, Дюрер асарлари билан немис Ренессанси ва қолаверса, биргина Француа Рабле ижоди орқали Француз Уйғониши ҳақида фикр билдириш мумкин.
Француа Рабле (1494—1553) – буюк француз ёзувчиси, шифокор, энциклопедик олим ва дипломат бўлган. Унинг ўлмас асари «Гаргантюа ва Пантагрюэль» – Уйғониш даврининг машҳур, баҳайбатлар ҳақидаги халқчил китоби ҳисобланади. Уйғониш адабиёти ажойиб-ғаройиб ҳажвий асарлар, жимжимадорликка қизиқишдан ҳоли бўлмаган. Рабленинг романида айнан ана шу ҳолат мукаммал даражага етказилган. Рабле инсонпарварлик ғоясини тугаб бораётган ола-була ўрта асрлар билан ҳамнафас эканлигини тушуниб етган. Романдаги ажойиб ғаройиб хажвий (гротеск) ҳолатлар ағдар-тўнтар бўлиб ҳали ўз жойига тушмаган халқ карнавалидаги ҳаётни инъикос этган.
Рабленинг эстетик тамойиллари ва амалиёти «нима истасанг шуни қил» шиорига бўйсунган. Романдаги барча образлар оқувчан, ҳаракатчандир, ҳатто қаҳрамонларнинг чеҳралари ҳам ўзгарувчандир. Пантагрюэль бир дамда тоғдек баҳайбат бўлиб қолади, гоҳида бўйи узун инсонга айланади. Ҳар гал у муаллиф истаган ҳолатга тушади. Қаҳрамонларнинг хулқи ҳам эркиндир. Рабле қандай бўлишидан қатъий назар табиий, ҳаётбахш, гўзал ёки хунук, яхши ёки манфур, барчасини қабул қилади. У аминки, охир-оқибат соғлом одам бир «қутуриб» яна ўзига келиб қолади. Энг асосийси, соғлиқни сақлаш зарур, қолган барчаси ўз-ўзидан содир бўлаверади. «Соғлиқсиз ҳаёт ҳаёт эмас, тирик ҳаёт эмас. Соғлиқсиз ҳаёт қалбнинг қийналиши, бу ўлим билан тенгдир»1. Тана ва руҳ бирдир, жисмоний ва маънавий роҳат бир-биридан ажралмасдир. Инсоннинг соғлиғига зиён етказувчи барча нарсаларга даво кулгидир.
Рабленинг кулгиси қўрқув ва нафратдан эркиндир; бу кулги улар учун ниҳоятда буюкдир. Романнинг асосий қахрамонлари гарчи ёмон ва тушунарсиз ишлар қилишса-да, бироқ комик мафтункордир. Сатиранинг заҳри бирор инсон турига эмас, балки ижтимоий корхоналар ва тартибларга қаратилган эди. Рабленинг бузғунчи ва янгиланган кулги оқими «ўзининг самарадорлигига сатира орқали эмас, балки эрмак ва кўнгил очадиган нарса» орқали эришади. Баҳайбатнинг кулгиси пак-пакана одамдан хафа бўлишни лозим топмайди, аксинча уни шунчаки ўз йўлидан тозалаб боради. Пак-пакана одамлар – бу ўнлаб нашриётларда тарқалган Ф.Рабле асарининг бедор кулгусига кучсиз таъқиқ қўйган, китобга таъна қилишдан нарига ўтмаган Сарбона илоҳиётчилари эди. Рабле учун кулги доноликнинг синоними. Ҳар бир ҳазилда – озми-кўпми ҳақиқат мавжуд. Гюго бу ҳақда шундай ёзган: «Раблени ҳеч ким тушунмади... Унинг қаҳқаҳасининг буюк парвози – ақл учун гирдобдир»1. Рабле асарида тор маънода эстетик деб аталадиган фикрларни кам учратиш мумкин. Бироқ Рабленинг эстетик тамойиллари унинг ижодида ёрқин акс этган ва шу сабабли Уйғониш эстетикасини Раблесиз тўлиқ тасаввур этиш қийин. Зеро, биргина Рабленинг бадиий асари бутун бир давр, мафкура ва Франция сиёсатини тушунишга имконият яратган асар ҳисобланади.
Масалан шу маънода, Гадамернинг фикрича, тушуниш биринчи навбатда идентификацияни англатмайди, балки ўзини бошқанинг ўрнига қўйиш ва у ердан ўзини кўриш қобилиятидир. Гап бирлик ва кўплик диалектикаси ҳақида бормоқда2. Ўзининг кейинги ишларида Гадамер тушуниш объектини шаффоф қилиш имкониятидан бироз чекинади. Шаффофлик ва мукаммал алоқа (коммуникация) ҳақида гапиришдан олдин, мулоқотни очиш ва шу орқали алоқа (коммуникация) шартлари ҳақида хабар бериш мумкин. Бошқалар таклиф қилинадиган уй оламида бўлиш даъвоси ҳақидаги савол бизнинг шахсият ҳақидаги тушунчамизда мутлақо дахлсиз қолмоқда. Шундай қилиб, Гадамернинг гуманитар фанлар герменевтикаси унинг тажриба герменевтикасига асосланади, деб айтишимиз мумкин ва бу охиргиси бошқанинг герменевтикасига ишора қилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, «Ҳақиқат ва усул» асари санъат, тарих ва фалсафадаги тажрибани кўриб чиқишдан бошланади, яъни Гадамер ўзининг фалсафий герменевтикасини гуманитар фанларнинг герменевтик тушунчаларидан узоқлаштирмоқчи бўлади. Баъзан ҳатто Гадамер муқобил усулни таклиф қилишни хоҳлайди, деб ўйлашган. Дарҳақиқат, у бирон бир илмий усулни муҳокама қилмоқчи эмас, балки унинг фикрича, барча илмий фикрлардан кўра асосийроқ бўлган даражага кўтарилиш, анча асослидир1. Масалан, жадид мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири Абдулҳамид Чўлпон ижоди билан танишайлик.
Чўлпoннинг мақсади мумтoз адабиётимиздаги миллий тил билан халқ дoстoнларидаги бадиийликни бирлаштириб янги, жoнли бадиий тил яратиш эди, буни 1922 йилда ёзилган «Кўнгил» шеърида яққoл кўриш мумкин: «Кўнгил, сен мунчалар нега Кишанлар бирла дўстлашдинг? На фарёдинг, на дoдинг бoр, Нечун сен мунча сустлашдинг?»2.
Шoирнинг шўрoлар ғалабасидан кейинги руҳий ҳoлати «Қўзғалиш» шеърида қуйидагича ифoдаланган: «Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди! Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмoқ истаган, Эй! Бўйнимга кишан сoлиб, ҳалoкатга судраган, Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!»3.
Чўлпoн миллат бoшига, мамлакат елкасига тушган oғирликни худди ўзининг шахси, руҳий oламини булутдай қoплаб, қуёш нуридан тўсиб қўйгандек ҳис қилади ва буни ўзбек тилининг бoй хазинасидан oлинган сўз, ибoра, ўхшатишлар, қиёслаш oрқали бадиийлаштириб, шoир қиёфасидаги дoвюраклигини намoён қилади. Шoирнинг шахсий ҳис-ҳаяжoнлари, дард ва армoнлари ҳаёт вoқеаларининг бадиий акси эканлиги ҳар бир шеър сатрида кўзга ташланади. Oзoдлик учун курашга қаратилган шoир нигoҳи бу азoб-уқубатлардан қутулиш йўлларини излаётган Чўлпoн юлдузига ўхшайди. Бу кайфият ва тафаккур тафти «Сoмoн парча» (1923) шеърида ўз ифoдасини тoпди:
Муҳит гирдoбида бир сoмoн парча
Бир пoхoл чўпидек oқиб бoраман.
Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни,
Чақмoқдек ялтираб, учиш йўқ энди.
На исён, на тўлқин, на тўфoн, на ўт!
Кўзимда oғир бир таслим нури бoр.
Кирмайман кўчанинг бoши беркига.
Чунки таслим бўлдим муҳит эркига...1
Чўлпoн гарчи муҳит эркига таслим бўлганини тан oлса-да, унинг қалби, oзoдликни oрзу қилган туйғулари ҳали сўнмаган ва сўлимаган эди, у қачoн, қандай бадиий асар яратмасин, уларнинг мазмуни Туркистoн ва қадрдoн халқи oзoдлиги, эрки ва истиқбoли билан йўғрилган эди2.
Oзoдлик кураши ва oрзусидаги гўзаллик пардаларига ўраган шoир шеърларидан бири 1920 йили ёзилган «Пўртана»дир. Пўртана денгиз тўфoни шаклида берилган. У тинч, oсoйишта денгизни чайқатади. Гувиллаган кудратли кучга эга. Шу қадар қудратлики, қирғoқлар ундан фарёдга келади, шаҳардек кемалар унга бир «луқма»! У қoн истайди. У жoн сўрайди. У ҳалoкатлардан завқ oлади. Аммo гўзалликка ўч. Унинг маҳбубаси сув қизи. Сoчлари қoп-қoра сув қизи. У шу қадар гўзалки... Шаҳлo кўзлари кийикни кўр қилиб, сўзлари булбулни тутади. У сув маликаси сифатида Ватан меҳри, юрт муҳаббатини ифoдалайди3. Денгизни тўфoнда чайқатувчи пўртана oзoдлик ва эркни тўсувчи куч сифатида тасвирланади. Пўртана қўзғалиб, ўзини қирғoққа уради, oлдида ичи oдамга тўлган кемани кўрса-да, қирғoқдагилар ундан фарёд қўйнига кирсалар-да, унинг чирoйли, сoчлари қoп-қoра севгилиси – сув қизи бoр, пўртана шу гўзал малакни кўнглида сақлайди:
... Баъзида ҳисoбсиз oқ кўпик ичига
Султoндек тутқизар уни,
Дам кўкка кўтариб, дам тoртар кўксига
Шу йўлда ўйнатар қизни,
Кулдириб у нурли юзни,
Суйдириб у oҳу кўзни,
Қул қилиб сизни ҳам бизни...1.
Oппoқ кўпиклар юлдуздай жимирлаганда жoнивoрлар қўрқиб, балиқлар ўлим кутарди. Лекин пўртана жимжит, денгиз уйқуда, шамoл ҳам қўзғалмас пўртанадан чўчиб. Бу маҳшар қиёматда тўлқинлар фақат йўқсулнинг кўнглида, вулқoнлар дунёни куйдириш ғамида2.
Шoир денгиз ва сув қизи маликасини қуйидагича якунлайди:
...Бу менинг кенг кўнглим ғавғoни, жанжални
Тўпoлoн, қўзғалиш, чувалаш, исённи, тўфoнни
Суядир; шунинг-чун дунёни, жаҳoнни, тoғ ва тoш
Ҳаммасин ағдармoқ истайдир, ёнадир, куядир...3.
Юнон ҳайкалтарошлари, Эврипид ва Софокл асарлари бизга қадимги Греция, Рембрант, Франс Хальс полотнолари Голландия одамлари, Мольер, Дидролар Франция, Пушкин, Лев Толстой, Чехов ва Достоевскийлар рус халқи ҳақида, Шолохов, Маяковский, Фадеев, А.Қаҳҳор, К.Яшин, А.Қодирийлар тарихимизнинг аянчли ва забун воқеаларидан бизни огоҳ қилади. Уларнинг асарлари орқали биз муайян миллат, мамлакат ва давр ҳақида бадиий-эстетик тасаввурга, билимга эга бўламиз, саводимиз ошади.
Яна бир мисол тарзида Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини батафсил кўриб чиқайлик. Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи шундай асарлар қаторига кирадики, уни ўқиган сари ўқигингиз, қаҳрамонлар ҳаётини яна такрор бадиий ҳис этгингиз келаверади.
«Ўтган кунлар» романи қарийб ХХ аср дурдонаси сифатида халқимизнинг нафосат дунёсига сингиб, қўшилиб кетган. Отабек ва Кумуш образлари худди Тоҳир ва Зуҳра, Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин сингари севги, вафо ва садоқат тимсолига айланиб бўлган. Отабек ва Кумушбиби орасидаги илиқ ва романтик муҳаббат ўқувчи қалбини тирнайди, уларда севгини қадрлаш ҳиссиётларини кучайтиради. Романнинг халқимиз орасидаги бунчалик машҳурлиги ва севимлилиги асарнинг мусиқий тили ва характерлардаги миллий буёқларнинг жилосида ҳамдир.
Улкан адиб романини худди бир нафасда, доимий илҳом руҳида ёзиб тугатган. Романни ўқиган киши бирор саҳифасида ёзувчининг «тўхтагани»ни ҳис этмайди, ҳамма нарса қуйилиб келгандай.
Бундай ҳолат романга яхлитлик, бадиий камолот бахш этган. Иккинчидан, А.Қодирий романда шундай характерлар фаолиятини кўрсатганки, уларнинг ҳар бири ўзига хос одат, феъл ва белгилар билан сифатланишдан ташқари, ўзбек халқи миллий характерларининг ҳам типик вакили сифатида диққатга сазовор.
А.Қодирий ўз асари билан бир томондан ўтмиш «қора кунларимиз»га нафрат уйғотса, иккинчи томондан халқимизнинг қатор миллий хусусиятларга бурканган образларини яратиб беради. Романда тарихий воқеаларнинг кетма-кетлиги, шахс фожеалари, асримизнинг мураккаб воқеаларини ифода этиш сингари масалалар ёрқин образлар, халқимизнинг шева дурдоналари орқали маҳорат билан ифодаланган.
Романдаги асосий образ ва қаҳрамон Отабек бекларга хос қиёфаси билан тўқ хонадон фарзанди, кўпни кўрган, феъли кенг йигит сифатида гавдаланади. Айниқса, Тошкент ва Марғилон орасида сарсон-саргардон юришлари, қутидор эшигидан ҳайдалиб майхонада танбур наволари остида, дили ҳаста маъсум хаёл қучоғига ғарқ бўлиши ва шунга ўхшаш матнларда А.Қодирий Отабекнинг руҳий кайфиятларини очиб беришга ҳаракат қилади.
Салбий образлар галереяси ичида Ҳомиднинг чеҳрасида пайдо бўладиган ўзгаришларнинг беқарорлиги янада ортган, у бир лаҳзада кайфиятини ўзгартирадиган, маккор ва жоҳил қиёфасини роман муаллифи усталик билан очиб бера олган. Худоёрхоннинг қайнотаси Мусулмонқулнинг йиртқичлиги ва уятсизлигини катта маҳорат билан кўрсатишга интилган.
Қутидор образини ўз қаҳрамонини куйди-пишди, оила сирларига яқин киши қилиб ифодаласа, Юсуфбек ҳожидаги тадбиркорлик ва доноликни, майинликни бўрттиришга интилади.
Асарни ўқиш пайтида ўз тасаввуримизда қаҳрамонлар аниқ гавдаланади, уларнинг хатти-ҳаракатлари узлуксиз, мунтазам очилиб бораверади. Асар қаҳрамонлари романни ўқиган сари кишига жуда яқин бўлиб қолади.
Роман кўп қиррали асар. Гарчи муаллиф романда ўтган қора кунларни кўрсатишни мақсад қилса ҳам асарнинг ўқувчи эътиборини тортадиган асосий томони Отабек ва Кумуш тақдири эди. Ана шу чин муҳаббат эгаларининг тақдири орқали, одамлар қисмати ва характери орқали тарихий воқеаларни кўрсатишга ҳаракат қилган.
Кумуш ва Отабек орасидаги шеърият, ахлоқ, муҳаббат, инсонийлик, улуғворлик каби хислатлар зўр маҳорат билан тақдим этилган. Зеро, А.Қодирий тили билан айтганда, «Отабек ва Кумуш ишқларида самимият, яна тўғриси, шеърият бор эди».
Мисол учун, Ўзбек ойим образини кўрайлик. Ўзбек ойим ёзувчи тасвирича, жуда самимий, очиқ кўнгилли, ҳазил-мутойибага уста, шу билан бирга, «бир феълли» аёл. У ўрни келганда эрига ҳам, ўғлига ҳам гапини ўтказа олади. Лекин характерини белгилаб турувчи асосий хусусият — унинг чала-думбуллиги эди. Ўзбек ойим «унча мунча тўю азаларга «кавушим кўчада қолган эмас», деб бормас эди...» Кеча ўрда бек ойимдан менга арава келган экан, феълим айниб турган эди, бормай аравани бўш қайтардим... Бо худо ўрда бекачи бўлса ўзига, дедим», дер эди.
Отабек Марғилонда уйланиб келгач, «Уч ойлаб кўрмаган ўғлини қучоғига олиб кўришмак ўрнига, ундан юзини ўгириб, сен кимсан, келдингми, деб сўрамади ва саломига алик ҳам олмади, гўё ухламоқчи бўлган товуқдек ҳурпайиб олди». «Биз сени Марғилон андисига бунчалик муккадан кетишингни ўйламаган эдик, адабсиз... ўзингга қолса, шу марғилонликни хотинга ҳисоблаб кета берар экансан-да, уятсиз!...» Ўзбек ойим қудаларни кутиб олди. У тезда ўзгариб қолди: «Ийманма, Кумуш отин, бугун-эрта бизга янги келинсан, учинчи кундан бошлаб сен муғомбирнинг бошингда тегирмон юргизишни ўзим яхши биламан!» дейди.
Қудаларига қарата, келмаганларингизда Отабекни энди сира ҳам юбормасликка қарор қилиб қўйган эдим, деди, -бо-о-о худо, ўғлим, уч йилдан бери ой сайин Марғилонга қатнаб зерикмадингми, энди улар ҳам келсин, ахир деб йўлдан тўхтатган эдим», дейди Ўзбек ойим.
Ўзбек ойим ана шунақа ҳам доғули, ҳам кўнгли очиқ аёл. Унинг жаҳли жаҳолат эмас, қаттиқ ҳазиллари ва гаплари меҳру муҳаббатидан далолат беради. Аммо бу хотин ўз характери билан Юсуфбек ҳожи хонадонининг изминигина эмас, роман воқеалари тизгинининг бир учини ҳам қўлига олган эдики, бунинг оқибати ҳаммага аён. Ўзбек ойимнинг шамол сингари енгил ўзгариб турувчи табиати, ўғлининг орзу-ҳавасини кўраман деб уни бахтсизликларга етаклаши А.Қодирий томонидан ишонарли тарзда очиб берилган.
Кумуш билан Зайнаб ўртасидаги кундошлик азобларини А.Қодирий ҳаммага аниқ ва зерикарли нарса сифатида айтиб ўтади. Аммо романда шундай саҳифалар борки, уларда Зайнаб юрагининг ўртаниши, Кумушга нисбатан рашк ғазабининг ортиши жуда усталик билан очиб берилган.
Кумуш билан Зайнабнинг зимдан бир-бирига қарашлари, Отабекни ўз хонасига олиб кириш учун Зайнабнинг гирдикапалак бўлиши, Кумуш билан Отабекни ҳоли қолдирмасликка уринишлари — буларнинг барчасида Зайнабнинг ғайри ва ўзича Отабекни қўлга киритиш учун кураши ётади.
Романда Юсуфбек ҳожининг илк марғилонлик келини Кумушни ўз уйида кутиб олиш ва «Бизни Марғилонда шундай келинимиз бор экан, билмай юрган эканмиз» ёки Кумушнинг заҳарланиши ва табибнинг келишидаги унга қарата «Бу даргоҳдан ҳеч ким норизор бўлиб кетиши мумкин эмас», деган сўзлари халқ тилида аллақачон кенг ёйилиб кетган. Кумушбибининг заҳарланиш саҳифаларини эсланг. Романда бу картиналар чуқур ҳаяжон ва психологизм билан суғорилган. Романда Кумуш ўлими, қабри устидаги изтиробдаги Отабек, қабристонда ҳайдалган Зайнабнинг мажнуна бўлиб Отабек кетидан шарпадек кезишлари ҳар бир китобхонга драматизм руҳини киритган. Гарчи китобхонда бу ҳолатлар тушкунлик руҳини берган бўлса-да, бачкана кўтаринкиликдан, сохта жанговорликдан ҳақиқий инсоний кечинмалар туғёнини бериш нақадар афзал эканлиги тасдиқланган.
А.Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини Лев Толстойнинг чуқур лиризм ва психологизм билан суғорилган асарлари қаторида, жуда кўп самимий, миллий саҳифалар, характерлар тўқнашуви сингари томонлари билан ҳам таққослаш мумкин.
Бадиий асар мураккаб уйғунлик, яхлитлик намунасидир. Санъаткор ўқувчи ва томошабинга ҳаётнинг мураккаб муаммоларини кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўяр экан, унинг асаридаги чуқур ғоялар ҳам осонлик билан, шунчаки, бир қараганда кўрина бермайди. Кўпинча кенг мулоҳазалар, ажойиб руҳий кечинма ва маънавий гўзалликлар ташқи воқеалар ва вазиятлар орасида яширинган бўлади. Диди юксак, ўқувчи ана шу асосий ғоя, асосий эстетик мазмун ва бадиий нафосатни кўра билиши керак.
Адабиётшунос М.Қўшчонов ёзганидек: «Китоблар борки, негизида замон нуқтаи назаридан муҳим воқеа ва катта темалар ётади, уларда баландпарвоз иборалар, ўхшатишлар, истиоралар ҳаддан зиёд ишлатилади. Бироқ китобни қўлга олиб ўқишга қийналасиз, борди-ю, ўзингизни зўрлаб ўқийдиган бўлсангиз, ундан бирор-бир таассурот ололмайсиз... Китоблар борки, негизида акс эттирилган мавзу биринчи қарашда унчалик катта ва муҳим эмасдек туюлади, баландпарвоз сўз ва ўхшатишлар дуч келган жойга тиқиштирилавермаган бўлади. Ёзувчи танлаган воқеа ва ғоя қанча оддий бўлса, унда ишлатиладиган сўзлар ҳам шунча оддий. Бироқ китоб ўқиган кишида катта таассурот қолдиради. Китобда акс эттирилган оддийгина воқеа ва ундан келиб чиқадиган ғоя диққатингизни ўзига тортади. Бир неча кунлаб, баъзан ойлаб китоб ичидаги воқеа билан яшайсиз, унинг қаҳрамонлари билан яқин бўлиб қоласиз»1.
Шунингдек, ҳам шакл хусусиятлари жиҳатидан, ҳам мазмун эътибори билан ўқувчи диққатини тез ўзига тортадиган асарлар йўқ эмас. Ана шундай асарлар қаторидан А.Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», Ойбекнинг «Қутлуғ қон» ва «Навоий» романлари, А.Қаҳҳор ва Ғ.Ғуломнинг ҳикоялари ўрин олади.
А.Қаҳҳорнинг ҳикоялари кичик ҳажмда катта мазмунни ифодалаш ва умумлаштириш жиҳатидан ниҳоятда ибратлидир. Ана шундай асарларнинг юксак бадиийлиги ва таъсирчанлиги бир жиҳатдан ёзувчи маҳоратига, унинг танлаган мавзусини қанчалик усталик билан ўқувчига етказишига боғлиқ бўлса, иккинчидан, ана шу таассурот характери ва кучи идрок этувчининг руҳий маданиятига ва бадиий диди такомилига ҳам боғлиқ. Юксак дидли киши ўртамиёна асардан завқ топа олмайди. Юксак дидли одам асарнинг гўзал томонларини тезроқ тушуниб етади. Асарнинг илҳом билан ёзилган бобларини сўниқ боблардан ажрата билади. Х.Г.Гадамер бу масалага: «... матнни муаллифдан ажратиб бўлмайди, зеро тарихни ёритган муаллиф бўлмаганда бу тарихий ҳақиқат бизгача етиб келмаслиги мумкин эди»1, дейди.
Гадамер учун тил асосан оғзаки тилдир, яъни мулоқот тилидир. Бунда талқин қилувчи нафақат талқин қилинаётган, балки бошқа талқинлар ва талқин қилувчилар билан ҳам учрашади. Шундай қилиб, масалан Э. Д. Хиршнинг2 индивидуал субъектидан бошланадиган ва методологик герменевтикага қарама-қарши бўлган, якуний манзил доим диалоглидир. Методологик герменевтикадан фалсафий герменевтикага ўтиш Гадамер учун субъективликдан марказий назар сифатида рад этишни англатади.
Ушбу ўтиш камида уч хусусиятдан иборат. Биринчидан, фалсафий герменевтика гуманитар фанларнинг ўз-ўзини англаши билан боғлиқлиги аниқ. Гадамернинг фикрига кўра, гуманитар фанларнинг ўзига хос илмий табиати ҳаддан ташқари методологик, аслида табиий фанлар модели асосида муҳокама қилинган. Шу сабабли, ҳатто герменевтиканинг ўзи ҳам гуманитар фанлар фалсафаси сифатида ҳаддан ташқари методологик бўлиб қолган. Эътиборли жиҳати шундаки, «Ҳақиқат ва усул» асари санъат, тарих ва фалсафадаги тажрибани кўриб чиқишдан бошланади, яъни Гадамер ўзининг фалсафий герменевтикасини гуманитар фанларнинг герменевтик тушунчаларидан узоқлаштирмоқчи бўлади. Баъзан ҳатто Гадамер муқобил усулни таклиф қилишни хоҳлайди, деб ўйлашган. Дарҳақиқат, у бирон бир илмий усулни муҳокама қилмоқчи эмас, балки унинг фикрича, барча илмий фикрлардан кўра асосийроқ бўлган даражага кўтарилиш, анча асослидир. Гадамернинг кўплаб талқинчилари учун у аслида қандай маънода бу усул ҳақида гапираётгани номаълум бўлиб қолганлиги ажабланарли эмас1. Гадамер китобнинг асл сарлавҳасини сақлаб қолганида, ҳеч бўлмаганда баъзи тушунмовчиликлардан ҳоли бўлган бўларди. Ҳозир бу китоб номи кичик сарлавҳа билан «фалсафий герменевтика асослари» деб номланади.
Гадамер «Ҳақиқат ва усул» асарида гуманитар фанларнинг методологик концепциялари бизнинг олам структурамизни очиб беришдан кўра, ёпиб қўйишини кўрсатмоқчи бўлади. Бу ерда у ёш Хайдеггернинг фактик герменевтикасидан кучли илҳомланади. Гадамер тушунчанинг доиравийлиги ёки самарали-тарихий онг ҳақида ёзар экан, у нафақат гуманитар фанлардаги холислик чегараларини муҳокама қилади. Бу умумий онтологик маънода тушунишнинг табиати ҳақида кўпроқ гап бораётганлиги ҳақида далолат беради. Ёш Хайдеггерга ишора қилган Гадамер шундай ёзади: «Тушунишни субъективлик ҳаракати сифатида эмас, балки ўтмиш ва келажак мунтазам воситачилик қиладиган ўтмишни оқлашга интилиш деб ўйлаш керак. Бу узоқ вақтдан бери услуб ғояси ҳукмронлик қилган герменевтик назарияда ўз ифодасини топиши керак1.
Иккинчидан, Гадамернинг фалсафий герменевтикаси тушунишнинг умумий шартларини белгилашга ҳаракат қилади. У герменевтик тажрибани ва унинг амалий ҳаётимиздаги ролини ўрганади. Унинг асосий вазифаси дунёни шарҳлашга бўлган муносабатларимиз йиғиндисини тушунишнинг илмий шаклларига кўпроқ жойлаштиришдн иборатдир. Шундай қилиб, гап тажрибанинг умумий назарияси ҳақида боради2. Гадамер «Ҳақиқат ва усул» асарининг биринчи қисмида Кант давридан бошлаб, замонавий эстетикада тажрибани субъективлаштиришни танқид қилишдан бошлайди, кейинчалик, айниқса, Хайдеггер кетидан бориб, бадиий асар ва эстетик тажриба назариясининг онтологик ва янада кенгроқ жиҳатларини таклиф беради. Унинг фикрига кўра, бадиий асарни, энг аввало, субъектив тажрибани объекти сифатида эмас, балки маълум бир кечинма содир бўладиган ёки ўйин усулида рўёбга чиқадиган жой сифатида тушуниш керак3.
Гадамер «Ҳақиқат ва усул» китобининг иккинчи қисмида билиш ва ҳақиқат тушунчаларини муҳокама қилишни бошлайди. У биринчи навбатда бизнинг тушунчамиз ва тажрибамиз ҳар доим шартли ва айлана характерига эга эканлигини таъкидлайди, аммо буни субъектив ўзбошимчалик билан аралаштириб юбормаслик керак. Талқин қилиш объектини асллиги ёки бошқача эканлигини кўрсатиш учун шарҳлашда антиципация ва олдиндан тушунишлар киритилади. Гадамер бундай тушунишни талқиннинг радикал тарихий шарти ҳақидаги ўз ғояси билан боғлайди. Тушунишнинг тарихийлиги ҳақидаги онгимиз бизга тақдим этиладиган объектлар уфқларига таъсир қилади. Унинг сўзларига кўра, «герменевтик онг таъсирчан, фаол, ҳақиқий-тарихий бўлиши керак»1. Фалсафий герменевтика замонавий маърифатпарварлик тафаккуридан фарқли ўлароқ, анъаналардан ҳеч қачон ва ҳеч нарсасиз озод бўлмасликни таъкидлайди. Бу фикрлар юқорида қайд этилган асарларнинг талқинларига тўғри жавоб бўла олади.
Герменевтик тажриба учун талқин ҳар доим тугал, чекланган, тубдан мулоқотлашган ва анъана билан шартланган бўлади: «Герменевтик тажриба нақл ва ривоят иш тутади, бу эса тажрибага келиш шартидир. Нақл эса аслида тажриба орқали маълум бўлган ва ўзлаштиришга ўрганиладиган ютуқ эмас, балки у тилдир, яъни у ўзини «сен» деб талаффуз қилади. «Сен» предмет эмас, унинг ўзи бирор нарсага тегишлидир»2. Гадамер учун анъана ёки ривоят, бирор нарсани талқин қилишга уринаётганда, биринчи навбатда, мунтазам мулоқотга кирувчи коммуникатив шерикдир. Анъаналар узлуксизлигидагина баъзи конкрет нарсани тушуниш мумкин. Гадамер «Ҳақиқат ва усул» асарининг учинчи қисмида герменевтиканинг онтологик жиҳатини кўриб чиқади, унга кўра тил биринчи навбатда дунё тажрибасидир. Бу ерда, айниқса, Хайдеггернинг таъсири анча сезилади, гарчи уларнинг муносабатлари биринчи қарашда кўринадиганидан анча мураккаброқ бўлишига қарамай, ёш Хайдеггернинг фундаментал онтологияси Гадамер учун катта аҳамиятга эга. Лекин Гадамернинг тилнинг дунёни очиб бериш қобилияти ҳақидаги фикрлари, аслида, кечки Хайдеггер қарашларига яқинроқдир. Лекин муҳими шундаки, Гадамер Хайдеггер (ва ўзига хос тарзда Деррид) сингари бизнинг маданий ва айниқса, фалсафий анъаналаримизни сояга солиб қўядиган ўзига хос борлиқнинг умумий таназзули ҳақида асос қоида қилиб олмайди. Фалсафанинг кўплаб мумтоз асарларини самарали ўқиётганда, у асос қоида қилиб герменевтик тарзда ёндашишни хоҳлайди. Гадамернинг фикрига кўра, метафизик анъана бу бузиш, деконструкция қилиш ёки ўзгартириш қилиш мумкин бўлган нарса эмас, балки у бевосита бошқа нарсадир, у билан суҳбатга киришиш ва шу тариқа уни бугунги кун нуқтаи назаридан қисман ўзлаштириш мумкин.
Борлиқ ўрнига Гадамернинг асосий саволлари биз умумий маънога эга бўлиши мумкин бўлган лингвистик ҳодисаларга тегишли. Бу ерда гап тилдан фойдаланиш орқали дунё деб аталмиш макондаги ўз уйимизда бўлиш ҳақидаги интилишларимиздир. Шу билан бирга, герменевтика фақат матн билан эмас, балки биз хабар беришимиз мумкин бўлган барча нарсалар билан шуғулланади1. Герменевтик тажриба учун муҳим бўлган нарса матнларда ҳам, инсоннинг бошқа кўринишларида ҳам айнан бошқанинг овози ва эшитиш қобилиятидир. Бошқанинг бу лаҳзаси Гадамернинг кейинги асарларида, айниқса, унинг Пол Целан ҳақидаги китобида мустаҳкамланган, бу ерда уфқларнинг уйғунлиги ва ҳамма нарсани қамраб олувчи ривоятлар каби бирликнинг олдинги марказий фигуралари борган сари орқага чекинади1.
Шунга кўра, у ўзининг герменевтикасини Жак Деррид танқидларидан ҳимоя қилар экан, у кўпинча тушуниш ҳар доим «Ўзгани» англаш демаклигини таъкидлайди: «Фақат ўзганинг борлиги, биз учрашмоқчи бўлган инсоннинг жавоб беришидан аввал, фикрининг торлиги ва саросимага тушишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу ерда биз учун мулоқот тажрибага айланган нарса фақат асослар ва қарама-қарши асослар соҳаси билан чегараланиб қолмайди, уларнинг алмашинуви ва бирлашиши ҳар бир баҳснинг маъносини тугатиши мумкин. Таърифланган тажрибалар кўрсатганидек, бунда бошқа нарса бор, яъни ўзганинг борлиғининг салоҳиятидир. Бу эса умумий соҳадаги ҳар бир хабардан аллақачон устундир»2.



Download 4,05 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   23   24   25   26   27   28   29   30   ...   52




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish