Фойдаланилган манбалар:
Сборник договоров России с другими государствами. 1856-1917. М., Гос. изд-во полит. литературы, 1952.
Ўзбекистон Республикаси МДА И- 41, рўйхат-1, иш- 87, варақ- 1, варақ- 13, 13 ов, 14, 15, 33 варақлар.
Ўзбекистон Республикаси МДА И - 41, рўйхат - 1, иш- 87, варақ – 28, иш- 499, варақ – 6, иш- 499, варақ – 1, иш- 304, варақ - 87
УДК 575 © Мирзақулов Б.Т. 2007 й.
БУХОРО АМИРЛИГИ ҲУДУДЛАРИДА КОНЧИЛИК ИШЛАРИ ХУСУСИДА
Мирзақулов Б.Т.,Бухоро озиқ-овқат технологияси ва енгил саноати институти «Ижтимоий фанлар» кафедраси доценти, тарих. фанлари номзоди
Тарихдан маълумки, Ўрта Осиёда энг қадимги замонлардан бошлаб турли хил ер ости бойликлари, металлар, маъданлар қазиб олинган, ишлаб чиқарилган. Хусусан, Бухоро амирлиги ҳудудларида олтин, темир, қўрғошин ва бошқа бойликлардан турли хил маҳсулотлар тайёрланган. Манбаларда бу ҳақда жуда кўп маълумотлар берилган.
Ўрта Осиёнинг ҳунармандчилик районларидан бири ҳисобланган Бухорода қадимдан бошлаб олтин, мис, темир ишлаб чиқарилган. Асрлар оша кончилик ишлари жуда оддий, примитив усулда бўлса ҳам, ривожланиб келган. Бу иш билан жуда кам, саноқли кишилар машғул бўлиб, эҳтиёжга яраша миқдорда ер ости бойликларидан керакли маҳсулотлар тайёрланган.
XIX асрнинг охири, ХХ асрнинг бошларида ҳам Бухоро амирлигида кончилик билан машғул бўлганлар сони кам бўлиб, махсус заводлар бўлмаганлиги боис, одатда олтин изловчилардан фойдаланилган.
ХХ аср бошларида Бухоро амирлигини ўрганган Д.Н.Логофет Бухоронинг бойликлари ҳақида айрим маълумотларни келтиради. Ўша пайтда Бухородаги тоғлик ҳудудларда кўплаб миқдорда олтин, мис, темир, қўрғошин, киновар (қизил рангли минерал), симоб, тошкўмир, мармар, нефт, охра(сариқ ёки қизил тусли минерал бўёқ), туз, тоғ биллури (хрустали), топаз (қимматбаҳо асл тош), қизил ёқут (лаъл) заҳиралари мавжуд бўлган.
Ўрта Осиёни Россия забт этгандан кейин, Бухоро амирлиги ҳудудларида мавжуд бўлган ер ости бойликларининг конлари жойлашуви ўрганилади. Олтин – оқтош, кварц кўринишида, тоғ жинслари таркибида, Дарвоз беклиги ҳудудидаги тоғлик жойларда, Панж, Яхсув, Вахш ва Шарқий Бухоронинг бошқа кичик дарёлари оқими бўйлаб, тоғ жинсларидан ажралган қум таркибида учраган. Мис – Дарвоз беклигидаги тоғлик жойларда, табиий равишда мавжуд бўлган. Темир – Ҳисор, Дарвоз бекликларидаги тизма тоғликлардан олиш мумкин эди. Қимматбаҳо тошлар – Дарвоз беклигида кўп бўлиб, шу атрофдан олинган. Мармар – Дербент шаҳри атрофидан, Ҳисор тоғи этакларидан олинган. Нефт – Ҳисор ва Қўрғонтепа беклигида кўпроқ бўлган. Қўрғонтепа беклигининг Сарой қишлоғида, Шеробод шаҳри яқинидаги Қоратоғ этакларида, Оқ- жумалон тоғликларида, Шакарлик-Остона деган жойда заҳиралари борлиги аниқланган.Олтингугурт
– унинг заҳиралари Қўҳитанг тоғ атрофларида, Келиф яқинида, Шеробод атрофларидаги
Жўлтонтепада, Қизил-Ур деган жойда борлиги маълум бўлган. Тошкўмир конлари – Бойсун , Ҳисор, Қўрғонтепа бекликларида мавжуд бўлган. Қўрғошин заҳираси Қўйтонда кўпроқ бўлган. Охра Қўрғонтепа беклигида, Қоратоғ этакларида, Ҳисор тизма тоғларида мавжуд эди.
Бухоро амирлигида ер ости қазилмаларини аниқлаш, тадқиқ этиш, излаб топиш ишлари муайян режа асосида олиб борилмаган, бу иш билан айрим кишиларгина шуғулланишган. Ер ости ишларини олиб боришга катта маблағ ажратилмаган, асбоб- ускуна ва жиҳозлар мукаммал бўлмаган, бунинг устига руда эритиш печлари ҳам жуда оддий бўлган. Шунга қарамасдан, ХХ аср бошларида Бухоро амирлигида катта бўлмаган миқдорда олтин, темир, олтингугурт, туз қазиб чиқарилган.
Олтин қазиб чиқариш ёки олтин тайёрлаш учун зарур маҳсулот етиштириш икки йўналишда амалга оширилган. Дарвоз беклиги ҳудудидан олтин конидан кристалл кўринишдаги олтин маҳсулоти қазиб олинган. Панж, Вахш, Яхсув, Қизилсув, Ванг, Ёзғулом ва Оқдарёда таркибида олтини мавжуд бўлган қумдан, тоғ жинсларидан олтин олинган. Бу дарёлар ўз оқими бўйлаб аралаш-қуралаш тоғ жинсларини ювиб кетиши натижасида олтин таркибли қумлар пайдо бўлган ва улардан олтин тозалаб олинган.
Дарвозда олтин олиш, асосан конлардан олтинли кристалл бўлакларни парчалаб олиш орқали амалга оширилган. Иш қуроли – оддий болға, чўкич ва бигизлардан ташкил топган. Олдин кварц шаклидаги катта бўлаклар синдириб олиниб, кейин улардан олтин бўлаклари, олтин зарралари бигиз билан ажратиб олинган.
Қайд қилинган дарёлардан олтин олишда, асосан, қўй терисидан фойдаланилган. Тўрлар билан жиҳозланган махсус мосламага қўй териси қўйилиб, чўмичда сув олиниб қайта-қайта ювилган. Ювилган қумнинг таркибидаги олтин зарралари қўй терисидаги юнглар орасида қолган. Бир неча соат давомида анча тўплашиб қолган олтин зарралари махсус тароқда тараб олиниб, идишга солинган. Шундай қилиб, эртакларда айтилган “олтин барра” ҳақиқатдан ҳам ўз ифодасини топган.
Олтин изловчиларга, уни тозаловчиларга жуда кам ҳақ тўланган – кунига 3-4 танга атрофида. Олтинни излаб топиш, ювиш, тозалаш ва Бухоро бекларига топшириш қаттиқ назорат қилинган, тартиббузарлар жазоланган. Айрим, ҳолларда қумни ювиш жараёнида табиий олтин бўлаклари (қуймага ўхшаш) ҳам чиқиб турган. Ўрнатилган
тартиб-қоидага кўра, олтинни ювиш ҳуқуқига эга бўлиш учун олтин изловчи шахс Бухоро амирлиги хазинасига жуда катта солиқ тўлаши шарт бўлган. Бухоро фуқаролари билан бирга, рус фуқаролари ҳам шу қоидага бўйсуниши лозим эди. Бунинг учун Россиянинг Бухородаги Сиёсий Агентлиги томонидан махсус рухсатнома берилган.
Бухоро амрлигида олтин ишлаб чиқариш ХХ аср бошларида йилига 80 фунтдан ошмаган (32 килограмм 760 грамм). Олтин баҳор, ёз ва куз ойларида ювилган, тозаланган, қишда бунинг иложи бўлмаган.
Турган гапки, амирликдаги олтинли қум конлари ҳақидаги маълумотлар билан бошқалар ҳам қизиққан. 1894 йилда рус тоғ-кон инженери П. Журавко-Покорский Яхсув дарёси бўйларидан таркибида олтин зарралари бўлган қумни излаб разведка ишларини олиб борган, қумни ювиб тозалаш билан шуғулланган.
Кейинчалик, Покорский Оқдарё бўйларини ҳам ўрганиб чиққан ва 15 йил давомида Шарқий Бухоро ҳудудларидаги олтинли қумлар мавжуд бўлган жойларни тадқиқ этган. Ундан кейин Левашов, Серас деган геологлар ҳам келишиб, айрим тадқиқ ишларини олиб боришган, аммо асосий ишлари олтин мавжуд бўлган жойларни қидиришдан нарига ўтмаган. 1905 йилда тоғ-кон инженери Михайлов, ундан кейин эса Крафт, Леват келиб олтинли жойларни ўрганган.
Рус кон инженери Покорский билан бир вақтда бу ерларда “Рикмерс”деган инглиз савдо уйи вакили ҳам ишлаган, олтин кони излаган. Покорский олтин
кони излашни давом эттириб, йилига 1,5 миллион пудгача бўлган қумни ювишга муваффақ бўлган. Кейинчалик Россия ҳукумати томонидан Оқдарё бўйларидаги олтин конларига от тортиб юрувчи темир йўл излари қурилган. 1910 йилга келиб Покорский томонидан топиб ишга туширилган олтин конидан Россия ҳукумати йилига 18 фунт олтин қазиб олишга эришган (7кг. 371гр).
XIX аср охирларида Бухоро бозорларида бир ботмон темир тунукасининг нархи 5 тилла, бир ботмон миснинг нархи 20-22 тилла, бир пуд қўрғошиннинг нархи 20 тилла, бир пуд қалайнинг нархи 21 тилла бўлганлигини инобатга олсак, ер ости бойликларидан фойдаланишнинг, кончилик ишларининг аҳамияти қай даражадалигини англаб етиш қийин эмас.
Бухоро амирлигида Дарвоз, Қоратегин, Ҳисор бекликлари ҳудудидан йилига 3-4 минг пудгача темир, чўян эритиб ишлатилган. Аммо Бухоро амирлиги ҳудудларидан қазиб олинган ер ости бойликлари мамлакат эҳтиёжи учун етарли бўлмаган. Четдан темир ва пўлат олиб келинган. Масалан, 1896 йилда Россиядан Бухорога 34208 пуд темир ва пўлат келтирилган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси жаҳонда кончилик саноати юқори ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Ҳозирга қадар Ўзбекистонда ҳаммаси бўлиб 2700 дан ортиқ истиқболли турли фойдали қазилма конлари аниқланган. Олтин, уран, нефт, фосфоритларнинг разведка қилинган заҳиралари бўйича Ўзбекистон жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди.
Манбалар:
Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. Т., 2002. 4-том
Логофет Д.Н. На границах Средней Азии. Сп.б.1909
Логофет Д.Н. История завоевания Бухарского ханства. Сп.б.1906. 263-270 б.
Ханыков Н.В. Описание Бухарского ханства. Сп.б.1843. 179-б
Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви, I-жамланма,II-рўйхати, 1308-иш, 64-в
УДК 622 © Курбонов А.А. 2007 г.
Do'stlaringiz bilan baham: |