Аскаридозда левамизол (декарис) ҳам юқори самарадорликка эга. Препаратнинг таъсир механизми гельминтларнинг фалажланиши билан боғлиқ. Бундан ташқари левамизол, фумаратредуктазани ингибирлайди ва шу туфайли гельминтлар метаболизмини бузади. Бу уларнинг мушакларини деполяризацияси туфайли юзага келади. Левамизолни бир маротаба қўллаш, юқтирилганлик даражаси қандайлигидан қатъий назар 90-100% дегельминтацияни таъминлайди. Левамизол қўлланиладиган дозаларда амалий жиҳатдан нохуш таъсиротларни ривожлантирмайди. Левамизолни анкилостомидоз ва стронгилоидозларда самарадорлиги камроқ. Анкилостомалар қисман ҳазм бўлган ҳолда ажралади. Wuchereria bancrofti ва Brugia malayi сабаб бўлган филяриатозлар каби ичакдан ташқари гельминтозларда ҳам ижобий шифобахш таъсири қайд этилган бўлса ҳам бундай ҳолларда левамизол дитразиндан анчагина кучсиздир.
Аскаридоз ва энтеробиозда пиперазин ва унинг тузлари (адипинат, гексагидрат) анчагина кенг қўлланилади. Кўпроқ пиперазин адипинат қўлланилади. Нематодаларга пиперазин фалажловчи таъсир кўрсатади. У уларни ичак бўйлаб фаол ҳаракатланишга ва сафро йўлларига киришига тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, бундай ҳолат гельминтларни ичакдан чиқариб ташланишига қулай шароит яратади. Улар тирик ҳолда ажратилади. Пиперазин ичакдан яхши сўрилади. Препарат ва унинг ўзгарган маҳсулотлари асосан буйрак орқали ажралади.
Қўллашга асосий кўрсатма – аскаридоздир. Нематодозларнинг ушбу турида самарадорлиги жуда юқори: дегельминтация 90-100% гача етади (бу аснода у левамизолдан бирозгина кучсиз). Бундан ташқари пиперазинни энтеробиозда (острицалар инвазияси) ҳам муваффақият билан қўллашади.
Пиперазин кам заҳарли препарат. Организм томонидан яхши ўзлаштирилади. Нохуш таъсирлари (диспептик ўзгаришлар, бош оғриғи) нисбатан кам учрайди ва қисқа давом этади.
Моно-тўртламчи аммоний бирикмаси бўлган нафтамон (бефений гидроксинафтоат, алкопар) ушбу гуруҳнинг фаол препаратларидан ҳисобланади. У гельминтларда фалажланишга алмашинувчи мушаклар контрактурасини ривожлантиради. Нафтамон меъда-ичак трактидан ёмон сўрилади. Уни асосан анкилостомидоз ва аскаридозларни даволашда қўллашади. Аскаридозда левамизол ва пиперазинга нисбатан самарадорлиги камроқ. Препарат таъсирида енгил сурги ривожланиши мумкин.
Стронгилоидозни (ичак инвазияси) ва энтеробиозни даволашда муваффақият билан моно-тўртламчи аммоний бирикмаси пирвиний памоат (ванкин, ванквин) қўллашади.
Ичак цестодозларида празиквантел, фенасал, аминоакрихинлар қўлланмоқда (33.1-жадвалга қаранг).
Празиквантел (билтрицид) кенг антигельминт таъсир спектрига эга. У ичак цестодозларида ҳамда ичакдан ташқаридаги трематодоз ва цистицеркозларда юқори самарадорликка эга (33.2-жадвал). Кимёвий тузилиши бўйича пиразиноизохинолин ҳосилаларига киритиш мумкин. Гижжаларда Cа2+ алмашинувини бузади ва ўз навбатида мушаклар функциясини бузиб, фалажликка олиб келади.
Энтерал йўл билан киритилганда яхши сўрилади. Жигарда тез парчаланади (метаболизмга учрайди). t1/2 = 60-90 дақиқа. Метаболитлар асосан буйрак орқали ажралади.
Препарат организм томонидан яхши ўзлаштирилади. Нохуш таъсиротлари кучсиз даражада ифодаланади (диспепсия, бош айланиш, бош оғриғи ва бошқалар).
Фенасал (никлозамид) цестодаларда оксидланиш ва фосфорланиш жараёнини сусайтиради ва уларни фалажлайди. Бундан ташқари, у тасмасимон гижжаларнинг цестодаларини парчалайдиган овқат ҳазм қилиш ферментлари таъсирига қарши туриш қобилиятини сусайтиради. Шу сабабдан, ушбу препаратни қўзғатувчиси чўчқа солитёри бўлган тениозда қўллаб бўлмайди. Чунки бунда цистоцеркоз1 ривожланиши мумкин.
Киритилган препаратнинг озгина қисми меъда-ичак трактидан сўрилади, холос.
Фенасал кенг лентасимонлар, қуролланмаган (ҳўкиз) цепен, пакана цепен томонидан қўзғатилган ичак цестодозларида қўлланилади. Сўнгра тузли сургилар қўлланилганда фенасалнинг самарадорлиги пасаяди. Фенасал яхши ўзлаштирилади. Жиддий ножўя таъсирлар чақирмайди. Баъзан диспептик ҳодисалар кузатилади.
Цестодозларни даволашда баъзида заҳирадаги препаратлардан аминоакрихин қўлланилади. У кимёвий тузилиши бўйича акрихинга яқин, бироқ заҳарлилиги ундан камроқ. Самарадорлиги бўйича фенасалдан сустроқ. Қитиқловчи хоссага эга. Беморларнинг бир қисмида кўнгил айнишни, қайт қилиш ривожланиши мумкин. Тениозда цистицеркоз ривожланиши юзага келтириши мумкин. Шунинг учун қуролланган солитёр (чўчқа солитёри) юққан ҳолатларда аминоакрихининни қўллаш тавсия этилмайди.
Цистосеркознинг айрим турларида мебендазол самарали бўлиши мумкин.
Ичак цестодозларини даволашда кўпинча қайд этилган дори воситаларни биргаликда (мажмуавий) қўллашади.