Глобаллашув жараёнида мафкуравий иммунитетни
шакллантириш вазифалари.
Р Е Ж А:
1. Ҳозирги дунёнинг мафкуравий манзараси.
2 “Мафкуравий полигон” тушунчаси, унинг намоён бўлиш хусусиятлари.
3. Мафкуравий иммунитетни шакллантириш - хавфсизлик ва барқарорлик омили.
1. Ҳозирги дунёнинг мафкуравий манзараси
Инсоният тарихида, хусусан, глобаллашиб бораётган бугунги дунёда содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатар эканмиз, жаҳондаги барча воқеликни яратувчиси сифатида маънавият ва ахлоқнинг бирламчи омил эканлигини ҳис қилиш қийин эмас.
Албатта, глобаллашув жараёнлари давлатлар ва халқлар ўртасида интеграция ва ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, капитал ва товарлар, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулайликлар вужудга келиши, илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, цивилизациялараро мулоқотнинг янгича сифат касб этиши билан белгиланади. Яъни, Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда "глобаллашув — энг аввало ҳаёт суръатларининг беқиёс даражада тезлашуви демакдир"1.
ХХ аср бошларига келиб дунё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро таъсир шу қадар кучайиб бордики, бу жараёндан ўзини тўла ажратиб олган бирорта давлат йўқ деб тўла ишонч билан айтиш мумкин. Ҳаттоки халқаро ташкилотлардан узоқроқ туришга интилаётган, уларга аъзо бўлишни истамаётган мамлакатлар ҳам бу жараёндан мутлақо четда эмас.
Глобаллашув шундай жараёнки, ундан четда тураман деган мамлакатлар унинг таъсирига кўпроқ учраб қолиши мумкин. Бундай ғайри ихтиёрий таъсир эса кўпинча салбий оқибатларга олиб келмоқда.
Глобаллашувнинг турли мамлакатларга ўтказаётган таъсири ҳам турлича. Бу ҳол дунё мамлакатларининг иқтисодий ахборот, маънавий салоҳиятлари ва сиёсати қандай экани билан боғлиқ. Дунёда юз бераётган шундайли жараёнларнинг ҳар бир мамлакатга ўтказаётган салбий таъсирини камайтириш ва ижобий таъсирини кучайтириш учун шу ҳодисанинг моҳиятини чуқурроқ англаш, унинг хусусиятларини ўрганиш лозим.
Глобаллашув яна шундай жараёнки, уни чуқур ўрганмаслик, ундан фойдаланиш стратегияси, тактикаси ва технологиясини ишлаб чиқмаслик мамлакат иқтисодиёти ва маданияти, маънавиятини тоғдан тушаётган шиддатли дарё оқимига бошқарувсиз қайиқни топшириб қўйиш билан баровар бўлар эди.
Мустақиллик даврида мамлакатимиз олимлари ўтказган ва ўтказаётган тадқиқотлар таҳлили бу соҳадаги ишлар эндигина бошланаётганидан гувоҳлик беради.
Глобаллашув миллий маънавиятга ҳам таъсир ўтказади. Ҳар қандай сиёсат, жумладан, иқтисодий сиёсат ва маънавият соҳасидаги сиёсат ҳам илмий асосга эга бўлгандагина мувоффақият келтиришини назарда тутсак, бу масалалар олимларимиз сиёсатчиларимизга етарли кўмак беришларини эътироф этишга тўғри келади. Мамлакатимизнинг жаҳон майдонида олиб бораётган сиёсати кўпроқ самара ва мувоффақият келтиришини истасак, глобаллашувнинг моҳияти, йўналишлари, хусусиятларини чуқурроқ тадқиқ ва таҳлил қилиш зарур. Айнан шу жараённи таҳлил қилиш орқали сиёсатчиларнинг тўғри йўл танлаши ва қарорлар қабул қилиши учун имконият яратиш мумкин.
Глобаллашув турли мамлакатлар иқтисоди, маданияти, маънавияти, одамлар ўртасидаги ўзаро таъсир ва боғлиқликнинг кучайишидир.
Глобаллашувга берилган таърифлар жуда кўп. Лекин унинг хусусиятларини тўлароқ қамраб олгани, француз тадқиқотчиси Б. Бандининг таърифи ҳарактерлидир.
а) Глобаллашув-муттасил давом этадиган тарихий жараён.
б) Глобаллашув-жаҳоннинг гомогенлашуви (юн.хонкоденс таркиби, келиб чиқиши жиҳатидан бир хиллик, бир жинслик) ва универсаллашуви жараёни;
в) Глобаллашув-миллий чегараларнинг “ювилиб кетиш” жараёни.
Глобаллашувнинг уччала ўлчовига ҳам эътироз билдириш мумкин. Бироқ жаҳондаги жараёнларни кузатсак буларнинг уччаласини ҳам кўриш мумкин.
Глобаллашувнинг мамлакатлар иқтисодий сиёсати ва маънавиятига ўтказиши мумкин бўлган ижобий ва салбий таъсири Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Махатма Гандининг қуйидаги сўзларида яхши ифодаланган. “Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини доим маҳкам беркитиб ўтира олмайман, чунки уйимга тоза ҳаво кириб туриши керак. Шу билан бирга, очилган эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб уйимни ағдар-тўнтар қилиб ташлаши, ўзимни эса йиқитиб юборишини ҳам истамайман.”
Шу боис миллий истиқлол ғояси бугунги глобаллашув жараёнида уйимизни ҳаётимизни тоза ҳаво билан таъминлаб, айни пайтда, “довуллар”дан сақлаш омили эканлигини англаш муҳим.
Ҳозирги замон глобаллашув жараёни ўта мураккаб ҳодиса. Унинг турли мамлакатлар иқтисоди, сиёсати ва маънавиятига ўтказаётган таъсири яна ҳам мураккаб бўлгани сабабли унга нисбатан ҳам жаҳонда бир-бирига нисбатан рақобатда бўлган икки гуруҳ; глобаллар ва аксилглобаллар гуруҳлари вужудга келди.
Глобаллашув тарафдорлари глобалистлар деб аталади. Улар орасида давлат арбоблари, сиёсатдонлар, саноатчи ва бизнесменлар кўпроқ учрайди.
Глобаллашув мухолифлари эса аксилглобалистлар номини олган бўлиб, улар орасида кўпроқ сўл кучлар, касаба уюшмалари ва ёшлар ташкилотларининг вакиллари бор. МДҲ ҳудудида аксилглобалистлар Россия Федерацияси ҳудудида фаол ҳаракат олиб бормоқдалар, улар турли анжуманлар, семинарлар ўтказиш учун тўпланиб турадилар.
ХХ аср ўртасида глобаллашувнинг ташкиллашуви кучайгандан кейин бу жараённинг ўзи ҳам кескин тезлашди ва шиддатли тус олди. Бу ташкиллашувнинг кучайганини Бутунжаҳон савдо ташкилоти, Халқаро Валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тараққиёти ва тикланиш банки ташкилотларининг вужудга келгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Глобаллашувнинг тезлашиши ва кучайишига жавоб сифатида аксилглобалистларнинг фаолияти ҳам кучайди. Улар глобаллашувнинг салбий оқибатларига эмас, умуман унинг ўзига ҳам қарши чиқа бошладилар.
Масалан, Россиялик файласуф ва ёзувчи А. Зиновьев “Аксилглобализм векторлари” номли анжуманда сўзлаган нутқида шундай дейди. “Глобаллашув янги жаҳон урушидир. У янги типдаги жаҳон уруши. Бу урушда тирик қолишнинг қаршилик кўрсатишидан бошқа йўлини кўрмаяпман. Фақат қаршилик! – деган эди.”
“Аксилглобализм векторлари” анжуманидаги яна бир маърузачи А. Паршев эса глобаллашувга қуйидагича таъриф беради. “Аслида, глобаллашувнинг асосий мазмуни бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг қўшимча қийматини, дунёдаги асосий заҳираларини ўзлаштиришдан иборат.”
“Глобаллашув”ни фақат салбий ҳодиса сифатида баҳолаш ва унга қарши туриш ижтимоий ҳаётдаги турли хил табиий, ижтимоий боғлиқликларни инкор этишга олиб келиши мумкин. Глобаллашув жараёни “мафкуралашишдан”, унинг мақсадларидан холи бўлиши керак.
Шу нарса маълумки, глобализм тарафдорлари ҳам, душманлари ҳам асосий эътиборни иқтисодиёт соҳасига қаратишади.
Глобаллашувнинг маънавиятга таъсири ва маънавий глобаллашув масалалари социология, фалсафа, маданий антропология фанларида ўзининг аксини етарли даражада топиши керак.
Маънавиятни бир уйга тўпланган бойликка ўхшатсак, ташқаридан кираётган шамол уй ичидаги нарсаларни остин-устин қилиб ташлашини ҳеч бир хонадон соҳиби истамайди. Худди шу каби биз ҳам ёш ғоялар, оқимлар ва мафкуралар маънавиятимизга вайронкор таъсир ўтказишига қарши ҳимия чораларини кўришимиз табиий. Четдан ўтказиладиган мафкуравий таъсирга қарши ҳимоя чоралари кўришдан аввал қандай таъсирларни маъқуллаш лозиму, қандайларини рад этиш кераклигини аниқлаб олиш лозим.
Глобаллашув бир томондан инсониятнинг бирлашиши ва интеграция жараёнларини кучайтирувчи, унинг фаровонлик даражасини оширувчи, давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий жараёнларини жадаллаштирувчи, мамлакатлар ва халқларнинг технологик илмий ва маданий ютуқларини ўзаро алмашишини фаоллаштирувчи омил бўлса, бошқа томондан бой, қудратли Ғарб ва қашшоқ ҳамда заиф Ғарб дунёсига тегишли бўлмаган давлатлар ўртасидаги фарқни тобора кучайтирувчи омил сифатида намоён бўлади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, глобаллашув жараёнларини фақат салбий ҳодиса сифатида баҳолаш ва унга қарши туриш ижтимоий ҳаётдаги турли хил табиий, ижтимоий боғлиқликларни инкор этишга олиб келиши мумкин. Глобаллашув жараёнлари "мафкуралашишдан" ҳамда мафкуравий таъсир ўтказиш мақсадларидан холи бўлиши керак. Глобаллашув имкониятларидан уни ҳаракатга келтирувчи кучлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланишдан ташқари бошқаларнинг манфаатлари ва қизиқишлари билан ҳисоблашишлари ўта муҳим. Президент Ислом Каримов таърифлаганидек, “глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва мар-казларнинг манфаатларига хизмат қилаётганини соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам, албатта, кузатиши муқаррар”2.
Глобаллашувнинг турли тараққиёт даражасига эга мамлакатларга ўтказаётган таъсири ҳам турлича. Бу ҳол дунё мамлакатларининг иқтисодий, ахборот, маънавий салоҳиятлари ва жаҳон сиёсат майдонида нуфузи қандай эканлигига боғлиқ. Дунёда юз бераётган шиддатли жараёнларнинг ҳар бир мамлакатга ўтказаётган салбий таъсирини камайтириш ва ижобий таъсирини кучайтириш учун шу ҳодисанинг моҳиятини чуқурроқ англаш, унинг хусусиятларини ўрганиш лозим.
“Глобаллашув” атамаси дастлаб америкалик олим Т. Левиттнинг 1983 йили “Гарвард бизнес ревью” журналида чоп этилган мақоласида тилга олинган эди. Муаллиф йирик трансмиллий корпорациялар ишлаб чиқарадиган турли-туман маҳсулот бозорларининг бирлашув жараёнини шундай деб атаган эди5.
Глобаллашув халқаро муносабатларнинг анъанавий иштирокчиси — давлатлардан ташқари умумдунёвий жараёнларга бевосита таъсир этувчи янги субъектларни — Халқаро валюта жамқармаси, Жаҳон банки, ЮНЕСКО, Халқаро Меҳнат ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, “катта саккизлик” (АҚШ, Германия, Буюк Британия, Япония, Франция, Канада, Италия, Россия), минтақавий ташкилотлар (Европа Ҳамжамияти, АСЕАН, ГУУАМ ва ҳоказо), трансмиллий корпорациялар (ТМК), нодавлат ташкилотлар (масалан, “яшиллар” ҳаракати каби), Б. Гейтс сингари бадавлат кишиларни сиёсат майдонига олиб чиқди.
Совет Иттифоқи барбод бўлгандан кейин АҚШ дунёдаги энг қудратли давлат сифатида иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий соҳада глобаллашув жараёнининг ҳаракатлантирувчи кучи ва ўзига хос синов лабораториясига айланиб қолди. Париждаги Сиёсий тадқиқотлар институтининг профессори А. Валладао Францияда чоп этиладиган “Ижтимоий фанлар” журналида таъкидлашича, турли халқ ва миллатлар синтези негизида шаклланган америка жамиятининг маданий қадриятлари ўзга мамлакатлар қабул қилиши учун осон кечади. Қолаверса, ушбу давлат маданий маҳсулот ишлаб чиқариш индустриясининг (кино ва видеофильмлар, шоу-бизнес ва ҳоказо) бозор шароитига мослашувчанлиги унинг деярли бутун дунёда шерик ва ҳамкорларини топишга имкон яратади. Ҳозирда турли мамлакатларда намойиш этилаётган кино ҳамда видео-фильмларнинг тўртдан уч қисми америка маҳсулоти экани ҳам шундан далолат беради.
АҚШнинг глобаллашув жараёнида тутган ўрни ҳақида тўхталиб, Валладао бундай деб ёзади: «Америка жамияти кўп жиҳатдан глобаллашиб улгургани сабабли ўзаро муштарак ва глобал дунёнинг тезроқ шаклланишидан манфаатдор экани шубҳасиздир»9. Аммо бу жараённинг жамият иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётига салбий таъсири кўпчилик мутахассисларни ташвишлантирмоқда. Масалан, Мичиган университети профессори Й.Шолте назарида «Замонавий глобаллашув, бир томондан, либерал демократияга хос камчиликларни ёрқин намоён қилади: тенгсизликни янада чуқурлаштиради, атроф муҳит ҳолатига путур етказади, таълим тизимини издан чиқаради; бошқа томондан, у демократик тарақиёт, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий исло-ҳотларнинг муқобил ёндашувларининг яратилиши ва кенг тарқалишига замин яратади»10. Америкалик машҳур социолог Сеймур Липсет эса АҚШ тарақиёт моделининг зиддиятлари хусусида фикр юритиб, уни икки томони ўткирланган ханжарга ўхшатади. Олимнинг фикрича, у бир жиҳатдан, шахсда юксак масъулият, ташаббускорлик, тадбиркорлик кўникмаларининг шаклланишига хизмат қилади, аммо бошқа томондан, кишилардаги худбинлик иллатини қўзқатади ва шу тариқа шахслараро муносабатларни кескинлаштиради, умуммиллий манфаатларга лоқайдлик ва бефарқлик кайфиятини юзага чиқаради.
Ғарб либерал демократиясига хос бу хусусият бошқа, айниқса, ривожланаётган ёки яқинда ривожланиш йўлига кирган мамлакатларга нисбатан юритилаётган сиёсатда ёрқин намоён бўлади. Дейлик, айрим ривожланган мамлакатлар саноат маҳсулотлари, ахборот ва мафкуравий таъсир кўрсатиш воситалари орқали кенг кўламдаги геосиёсат юритиш билангина чекланмай, ўз халқининг табиати, маданияти, мафкурасига хос жиҳатларни мунтазам равишда дунё халқлари турмуш тарзига, онгу шуурига, бир сўз билан айтганда, улар ҳаётининг барча жабҳаларига изчил сингдиришга интилмоқда. Бу ҳол, айниқса, эндигина мустақилликка эришган мамлакатлар халқининг миллий ўзлиги, маданиятининг ворисийлик анъаналари ҳамда менталитетига путур етказиши турган гап.
Ҳозирги кунда глобаллашув жараёни янги-янги ҳудуд ва минтақаларни, инсон фаолиятининг барча соҳаларини ўз домига тортмоқда. Айниқса, мафкуравий ва маънавий соҳада ўз ғоя ҳамда мафкураларини сингдириш, таъсир доираларини кенгайтиришда глобаллашув жараёнлари муҳим ҳалқа бўлиб хизмат қилаётгани ҳаммамизга аён.
Ер юзининг ҳудудий жиҳатдан турли минтақа ва қитъаларга бўлинишини география дарсларидан яхши биламиз. Жаҳоннинг сиёсий харитасига қараб, мавжуд давлатларнинг чегараларини ҳисобга олган ҳолда Ер юзининг ҳудудий бўлинишини бемалол тасаввур қила оламиз. Инсоният ХХ аср охирига келиб, бир қатор чегара билмайдиган муаммоларга дуч келди. Уруш ва тинчлик, экологик фалокатлар, маънавий қашшоқлик, наркобизнес, терроризм каби муаммолар ана шулар жумласидан.
Шу билан бирга, дунёда глобаллашув, ахборот оқимининг тезлашуви ва интенсивлашуви, универсал технологиялар билан боғлиқ умумбашарий жараёнлар ҳам бормоқда. Бутун Ер юзи одамзот учун ягона макон эканлиги аниқ. Бунга шак-шубҳа йўқ, албатта. Аммо тарихда мавжуд чегараларни ўзгартириш, муайян ҳудудларни босиб олиш учун сон-саноқсиз урушлар бўлгани маълум. Бу жараёнда эса уруш қуроллари мунтазам такомиллашиб борганини биламиз. Мазкур урушлар то ХХ асргача асосан кўпроқ бир давлат ичида, икки давлат ўртасида ёки нари борганда бир минтақа доирасида бўлиши мумкин эди. Тўғри, айтайлик, Александр Македонский, Чингизхоннинг улкан давлат барпо этиш учун ёки ўрта асрлардан бошлаб европалик истилочиларнинг бошқа қитъаларни забт этиш олиб борган урушлари кўлами жиҳатидан ажралиб туради. Аммо бундай ҳолатлар истисно ҳодисалар сифатида баҳоланмоғи керакка ўхшайди. ХХ асрда рўй берган иккита жаҳон урушида ўнлаб давлатлар, бир неча қитъа мамлакатлари иштирок этганлигини эсласак, бундай хулоса муайян даражада ўринли эканлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Уруш қуроллари такомиллашиб бораверди. Бугунги кунда улар бошқа ҳудудни босиб олиш у ёқда турсин, балки бутун Ер сайёрасидаги ҳаётни бир неча марта йўқ қилиб ташлашга етади.
Шу билан бирга, дунёнинг мафкуравий манзарасига таъсир кўрсатиш, халқлар ва двалатларни ғоявий тажовуз ҳамда таъсирлар исканжасида сақлаш учун урунишлар ҳам кучайиб бормоқда. “Мафкуравий тажовуз”, “Мафкуравий уруш”, “Мафкуралар кураши” каби тушунчалар қўлланмоқда. Бугунги кунда кўплаб мутахассислар дунёнинг географик, сиёсий ва бошқа хариталари бўлганидек, унинг мафкуравий манзараси мавжудлиги тўғрисида ҳам турлича фикрларни баён қилмоқдалар. Бу борада “дунёнинг мафкуравий манзараси”, “идеосфера” каби атамалар қўлланмоқда. Муайян давлат, минтақага хос мафкуравий манзара ёки ҳар бир жамиятнинг идеосфераси мавжудлиги тўғрисида хилма-хил фикрлар бор.
“Дунёнинг мафкуравий манзараси” тушунчаси муайян даврда жаҳон давлатлари ва халқлари, Ер юзининг турли минтақалари ва ҳудудларида мавжуд бўлган хилма-хил ғоя ва мафкуралар, таълимот ва назариялар, сиёсий доктриналар, шу соҳада рўй бераётган ғоявий-мафкуравий жараёнлар, мазкур масалага бағишланган қарашлар, маълумотлар ва далилларда акс этган билимлар мажмуини ифодалайди. Бутун дунё миқёсида таъсир кучига эга бўлган ғоя ва мафкуралар ўз кучи ва кўламига кўра, ушбу манзарада кўп ҳолларда етакчи аҳамият касб этади. Муайян минтақа ёки алоҳида давлатга хос ғоявий-мафкуравий жараёнлар ҳам бунда ўз ўрнига эга. Бу борада, айниқса, иқтисодий салоҳияти ва сиёсий нуфузига кўра, дунёда етакчи ҳисобланадиган давлатларнинг ўзга мамлакатларга нисбатан қўллаётган сиёсий ва мафкуравий доктринасига алоҳида эътибор бериш лозим. Жаҳоннинг кўплаб минтақа ва ҳудудларида ана шу мамлакатларнинг таъсири яққол сезилиб туради, бугунги дунёнинг мафкуравий манзарасида яққол намоён бўлади.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда турли воситалар орқали дунё идеосферасида ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётган сиёсий кучлар ва ҳаракатлар ҳам йўқ эмас. Тажовузкор миллатчилик, шовинизм, неофашизм, терроризм ва экстремизм мафкуралари шулар жумласидан. Натижада дунёда инсон қалби ва онгини эгаллаш учун кураш тобора кучайиб бормоқда. Бу ҳол бугунги кунда дунёнинг мафкуравий манзарасини белгилаб бермоқда.
Ғоя ва мафкура соҳасига оид билимлар ривожи натижасида “Дунёнинг мафкуравий манзараси” тушунчасининг мазмуни бойиб ва такомиллашиб бормоқда. Бу борадаги турли моделлар, қараш ва фикрлар ушбу тушунчанинг мазмун-моҳиятини аниқлашга хизмат қилади.
Бутун инсониятга хос идеосферани ифодалайдиган мазкур тушунча XX аср охирларига келиб муҳим аҳамият касб эта бошлади. Хилма-хил олимлар ва мутахассислар бу ҳақда кўплаб тахмин, гипотеза ва қарашларни баён қилганлар. Уларнинг фикрлари турлича бўлсада, аммо ҳар бир замонга хос мафкуравий манзара бўлиши тўғрисидаги асосий ғоя ўзгармай қолмоқда. Яъни, дунё мафкуравий манзарасининг турлича изоҳлари ва унга хилма-хил ёндашувлар ана шу доирада намоён бўлмоқда.
“Дунёнинг мафкуравий манзараси” тушунчаси узуқ-юлуқ тасаввурлар, бир-бири билан боғланмаган қарашлар йиғиндиси экан, дегани эмас. Балки яхлит, узвий боғлиқликдаги хулоса ва фикрлар мажмуидан иборат фалсафий тушунчадир. Мазкур тушунча ифодалайдиган билимлар муайян системани ташкил қилади ва у инсоният, унинг ғоялари тўғрисидаги турлича қарашлар, хилма-хил ёндашувларнинг синтезидир. Шу маънода ушбу тушунча ғоя ва мафкуралар, уларга хос воқеа ва ходисаларни англаш жараёнида интегратив (умумлаштирувчи) функцияни бажаради. У инсон ҳаёти ва фаолияти турли соҳалари учун умумий асос, доим назарда тутиладиган хулоса ролини ҳам ўтайди. Масалан, бугунги кунда шу соҳада тадқиқот олиб бораётган изланувчилар инсоният ҳаётида ғоя ва мафкуранинг муайян аҳамиятга моликлиги масаласини махсус текшириб ўтирмайдилар. Балки ўз тадқиқотларида шу соҳадаги билимларга таянадилар, холос.
«Дунёнинг мафкуравий манзараси» тушунчаси парадигма хусусиятига эга, у инсоният ҳаёти ва Ер юзидаги ғоя ва мафкуралар ҳақидаги умумий жиҳатларни, мақсад ва тамойилларини ифодалайди. Мазкур тушунчанинг илмий тадқиқотлар олиб бориш жараёнига доир режалар ҳамда изланишларнинг мақсад ва вазифаларини белгилай оладиган назарий, методологик хусусиятлари тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин. Унга хос хусусиятлар тўғрисида турли соҳа мутахассислари турлича фикр юритадилар. Масалан, тарихчилар масалага ўтмиш, ворисийлик нуқтаи назаридан ёндашадилар, бунда дунё мафкуравий манзарасининг хилма-хил моделларини, уларнинг тарихий асослари ҳақидаги қарашларга таянадилар. Улар ўз тадқиқотларида инсоният тарихининг асосий даврларига алоҳида эътибор берадилар. Бу соҳада эътироф қилинадиган ҳар қандай шаклдаги мафкуравий манзарада тарихийлик ва ворисийлик учун асос бўладиган устувор тамойиллар ўз ўрни, аҳамиятини сақлаб қолади. Бундай ёндашув қанчалик теран ва илмий бўлмасин, дунё мафкуравий манзараси тўғрисидаги асосан тарих фани ютуқларини акс эттиргани туфайли кўпроқ ушбу ёндашувни ифодалайди.
Аслида дунёнинг мафкуравий манзараси кенг маъно, серқирра мазмунга эга бўлиб, муайян давр кишиларининг тафаккур услуби ва фикрлаш тарзини, давлатлар ва халқларнинг ўзаро муносабатлари, тараққиёт моделлари ва тамойилларини белгилайдиган аниқ билимларни ифодалайди. «Дунёнинг мафкуравий манзараси» жоҳондаги мавжуд ғоя ва мафкуралар ўртасидаги тартиб, алоқадорлик, уларнинг генезиси, амал қилиши, мафкуравий полигон ва майдонлар, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик муносабатларини ифодалайдиган назарий хулосалар, илмий асосланган билимлар, турлича ёндашувлар, қарашлар ва тасаввурлар мажмуини англатадиган тушунчадир.
“Дунё манзараси” тушунчаси ўзининг генезисига, ривожланиш босқичларига эга. Биринчи босқич «классик манзара», иккинчи босқич «ноклассик манзара», учинчиси эса «постноклассик манзара» каби номлар билан ифодаланиши мумкин. Классик манзарада асосан қадимги даврдан ўрта асрларнинг охиригача, яъни тараққиётнинг бир чизиқли, ўтмишдан келажакка томон узвий боғлиқликда амалга ошадиган ҳаракати тўғрисидаги тасаввурларга асосланган билимлар мажмуи тушунилади. Бунда кўпроқ ўтмиш ўзидан кейинги даврни, у эса, ўз навбатида, келажакни тўғридан тўғри белгилаб беради, деган қараш устувор. Дунёнинг бу таҳлит тушуниладиган манзарасида гўёки ҳамма нарса аниқ, дунёдаги катта иперияларнинг ғояси ва мафкураси ҳукмрон, бу борадаги энг асосий жараёнлар шу доирада амал қилади, деган қараш асосий тамойилга айланди. ХIХ - ХХ асрлардаги дунёни бўлиб олиш учун кураш, иккита жаҳон уруши ва иккинчи жаҳон урушидан кейинги икки қутбга асосланган дунёнинг мафкуравий манзараси масалага жиддий қараш лозимлигини кўрсатди. ХХ асрнинг охирига келиб эса, кўп қутбли ҳолат шаклланиши билан бу йўналиш жаҳон давлатлари, айниқса, кучли мамлакатлар сиёсатини кўп жиҳатдан белгилайдиган омил ва воситага айланди. Бундай талқин ўтган асрдаги кўплаб сиёсатшунослар ва мутахассислар диққатини тортган “Цивилизациялар тараққиёти”, “Индустриал жамият”, “Постиндустриал жамият”, “Идеалогизация”, “Деидеологизация”, “Реидеологизация” ҳақидаги турли қарашлар ва мулоҳозаларга асосланади.
Дунёнинг мафкуравий манзарасини тушунишнинг яна бир жиҳати – Ер юзидаги мамлакатлар, қитъа ва материклар ўртасидаги доимий ва узвий боғланишлар билан тавсифланар ҳамда бу боғлиқлик шу йўналишдаги воқеалар сабабини тушунтириш учун қўлланиладиган мезон даражасига кўтарилган эди. Мазкур тамойилга асосланиш узоқ вақт ҳақиқий назарияни яратишнинг мақсадга мувофиқ усули, деб қаралди ва у дунёнинг мафкуравий манзарасини ташкил этадиган хусусиятлар орасидаги умумийликни изоҳлашга ёрдам беради, деб ҳисоблана бошлади. Ушбу моделнинг табиий-илмий асоси Ер юзининг одамзот учун умумий макон эканлиги, турли минтақалар, цивилизациялар, қитъа ва материкда жойлашган давлатлар ўртасидаги мустаҳкам алоқани таъминлайди, деган хулосага асосланган эди. Шу сабабдан бу тасаввур ва моделлар нисбатан узоқ вақт дунёнинг мафкуравий манзараси тўғрисидаги фикрлар орасида устувор аҳамиятга эга бўлди.
Лекин бундан фарқли тарзда ҳар бир мамлакатнинг ўз мақсади ва манфаатлари ҳам бор. Дунёнинг мафкуравий манзарасида аввало ана шу миллийлик устувор аҳамият касб этади деган қарашлар ҳам мавжуд. Масалага бундай ёндашувнинг икки хил жиҳати бўлиб, бунда бир томондан, ҳақиқатан ҳам миллий давлатчилик ва мустақил тараққиёт йўлидан бориш мақсадлари, иккинчидан эса айрим давлатларнинг буюк давлатчилик, мумтозлик, дунёда ёки бирон бир минтақада гегемонлик даъвоси ҳам ўзига хос тарзда намоён бўлади. Ушбу ҳолда дунё мафкуравий манзарасидаги сабабий боғланишнинг унчалик кучли эмаслиги, умумий системадаги ўзаро боғлиқлик ва алоқадорликнинг мустаҳкамлигига ҳалақит бериши кўзга ташланади. Дунёнинг бундай манзарасида миллийлик, яъни нарса ва воқеалар жараёнининг алоҳидалиги тамойили макон ва замоннинг уйғунлигини таъминлайди ҳамда уларнинг яшаш усулини ифодалайди. Алоҳидалик бунда ўз ўрнига эга бўлиб, унинг ҳаракати, фаолияти умумий жараёнга мос келиши ёки мос келмаслиги ҳам мумкин. Ана шундай ўзига хослик ва умумийликнинг диалектик асоси сифатида намоён бўладиган сабабият шакли статистик қонуният тарзида талқин қилинади ва динамик жиҳатларга кўпроқ эътибор берилди.
Дунёнинг манзарасини бундай тушунишга асосланган онг ва тафаккур билан қуролланган кишилар кўп ҳолларда ғоя ва мафкура соҳасидаги баъзи умумий ҳодисаларни изоҳлаш ёки унга таъсир кўрсатишда ожизлик қиладилар. Айнан ана шундай тафаккур тарзи XX асрнинг сўнггида, кўп қутбли дунё шаклланиши ва глобаллашув жараёни таъсири кучайиши муносабати билан намоён бўла бошлади. Бунда бир томондан, бугунги дунёда ғоя ва мафкурага муносабатининг ўзгаргани, бу соҳага эътибор кўпайиб, у сиёсатнинг муҳим қисмига айлангани билан боғлиқ оқибатлар масаланинг ниҳоятда жиддийлигини кўрсатади. Иккинчи томондан, глобаллашувнинг миллий давлатчилик тамойиллари, халқларнинг минг йиллар давомида шаклланган менталитети ва қадриятларига ўтказаётган салбий таъсири ҳам кўплаб мамлакатларда ижтимоий жараёнлардаги ўзгариш ёки ислоҳотларнинг тақдирини белгиловчи соҳаларни асраб қолиш ва ўзлигини ҳимоя қилиш зарурлигини англатади. Аммо, бу глобаллашув инсониятни орқага бошлади, дегани эмас, у тараққиётга катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирги даврда, одамзот мисли кўрилмаган ютуқларга эришди, космонавтика, кибернетика, универсал технологиялар, ахборот ва интеллектуал билиш каби соҳаларда ўтган асрлар билан қиёслаб бўлмайдиган кашфиётлар қилинди. Аммо айнан шу даврда инсоният ядро уруши, экологик бўҳронлар, маънавий бузулиш каби умумбашарий муаммолар қаршисида қолди, уларни ҳал қилиш одамзотнинг асосий вазифаларидан бирига айланди.
ХХ асрни халқаро ҳаёт ва давлатлараро муносабатларнинг энг мафкуралашган даври дейиш мумкин. Якка мафкура ҳукмронлигига асосланган давлатларнинг мавжуд бўлгани, дунёнинг айнан мафкура асосида қутбларга бўлиниши, ана шунга таянган икки қутблилик ва совуқ уруш сиёсати бу асрнинг мафкуравий қиёфасида катта из қолдирди. Буларнинг барчаси мафкуралашув, яъни идеологизациянинг амалиёти ва оқибати қандай бўлишини кўрсатиб турибди. Шу асрда вужудга келган фашистик давлатлар, собиқ иттифоқ ва унинг иттифоқчилари айнан мафкуралашувнинг, ягона ғояни мутлақлаштириш, унга қарши ёки фарқ қилувчиларни аёвсиз йўқотишга асосланган тузумнинг яққол намунасидир.
Худди шу асрда инсоният деидеологизация, яъни мафкурасизлик назариясини ҳам қўллаб кўрди. Бундай қарашга кўра: жамият ўз-ўзича, мафкура ўз йўлида амал қилиши, давлат асосан ташқи сиёсат, стратегик йўналишлар ва мамлакат ҳимояси билан машғул бўлишининг ўзи етарли; кимнинг ғояси қандай, у қайси мафкура таъсирида эканлиги кўпроқ ҳар бир одамнинг ўз иши, ўз ихтиёрида; демократик жамиятда бу масалада давлат ва жамият бетараф тургани, унга индивиднинг эркинлиги нуқтаи назаридан қаралгани маъқул. Ҳаёт бундай қарашнинг нафақат илмий, назарий жиҳатдан нотуғрилигини, балки амалий жиҳатдан ҳам ниҳоятда зарарли эканини кўрсатди. Лекин ўтган асрнинг ўрталарида тарқалган бундай ёндашув баъзи мамлакатларга ўз таъсирини ўтказди. Бу айрим давлатлар ҳудудида неофашистик, террорчилик оқимлари ва уларнинг ғоялари ўрнашиб олиши, баъзи мамлакатлардаги маънавий бузулиш тарзида намоён бўла бошлади.
Ана шундай шароитда, ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб дунёнинг мафкуравий манзарасида реидеологизация жараёни бошланди. Жамиятнинг бошқа жабҳалари қатори ғоя ва мафкура соҳасида ҳам давлатнинг ислоҳотчи бўлиши, фикрлар ранг-баранглиги доирасида бу масала эътибордан қочирилмаслиги, муайян халқ ҳаёти ва мамлакат ҳудудида бу борада нималар содир бўлаётгани ҳамда воқеалар ривожининг қандай боришига бефарқ бўлмаслик лозимлиги реидеологизациянинг моҳиятини белгиловчи асосий йўналишлардир. Бунда ҳар қандай ҳолатда яқин ва узоқ келажакни белгилаш ҳамда тараққиётда турли йўллардан бориш, хилма-хил йўналишларга эга бўлиши мумкин. Реидеологизацион ёндашувда давр мутаносиблигини, тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолиш муҳим. Чунки гоҳида оддий ва арзимас таъсир ҳам ривожланишнинг йўналишини, жамиятдаги ҳамкорлик муҳитини ўзгартириб юбориши мумкин деб қаралади.
Шу нуқтаи назардан бугунги дунёнинг мафкуравий манзарасида рўй бераётган жараёнларнинг таҳлили тизимли ўрганишни тақозо қилади. Ушбу манзара эса тез-тез ўзгарадиган турли омиллар ва жараёнларга боғлиқдир. Бу борадаги энг асосий тамойил субъектларнинг бир йўналишдан бошқасига, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга тез сакраб ўта олиши ҳамда ҳамкорлар ва мақсад-муддаоларнинг тез ўзгариб туришидир.
ХХ асрнинг охирига келиб, табиий ва ижтимоий фанлардаги ютуқлар натижаси ўлароқ, дунёнинг мафкуравий манзарасига, у билан боғлиқ табиат ва жамият, маънавийлик ва моддийлик, инсон ва табақалар, турли қатламлар ва гуруҳлар ўртасидаги муносабатларга синергетик ёндашув шаклланди. Табиий – илмий соҳалардаги кўплаб кашфиётлар аввал ҳарбий соҳада қўллаб кўрилгани, кейин бошқа жабҳаларга тадбиқ қилингани каби, фалсафанинг кўплаб методлари ҳам аввал табиий фанлар доирасида шаклланган. Дунёнинг мафкуравий манзарасига синергетик ёндашув тўғрисида худди шундай дейиш мумкин. Синергетика нафақат табиий соҳалар, балки ғоя ва мафкура билан боғлиқ жараёнларнинг ўз-ўзини ташкил этиши ва бошқариши каби ҳолатларнинг моҳият ва қонуниятларини изоҳлашга ёрдам беради. Шу маънода, жамиятни, жумладан ғоялар тизими ва мафкуравий жараёнларни таҳлил этишда синергетик тамойилларнинг аҳамиятини эътироф этган ҳолда, жамият ҳаётига синергетик методни қўллашнинг мураккаб жиҳатлари борлигини ҳам унутмаслик лозим. Бунда жамият ҳаётининг серқирралиги бениҳоя мураккаблиги, ўзига хослиги, айниқса, инсон интеллекти, руҳият дунёси, ғоя ва мафкура билан боғлиқ ранг-баранг ҳодисаларга эътибор бериш зарурияти муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳозирги давр фанида шаклланган «информация» (ахборот), «информацион майдон», “мафкуравий майдон”, “мафкуравий полигон” каби тушунчаларнинг фалсафада кенг қўлланила бошлагани жамият қонуниятларини таҳлил ва талқин этишда илмий ёндашувларнинг тобора чуқурлашиб бораётганидан далолат бермоқда.
ХХI аср бўсағасида пайдо бўлган янги синергетик қарашлар ғоя ва мафкура соҳасида ҳам зиддиятлар асосида эмас, балки ўзаро мулоқот, ҳамкорликка аҳамият бериш лозимлигини кўрсатди. Бу жараён ўзининг ички хусусиятига кўра плюралистик, кўп имкониятли, демократик характерда бўлиб, бутун дунёда унинг амалга ошишини вақт жиҳатидан бир пайтда, замонда эса ягона модел билан ифодалаб бўлмайди. Шу маънода демократия ва тараққиёт тамойилларига хос мураккаб тизимнинг синергетик талқини инсоният тараққиёти ҳар бир тизимнинг (яъни шахс, миллат, давлат, жамият, синф, қатлам ва бошқаларнинг) ички хусусияти ва ташқи алоқадорлиги негизида доимо янги ва бетакрор йўлдан боришини кўрсатади. Бу эса айнан мустақиллик йўлидан бораётган мамлакатлар учун, бир томондан, бутун инсониятга хос умумий андозаларни ўрганиш, уларни ижодий қўллаш, иккинчи томондан эса миллий тараққиёт моделларини амалга оширишда ички имкониятига таяниш, ўз йўлидан собитқадамлик билан бориш усулининг тўғри эканлигини исботлайди.
Дунёнинг мафкуравий манзарасини тасаввур қилиш шу йўналишдаги тафаккур услубининг қай даражада шаклланганига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда уни илмий тушунтиришда хилма-хил қарашлар, ёндашувлар мавжуд. Улар масалани турли томондан ёритишга ёрдам беради, бир-бирини тўлдиради, ранг-баранг фикрларни умумлаштиришга имкон яратади. Бу эса дунёнинг мафкуравий манзарасини фалсафий изоҳлаш чегаралари кенгайиб, масаланинг мазмун-моҳиятини англаш даражаси ўсиб бораётганидан ҳамда шу соҳага тафаккур услуби шаклланаётганидан далолат беради.
Бундай шароитда янги эришилган билимлар билан олдиндан мавжуд бўлганларини таққослаш жараёнида, бир томондан, олдиндан мавжуд бўлган билимлар чуқурлашади, кенгаяди ва аниқлашади, иккинчи томондан, янги билимлар тўпланади ва такомиллашади. Янги эришилган билимларни англаб олишда мавжуд назариялар системаси ҳамда тамойиллар билан бир қаторда, турли ғоялар ва мафкуралар ҳақида олдиндан тўпланган билиш тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мавжуд илмий тамойиллар, назариялар ҳамда ўтмишда тўпланган тажриба ёрдамида бу борада янги эришилган билимларни акс эттириш ва англаб олиш – мафкуравий тафаккур услубига хос асосий белгидир.
Мафкуравий тафаккур услуби муайян халқ, миллат ва бошқаларнинг вакили сифатида бирон-бир ижтимоий муҳитда яшаётган инсондан ташқарида мавжуд бўла олмайди. Барча инсоний ҳодисалар каби тафаккур услуби ҳам ижтимоий шарт-шароитлар билан белгиланади. У жамият тузилиши, дунёдаги давлатлар, халқаро ташкилотлар ва бошқа ижтимоий омилларга бевосита боғлиқдир. Зеро ғоянинг моҳияти – айрим кишига хос бўлган алоҳида эмас, балки умумижтимоий муносабатларда намоён бўлади. Шунга кўра, мафкуравий тафаккур услуби ҳам, турлича ғоявий-маънавий муносабатлар мажмуи билан белгиланади.
Инсоният тарихи далолат берадики, хилма-хил, ижтимоий-тарихий даврларга ҳар хил тафаккур шакллари мос келади. Ҳар бир давр, демак, бизнинг давримизни ҳам тафаккур услуби мавжуд бўлиб, у хилма-хил тарзда намоён бўладиган тарихий ҳодисадир. Демак, ҳар қандай бошқа усуллар сингари, тафаккур усули ҳам ижтимоий-тарихий воқеликнинг инъикосидир. Бунда ғоя ва мафкура омили катта аҳамият касб этади. Ушбу масалани ўрганишнинг муҳимлиги шундаки, у дунёнинг муайян манзараси билан узвий алоқадорликда намоён бўлади ва шу давр кишисининг онги ҳамда тафаккури шаклланишида муҳим рол ўйнайди.
Ўз даври тафаккури таъсирини сезмайдиган, ундан таъсирланмайдиган, бу алоқадорликни ҳис қилмайдиган инсон бўлмаса керак. “Давр қандай бўлса, одамлар ҳам шундай бўлади” – деган иборада худди шу маъно мужассам. Ўз давридан бегона, унинг ғояларини билмайдиган, қонуниятларини англамайдиган, замонасининг хусусиятларини тушунмайдиган кишини ҳақиқий инсон дейиш қийин. Ҳар қандай даврнинг тафаккур услубида ўша замоннинг устувор ғоялари асосий ўрин эгаллайди, муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Масалан, инсоният тарихида бир босқич бўлган ибтидоий даврнинг оддий ишлаб чиқариш усули унчалик ривожланмаган жамоавий тасаввурни туғдирганки, у орқали ибтидоий одамни ўраб олган ғоявий, маънавий ва ижтимоий муҳитдаги ҳодисаларни инъикос этиши ва фикрлаб олиши амалга ошган. Ибтидоий одам тафаккур услубининг хусусиятларини ХIХ аср бошларида француз олими Л.Леви-Брюль «Ибтидоий тафаккур» китобида асосли тарзда кўрсатиб берган. «Ибтидоий одамлар тафаккури ўз асосига кўра мифологикдир, деган эди у, — бунинг сабаби ибтидоий инсон идрокининг зарур элементини ташкил этувчи моҳият эътибори билан мифологик бўлган жамоавий тасаввурлардир. Бизнинг тафаккуримиз ундай бўлмай қолди, ҳеч бўлмаганда бизни ўраб турган нарсаларга тааллуқли тафаккуримиз ундай эмас»6. Бундан кўриниб турибдики, ибтидоий давр тафаккур услуби ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бизнинг давримиздаги тафаккурдан сифат эътибори билан фарқ қилар эди.
Ўрта асрлардаги даврнинг тафаккур услубида диний-илоҳий ғоялар устивор бўлди ва бу ўша замон кишисининг онги ва дунёқарашини белгилар эди. Ижтимоий тараққиёт натижасида янги даврларга хос ҳаёт тарзи вужудга келиши тафаккур услубида ҳам янги сифатий ўзгаришларни туғдирди. Инсониятнинг моддий ва маънавий ривожланиш тарихи кўрсатадики, гарчи кейинги даврлар тафаккур услубида мифологик ва диний-илоҳий элементлар сақланиб келаётган бўлса-да, у ибтидоий тафаккурдан фарқланадиган бир қатор хусусиятлари билан характерланади. Бунда энг аввало, атрофдаги мавжуд нарса ва ҳодисаларни акс эттириш ва фикрлаб олиш ибтидоий жамиятдагидек оддий идрок эмас, балки муайян ғоявий асосда шаклланган мураккаб тасаввурлар орқали амалга ошишига олиб келди. Модомики, ҳар бир халқ, миллат ва давлат ўзига мос келадиган алоҳида манфаатларни ёқлар экан, унинг тафаккур услуби ҳам турли йўналишларга эга бўлиши табиийдир.
Дунёнинг мафкуравий манзараси ва унинг асосида ётган чуқур қонуниятларни билиш зарурияти ғоя ва таълимотлари аниқ ифодаланган турли фалсафий оқимлар, мактаблар вужудга келишига сабаб бўлди. Улар муайян манфаатларни ифода этиб, етакчи дунёқараш ва ҳаёт қоидалари сифатида инсоннинг атрофдаги оламни ва унинг ривожланиш қонуниятларини назарий ва амалий ўзлаштиришига хизмат қилади. Шу билан бир вақтда ҳозиргача бўлган тараққиёт даврларига хос мафкуравий тафаккур услубида янги билимларни, хулоса ва мулоҳазаларни илмий асослаб олиш муҳим ўрин эгаллайди. Бундай ҳолат асосан ўрта асрлардан кейин ва ҳозирги замон илмий-техникавий тараққиёти шароитида ҳақиқатан ҳам умумбашарий аҳамият касб этди. Ҳар бир даврнинг тафаккур услуби ривожланишида ибтидоий давр учун характерли бўлган оддий (пралогик) тафаккурдан, формал логика қоида ва қонунлари асосида амалга ошадиган, мантиқий фикрлашга, яъни тафаккур жараёнида муҳокаманинг аниқлигига, зиддиятсизлигига, изчиллигига асосланганига риоя қилишга ўтиш муҳим роль ўйнади.
Собиқ иттифоқ даврининг тафаккур услубида, унда устивор бўлган, якка мафкуранинг таъсири кучли эди. Аслида давлат ва жамият, ички ва ташқи сиёсат, ҳатто одамларнинг маиший ҳаёти ҳам шу мезон билан ўлчанар эди. Дунёнинг мафкуравий манзарасини тушуниш ва талқин қилишда ҳукмрон мафкуранинг устиворлиги мутлақ даражага етган эди. Ер юзининг қайси жойида бўлмасин, мавжуд бўлган ёки янги шаклланган ғоя ва мафкурада иттифоқ мафкурасидан кескин фарқ қиладиган тамойиллар бўлса, у аёвсиз танқид остига олинар, душман деб эълон қилинар эди. Бу эса ўз навбатида ўша давр кишисининг онги ва тафаккуридан ўрин олган ва ўз таъсирига эга бўлгани шубҳасиз.
Собиқ иттифоқ барҳам топган ҳозирги даврда Ўзбекистонда тафаккур услуби янги сифат ўзгаришларига эга бўлмоқда, унда ижтимоий жиҳатдан илгаригидан тубдан фарқ қиладиган янги замонавий жиҳатлар вужудга келмоқда.
Тафаккур услубига айрим халқларнинг асрлар мобайнида сайқал топган, уларнинг ҳаётий фаолияти давомида шаклланган менталитети, психик хусусиятлари, миллий характери, анъаналари, урф-одатлари катта таъсир кўрсатади. Буни бир минтақа ёки бир ҳудудда яшаган, аммо ўз хусусиятларига эга бўлган икки қардош халқнинг ҳаёти мисолида ёрқин кўрсатиш мумкин. Масалан, тарихан бир халқнинг асосий машғулоти асрлар давомида деҳқончилик, бошқасиники эса – чорвачилик бўлган дейлик. Бир халқ ўтроқ ҳаёт тарзини бошдан кечирган, иккинчиси эса кўпроқ кўчманчилик қилган. Юқори даражадаги ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик, савдонинг ривожланиши, бошқа халқлар билан кенг муомала юритиш ўтроқ халқнинг фани, маданияти, санъатининг қатор тармоқларини гуллаб-яшнашига олиб келади. Аксинча, бошқа холққа хос ижтимоий муносабатлар эса маънавий маданият ва ўзгача турмуш тарзини туғдиради. Бу халқлар фалсафаси, тафаккур услуби, маданияти, адабиёти, уларнинг куйлари, рақслари ҳам муайян даражада бир-бирларидан фарқланади ва ўзининг алоҳида хусусиятига, такрорланмас миллий анъаналарга эга. Мазкур халқлар миллий минталитети ва психологиясидаги бундай хусусиятлар уларнинг тафаккур услубига ҳам, атроф ҳодисаларини идрок қилиш ва фикрлашига ҳам маълум даражада таъсир этади. Масалан, кўпрок ўтроқ бўлган халқ деҳқони яшашнинг асосий манбаи ҳисобланган ерга ўзига хос муносабатда бўлади. Яъни у ерни унинг ҳосилдорлиги, ҳайдов беришга қулайлиги, суғориш имкониятлари нуқтаи назаридан баҳолайди. У қайси қишлоқ ҳўжалик экинлари, сабзавот ва мевалар ернинг қайси бир участкасида ўсишини, ҳосил беришини фойдали, мақсадга мувофиқ суғориш мумкинлигини яхши билади. Ерга нисбатан тежамкорлик ва ғамхўрлик, деҳқончилик қилишнинг юқори маданияти ўзбек халқи миллий характерининг ажралмас томонидир. Ундан фарқли ўлароқ, чорвадор халқ чўпонлари энг авало ернинг ўт-ўланларини, кўкламзорлар, чорвани суғориб олиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда баҳолайди. Улар турли-туман ўтларнинг тўйимли сифатларини жуда яхши биладилар, чўлнинг қайси бир қисми мол боқишга қулайлигини, чорва турлари организмининг хусусиятларини, яъни, деҳқон эътиборидан одатда четда бўлган ҳоллар тафсилотини яхши билади. Мазкур мисолдан кўринадики, турли халқларнинг тафаккур услуби, уларнинг ҳар хил нарсаларни идрок қилиши, фикрлаш тарзи ҳамма вақт ҳам бир-бирига мос келавермайди. Худди шундай ҳар бир халқнинг ғояси, ғоявий тамойиллари, дунёнинг мафкуравий манзарасини тушуниш ва идрок қилишдаги ўзига хослиги, тафаккур тарзи мавжудлиги ҳам ҳаётий заруратни ифодалайди
Хуллас, мустақил ривожланаётган ва истиқлол йўлини танлаган давлатларни, жумладан, бизнинг республикамизни ҳам «демократия қолипига» солишга уриниш эркин тараққиёт тамойилларига асло тўғри келмайди. Мазкур масалада инсоният ҳаётида кечаётган жараёнларни таҳлил қилиш, турли ғоявий-мафкуравий таҳдидлардан огоҳ бўлиш, мамлакатимиз манфаатлари, миллий анъана ва қадриятларимизга ёт ғоя ва қарашлар қандай мақсадни кўзлаётганини англаб етиш ҳамда бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида изчил ва таъсирчан тарғибот ишларини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |