Жаҳон маданиятидаги Шарқ-Ғарб маданий дихотомияси. Ғарбий Европа цивилизацияси қадимги даврлардан эътиборан, узоқ вақт давомида Шарқ маданиятига ўзини қарши қўйиб келган. Шарқни мутлақо бошқа дунё сифатида англаш бугунги кунга қадар барқарор бўлиб келмоқда. Дарҳақиқат, Шарқ маданияти Ғарб маданиятидан кўп жиҳатдан фарқ қилади, жумладан менталитет, тил хусусиятлари, тасвирий санъат, диний эътиқод, фалсафа ва бошқалар шулар жумласидандир. Замонавий цивилизация таъсири остида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тафовутлар аста-секин текисланади, аммо, шунга қарамай, бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Бу менталитетнинг махсус кўриниши бўлиб, Шарқона диний тафаккур билан боғлиқдир. У сезиларли равишда табиатни илоҳийлаштиришга интилади. Табиат ўз моҳиятига кўра уйғундир, шу боис инсон унинг ўзгаришларига мослашиши зарур.
Шарқ менталитети, европаликлардан фарқли ўлароқ, мушоҳадага асосланган, ўзини англаб етишга қаратилган хатти-ҳаракатларда, яъни инсоннинг ички оламига эътибор қаратади. Буларнинг барчаси ва Шарқ маданиятидаги мавжуд бошқа ҳодисалар Европа маданияти вакилларини доимо қизиқтириб келмоқда. Иккала маданий парадигма ўртасидаги фарқлар коинотнинг тузилиши, инсон борлиғи, билиш жараёни, қадриятларга йўналганлик, диний эътиқодга муносабатларда намоён бўлади. Улар «Ғарб-Шарқ» мулоқотининг ривожланишига тўсқинлик қила олмайдилар, чунки Шарқсиз Ғарб йўқ, Ғарбсиз Шарқ бўлмайди. Иккала парадигма, ўзига хос алоҳидалигига эга бўлишига қарамай, ҳар томонлама ривожланган одамнинг гуманистик ғояси, комил инсон омили (идеали), эркинлик, ҳақиқат, эзгулик ва гўзаллик ҳақидаги ғоялар (иккала маданиятда ҳар хил изоҳланган бўлса ҳам), давлатчилик ғоялари, илмий билимлар ўрганишга бўлган қизиқиш, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги ғоялари билан умумий жиҳатларга эгадир.
Қайд этилган фактлар шарқона маданият ва шарқона менталитетнинг тушунарсизлиги, ёпиқлиги, герметик қобиғда эканлиги ҳақидаги далилларни рад этишга имкон беради. Шарқ ва Ғарб маданиятлари ўртасида «Хитой девори» йўқ, чунки ҳар иккала маданият ҳам бутун дунё маданиятининг органик қисми бўлган яхлит бирликни ташкил қилади. Шу муносабат билан, дунё маданияти нимани ташкил қилади деган савол туғилади. Бир қарашда, бу тушунча шунчалик глобал, кўп қиррали, турлича кўринадики, бундай тузилманинг мавжудлигига шубҳа туғдиради. Аслида, дунё маданияти инсон омили ва глобал маданиятни ташкил этувчи барча маданиятларнинг яқинлашиши тенденциялари билан бирлаштирилган объектив ҳодиса сифатида мавжуд. Умумжаҳон инсоният маданиятининг мавжудлиги унинг таркибидаги барча миллий маданиятларнинг хилма-хиллиги ва бирлигининг органик ўзаро таъсири билан белгиланади. Ш.Мадаева таъкидлаганидек: «Цивилизациялар тўқнашуви даври дея башорат қилинган XXI аср ўз онтогонистик тарихини антик даврдан бошлагани ҳеч кимга сир эмас. Ҳаёт имкониятлари қисқариб, экологик, сиёсий ва ижтимоий таранглик кундан-кун ортаётган Ер юзидаги инсоният яшаётган ҳудуднинг Шарқу Ғарбдек икки қутбга бўлиниш ҳолати яқин келажакда консалидацион бир муҳитнинг ҳосил қилинишига бирон-бир умид уйғотмаяпти. Қолаверса, Ер юзини территориал нуқтаи назардан эмас, маданият, дин, сиёсат ва менталь стереотиплар юзасидан тобора қутбийлаштиришга ҳаракат қилаётган назариялар шу кунгача Яқин ва Ўрта Шарқ, Марказий Осиё бўйича янги ва янги хавотирли концепцияларни тақдим этмоқдалар»1. Зеро, шундай экан, Шарқ ва Ғарб диалоги, парадигмал хусусиятлари, умумий ва алоҳида жиҳатлари кенг тадқиқотлар кўламини кутмоқда. Бундай ёндашув Шарқ ва Ғарб оламининг кескин, лекин кўп ҳолларда муросага ва мулоқотга етакловчи умуминсоний қадриятларни, инсонпарварлик ғояларининг объектив моҳиятини қайд этишга қаратилиши лозим.
Инглиз файласуфи ва публицист Томас Карлейль «Ўтмиш ва ҳозирги замон» — «Прошлое и настоящее», «Замонавий памфлектлар» — «Современные памфлекты» асарларида замонавий Ғарб оламини кескин танқид этиш орқали келажакка эмас, ўтмишга қарайди. «Карлейль асрнинг барча ижтимоий қоидаларининг ички чириб кетган қоидаларидан, даврнинг тебранувчан ва бўш ҳолатидан арз қилади. Арз қилиш адолатдан, бироқ фақатгина арз қилиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди; зулмдан қутулиш учун унинг сабабини топиш зарур».
Do'stlaringiz bilan baham: |