ХАЛҚ КУЙЛАРИНИ ҚАЙТА ИШЛАШ – профессионал мусиқа – бастакорлик ва композиторлик ижодиёти соҳаси, муайян жанр. Кўп овозли мусиқа заминида аранжировка, гармониялашга қисман яқин, лекин услубан бирмунча мураккаб. Композиторлик мактаблари шаклланишида Х.к.қ.и. муҳим аҳамиятга эга бўлиб, дастлабки босқич вазифасини бажаради, зеро миллий мусиқа услубларини ўзлаштиришда ижодий лаборатория вазифасини ўтайди.
ХАЛҚ МУСИҚА ЧОЛҒУЛАРИ – халқлар ўртасида кенг тарқалган мусиқа чолғулари. Ҳар бир халқнинг ўзига хос Х.м.ч. – торли, пуфлама ва урма турлари бор; русларда–домра, балалайка, гусли, жалейка, баянлар; украинларда– бандура, кавказликларда – тар, соз; итальянларда– мондалина; испанларда – гитара. Ўзбек чолғулари ҳам ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, улар қаторига най, дўмбира, дутор, танбур, сато, ғижжак, чанг, қўшнай, карнай, сурнай, ноғора, доира ва б. киради.
ХАРАКТЕР – адабиёт ва санъат асарларида хусусий белгилари мукаммал тасвирланган ва ўзида феъл-атвор (хатти-ҳаракат, кечинма, фикрий ва нутқий фаолият)нинг тарихан аниқ типини мужассамлантирган, шунингдек, муаллифнинг маънавий-эстетик концепциясини ифодалаган инсон образи.
ХАТТОТЛИК (араб. – ҳуснихат ёзувчи), каллиграфия – ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмларнинг китобаларини яратиш касби. Ёзувнинг пайдо бўлиши натижасида юзага келди.
ХОРЕОГРАФИЯ (юн. choreia – рақс ва ... графия) – 1) шартли белгилар асосида ёки сўзлар б-н баён этиш орқали рақсни ёзиш. 15-а. охиридан рақсни ёзиш бўйича уринишлар бўлган бўлса-да, асосан, 17-а. охири – 18-а. бошларидагина бал ва саҳна рақси назариясини ишлаб чиқилгани туфайли бир гуруҳ француз балетмейстерлари ва рақс ўқитувчилари рақсни ёзиб олиш тизимини ишлаб чиқдилар.
ЦИВИЛИЗАЦИЯ (лот. cuvilis) – фуқароликка, давлатга тааллуқли), тамаддун – 1) кенг маънода – онгли мавжудотлар мавжудлигининг ҳар қандай шакли; 2) маданият сўзининг синоними. Бу термин кўпинча моддий маданият маъносида хам қўлланилади; 3) маданиятнинг замон ва маконда чегараланган тарихий типи (Миср Ц.си, Месопотамия Ц.си ва б.); 4) ёввойилик ва ваҳшийликдан кейинги ижтимоий тараққиёт босқичи.
ЦИРК (лот. circus – доира, айлана) – санъат тури. Акробатика, гимнастика, эквилибристика, клоунада, жонглёрлик, полвонлик, иллюзионизм, от ўйинлари, дорбозлик, ҳайвон ўргатиш каби жанрларни ўз ичига олади. Цирк артисти ақл бовар қилмайдиган ўйинлар кўрсатиб, инсоннинг чексиз имкониятларини намойиш этади, унинг ақли, эпчиллиги, жасурлиги, куч-қудратини улуғлайди ва Ц.нинг ўзига хос бадиий ифода воситалари орқали руҳан ва жисмонан баркамол инсоннинг умумлашган бадиий образини яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |