МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ – ХАВФСИЗЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК ОМИЛИ
“Мафкуравий иммунитет –фалсафа: қомусий луғатида –маънавий баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун шахсни тарбиялашда, ҳар қандай реакцион, бузғунчи характердаги ғоявий ташаббусларга бардош бера оладиган ёшларни тарбиялашда қўл келади” дейилади. Гўдак дунёга келганида, иссиқ-совуқдан, ташқи механик таъсирлардан ўзини хавфсиз қилиш, сақлаш, ҳимоя қилишни билмайди. Ўзини ўзи ҳимоя қилишнинг шартли рефлекслари аста-секин, улғайиш давомида райдо бўлади. Натижада, балоғатга етгач, ўспирин ўзини ўзи ҳимоя қилишнинг барча кўникмаларига эга бўлади. Одамнинг маънавиятига таҳдид соладиган хавфлар ва улардан ўзини онгли ҳимоя қилиш кўникмалари таълим-тарбия, ота-оналар ўгитлари, яхшилик ва ёмонликларни кўриши ва билиши жараёнида шакллана боради. Болага илк ёшидан бошлаб нима яхши, нима ёмон, уларга қандай муносабат билдириш керак, деган саволларга асосланган боғча, мактаб тарбияси, ундан кейин ижтимоий тарбия йўлга қўйилсагина ҳар бир миллат соғлом, ишончли, мустаҳкам иммунитетга эга бўлади. Иммунитет эса, ўз навбатида, одамни тўғри йўлдан “озиш”дан, турли йўлларга адашиб, кейин пушаймон бўлишлардан, бахтсизликдан, миллатни эса– парокандаликлардан, парчаланишлардан, синфий, маҳаллий ёки бошқа бўлинишлардан асраб туради. Демак, мафкуравий иммунитет –давлат ва миллатнинг маънавий бирлиги, маънавий соғломлигини ҳимоя қилувчи ғоявий қалқон вазифасини бажаради. Хўш, Мафкуравий иммунитет нималардан шаклланади? Энг аввало, биринчи галда, билим ва яна билимдан. Шунчаки оддий, одатдагидек билимдан эмас, балки объектив, воқеликни тўғри ва тўлиқ акс эттирадиган, инсон маънавиятининг бойишига, жамият тараққиётига хизмат қиладиган билимлардан.
Иккинчидан, ана шундай билимлар замирида шаклланадиган қадриятлар тизимидан. Учинчидан, ҳар бир киши, халқ, жамият, давлатнинг аниқ мақсади бўлишидан. Ана шундай унсурлар замирида пишиб етилган мафкуравий иммунитет ниҳоятда пишиқ, мустаҳкам, чидамли, барқарор бўлади. Ҳеч қандай мафкуравий тазйиқ, таҳдидлар унга писанд бўлмайди. Бундай мафкуравий иммунитет ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Уни юзага келтириш, шакллантириш зарур. Бунинг учун бир эмас, бир неча йиллар керак. Токи бу мафкуравий иммунитет нафақат одамлар, хусусан ёш авлод онгидан, балки қалбининг энг чуқур жойидан ўрин олсин, онги ва қалбига бутунлай сингиб кетсин. Мафкуравий иммунитет ўз-ўзидан намоён бўлмайди. Унинг намоён бўлиши учун ички ёки ташқи ғоявий, фикрий таъсир бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |