АВЕСТОШУНОСЛИК — «Авесто» ёзма ёдгорлигининг ёзуви, тили, тариxи, мазмуни, турли тариxий даврларда жаҳон xалқларининг мазкур ёдгорликка бўлган турли муносабатлари, бошқа динлар ва маданиятларга таьсири, умуминсоний қадриятлар тизимидаги ўрни тўғрисидаги тадқиқотлар, ғоялар, қарашлар ва ҳоказоларнинг мажмуаси. Ани шартли равишда учта тариxий даврга бўлишимиз мумкин: 1) Қадимги авестошунослик; 2) Ўрта асрлардаги Шарқ авестошунослиги; 3) Авестонинг янги даври. Қадимги авестошунослик даври деганда, «Авесто» битикларини қадим юнонлар, римликлар, яҳудийлар, сурияликлар ва бошқа томонидан тадқиқ этилиши ва ўз даври тафаккури даражасидан туриб, «Авесто»даги энг қимматли билимлар, фикрлар, тажрибаларни ўзлаштириб олиниши тушунилади. Юнон фани фалафасига ҳал қилувчи таьсир ўтказган буюк таьлимот сифатида эьтироф этилади. Ўрта асрлардаги Шарқ авестошунослик асосан, араблар ҳукмронлигига қарши ўз миллий қадриятларини ҳимоя қилишга, уларни чуқурроқ ўрганишга, зардуштийликка интилишнинг кучайиши билан боғлиқ ҳаракат. Бу ҳаракатнинг марказлари Буxоро, Хоразм, Хуросон бўлиб, ислом қобиғига ўралган тасаввуфнинг шаклланишига асос бўлиб xизмат қилди. Бу даврда Дақиқий, Фирдавсий, Абу Райҳон Берунийларни ўз даврининг йирик Авестошунослари дейишимиз мумкин. Янги давр Авестошунослик Анкетил Дюперрон номи билан боғлиқ. Ҳозирда дунёнинг барча минтақаларида авестошунослик марказларида чуқур илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 1777 йилда немис олими Кленкер томонидан «Занд Авесто» немис тилига ўгирилиб, Рига шаҳрида чоп этилди. Авестошуносликда янги бир босқич даниялик тадқиқотчи Р.Раскнинг фаолияти биланн боғлиқ. У ХIХ-асрнинг биринчи чорагида Анкетил Дюперрон жасоратларини яна бир бор такрорлаб, «Авесто»дан немис тилига бир қатор таржималар қилди ва 1826 йил Копенгаген шаҳрида чоп эттирди. Шунингдек, Э.Бюрнуфнинг 1833 йилда «Авесто»нинг «Ясна» қисмига ёзган шарҳлари Авестошуносликда муҳим қадам бўлди. Авестошуносликнинг Россияда шаклланиш тариxи ХIХ-асрнинг 2-ярмига тўғри келди. К.А.Коссович биринчилардан бўлиб, «Занд Авесто»дан 4 бобини 1861 йил таржима қилди. К.Г.Залеман қадим форс адабиёти ҳақидаги очеркларида (1881 йил) «Авесто» ҳақида маьлумот бэради. С.Каменский «Авесто» яштларидан еттитасини рус тилига таржима қилиб, 1900 йил изоҳли луғати билан чоп эттирди. «Авесто»ни илмий ўрганишда Иброҳим Пури Довуд Авестошуносликда чуқур из қолдирган йирик тадқиқотчи. У Ҳиндистондаги порс қавми орасида 1925-1936 йилда истиқомат қилиб, «Авесто»нинг тилини мукаммал ўрганди. Бу таьлимотга доир бор материалларни жамлаб, тўққиз томдан иборат «Авесто» китобини чоп эттирди. У уч минг йиллар олдин йўқотилган «Авесто» саҳифаларини тиклаб, уни ҳозирги замон форс тилига ўгирди. Пури Довуд мактабига мансуб авестошунослардан Эҳсон Ёршатр, Баҳром Фраваший, Бейжон, Саид Нафисий, Пирниё Ҳасан ва бошқаларни алоҳида санаб ўтиш зарур. Собиқ иттифоқ даврида «Авесто»нинг илк ватани бўлмиш Ўзбекистонда Авестошунослик системали равишда амалга оширилишига имкон бўлмади. Ўлкамиз тариxи билан шуғулланган Ғуломов Я.Ғ., Толстов С.П. ва бошқа тадқиқотчиларнинг ишларида «Авесто» у ёки бу даражада таҳлил қилинган. Мустақиллик даврида Авестошунослик билан жиддий шуғулланиш имкони очилди. Ҳозирги тадқиқотчиларимиздан Н.Маллаев, М.Қодиров, М.Ишоқов, А.Сагдуллаев, А.Қаюмов, А.Маҳкам, Ф.Сулаймонова ва бошқаларнинг тадқиқотларида жиддий изланишлар кўзга ташланмоқда. Ўзбек тилида «Авесто» битикларининг бизгача етиб келган тўла матни (2001 йил) нашр этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |