Таянч термин ва тушунчалар: воҳа, суғорма деҳқончилик, ов касбкорлиги, чорвачилик, водий, тоғ, текислик.
Географик номлар: Ўрта Осиё, Хоразм, Қашқадарё, Зарафшон, Сурхандарё, Суғдиёна, Бақтрия, Хитой, Фарғона, Иссиқкўл.
Сайёҳ олимлар: Геродот, Птолемей, хитой сайёҳи Чжан-Цян.
Савол ва топшириқлар.
Ибтидоий жамият даврида яшаган одамлар қайси воҳалар табиати ҳақида муайян тасаввурга эга бўлганлар?
Қайси илк ёзма манбалардан бирида эрамиздан олдинги VII – VI асрларда пайдо бўлган қандай қадимги давлатларни табиати ва кўркам мамлакатлар сифатида тилга олинади?
Геродотнинг қадимги форс манбалари асосида тўплаган географик маълумотлари ҳақида нималарни биласиз?
Ўзбекистон ҳудуди табиати ҳақидаги географик тасаввурларнинг ўрта асрларда ривожланиши. Ўрта асрларда Ўзбекистонда етук олиму-фозиллар етишиб чиқди. Бу ўлканинг фарзандлари Муҳаммад Ал Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн-Синолар яратган асарлар жаҳон маданияти ҳазинасининг дурдоналари эди. Бизнинг заминимиз бу даврда жаҳоннинг катта қисмини титратган мўғил истилочилари вайрон қилган ўлкага жон бағишлаган Амир Темурни етиштириб чиқарди.
Муҳаммад ал-Хоразмий ва Аҳмад Фарғоний (IX аср), Абу Заид Балҳий, Жайҳони, Абу Абдулла Хоразмий (X аср), Абу Райҳон Беруний, Ибн-Сино, Маҳмуд Қошғарий (XI аср), Хофизи Абрў, Абдураззоқ Самарқандий, Улуғбек (XV аср), Заҳириддин Бобур, Ҳайдар Мирза, Хофиз Бухори, Султон Балҳий (XVI аср) бошқа фанлар қатори география фани ривожига катта ҳисса қўшдилар.
Илк ўрта асрда ўлка табиатига қизиқиш, уни кузатиш, табиатдан хўжалик мақсадларида фойдаланиш жараёни давом этган. Ўлка табиати Хитой, араб ва ерли олимлар томонидан ўрганилди. Маҳмуд Қошғарийнинг XI аср охирларида ёзилган «Девону луғатит-турк» асарида Р.Раҳимбековнинг ёзишича илк ўрта асрдаги овчилик, чорвачилик, деҳқончилик, шунингдек, табиат ва унинг манзаралари, қабилалар ҳамда улар ўртасидаги жанглар таъсвирланган.
Хитой сайёҳи Сюань Цзан 629 йилда Ўрта Осиёнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз ва бошқа шаҳарларда бўлиб, уларнинг географик тасвирини берган. Бунда у асосий эътиборни табиатга эмас, балки ўлка халқларининнг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига қаратган.
VII асрнинг иккинчи яримида Ўрта Осиёга кириб келган араблар ўлканинг иқтисодий ва маданий ҳаётига жуда катта зарар етказди, натижада бошқа фанлар қатори табиий фанлар ҳам чуқур инқирозга учради.
Маълумки, IX-XII асрлар Ўзбекистон ҳудуди географияси тарихида ўзига хос ёрқин даврдир. Бу давр географик тасаввурларнинг икки муҳим манбаи бор. Булар Ўрта Осиёлик олимларнинг илмий асарлари, чет эл географлари ва сайёҳларининг маълумотларидир.
Ўрта Осиё географиясига асос солган, IХ асрда яшаб ижод этган шу ерлик олимлардан бири Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийдир. У 780 йилда Хивада туғилиб, 850 йилда Боғдодда вафот этган. Унинг географик мероси геодезия, хариташунослик ва мамлакатшуносликка оид асарлардан иборат. Хоразмийнинг энг йирик географик асари бу «Сурат-ал-арз» (Ернинг тасвири) бўлиб, унда шаҳарлар, мамлакатлар, тоғлар, океанлар, денгизлар, дарёлар, кўллар ҳақида маълумотлар келтирилган, уларнинг координаталари кўрсатилган, хариталар ҳам берилган. Асар 1878 йилда Қоҳирада топилган ва шу йилиёқ рус тилига таржима қилинган.
Ўзбекистон ҳудуди табиати, геологик тузилиши, фойдали қазилмалари, хўжалиги, тарихи ҳақида буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048 йй) жуда қимматли маълумотлар ёзиб қолдирган. 150 дан ортиқ илмий асар ёзган, шундан 20 таси асосан математик география ва табиий географияга оиддир. Булар ичида бизгача «Харита», «Минерология», «Ҳиндистон», «Геодезия», «Осори боқия», «Ат-Тафҳим», «Қонуни Масъудий», «Сайдана» каби асарлари етиб келган. Беруний ўз асарларида Ернинг шакли ва ўлчамлари, Ернинг қуёш атрофида айланиши, жойнинг географик координаталарини аниқлаш усуллари, ўлкамиз палеографияси ҳақида маълумотлар беради. Проф. Ҳ.Ҳ.Ҳасанов Беруний асарларининг ўрта аср географик тасаввурларининг ривожланишидаги бениҳоя катта аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўрта Осиёдаги XI-XII асрлар географиясини Беруний даври географияси деб аташ мумкин деб ёзган эди.
Ўзбекистон ҳудудида X-XI асрларда географиянинг ривожланишида ўрта аср тиббиётиниг улкан вакили, табиатшунос Абу Али ибн Синонинг (980-1037 йй) хизматлари катта. У 280дан ортиқ асар ёзган бўлиб, шундан 30 га яқини табиий фанларга бағишланган. «Китоби аш-Шифо» асарининг «Табиат» деб аталган бобида минералларнинг, тоғларнинг, водий ва текисликларнинг пайдо бўлиши тўғрисида аниқ фикр ва хулосалар берган.
Ўзбекистон ҳудудиди географиясига оид ўрта аср манбалари муаллифи Маҳмуд Қошғарийдир. У «Девону луғатит турк» асарида дунёнинг янги харитасини, жой номларининг изоҳини берган, Ўрта Осиё ва унга қўшни ҳудудларда яшовчи халқлар географиясини акс эттирган, астрономияга оид маълумотлар берган. Унинг дунё харитасида, Р.У.Раҳимбековнинг такидлашича, Ўрта Осиёнинг Евросиёда тутган ўрни ва йирик географик объектлари, тоғ тизмалари, водийлари анча тўғри кўрсатилган.
Ўзбекистон ҳудуди табиати ҳақидаги географик тасаввурларнинг ривожланишида ўрта асрда яшаган эрон ва араб олимлари ва сайёҳлари Ибн Хурдодбеҳ, Ибн Руста, Ал Маъсудий, Ибн Фазлон ва бошқаларнинг хизматлари ҳам диққатга сазовордир.
Ўрта асрда Ўрта Осиёда мўғиллар ҳукумдорлик қилган сал кам 150 йил давомида (1220-1360 йй) фан, шу жумладан география оғир аҳволда қолди. Шунга қарамай Ўрта Осиёлик олим ва сайёҳлар Муҳаммад Авфий ва Фаҳриддин Бинокантий, араб сайёҳи Ибн Батута, европалик сайёҳлар Плано Карпини, Вильгелм Рубрукс, Марко Пололар ўлка географиясига оид қимматли маълумотлар ёзиб қолдирганлар. Умуман олганда, бу даврдан сақланиб қолган манбалар ўлкамиз табиати тўғрисида бир бутун ва мукаммал тасаввур ҳосил қилмайди.
Ўрта Осиёда темурийлар ҳокимияти даврида (XIV аср охири ва XV аср) марказлашган давлатнинг вужудга келиши, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маданий ҳаётнинг ривожланиши натижасида бошқа фанлардаги каби географик билимлар ҳам анча кенгайди ва чуқурлашди. Бунда уйғониш даврининг иккинчи босқичида Шарқда маданий ривожланишга катта ҳисса қўшган буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг хизматлари катта бўлган. «Қизил империя» даврида Амир Темур номи тарихимиз саҳифаларидан қора бўёқлар билан ўчирилган, унутилишга маҳкум этилган бўлишига қарамасдан Амир Темурга бағишлаб жаҳон шарқшунослигида кўплаб асарлар ёзилди ва унинг жаҳон фани ривожига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди. Масалан, француз темуршунослик мактабининг кўзга кўринган вакилларидан бири Париж университети доктори, профессор Люсьен Корен шундай деб ёзади: «Темур-беқиёс, унинг қиёси йўқ. У буюк саркарда ва ташкилотчи, шу билан бирга саънаткор ва олимлар раҳнамоси, мозий йўриғини ўзгартира олган шахсларга йўлдош, сеҳрга эга бўлган кишидир» (Л.Корен, А.Саидов «Амир Темур ва Франция». Тошкент, «Адолат»: 1996, 43 -бет).
Темур даврида ўлка географияси ривожланишига бевосита катта ҳисса қўшган олим Хофизи Абрудир. Унинг бизгача етиб келган ягона қўл ёзма асари географик, тарихий мазмунга эга бўлиб, унда дунёнинг тасвири, Мовароуннаҳрнинг табиати, хўжалиги ва шаҳарлари ҳақида анча кенг географик маълумотлар бор. Улар соф географиклиги, аниқлиги, ўлкамиз географик ўрни эса ўзига ҳос харитаграфик тўр асосида берилганлиги билан ажралиб туради. Хофизи Абрунинг маълумотлари умумий географик ва ўлкашунослик характерига эга бўлиб, ўз даврининг илмий дурдонаси ҳисобланади.
Темурийлар даврида Ўрта Осиёда Хофизи Абрудан ташқари жаҳон географияси учун бой илмий мерос қолдирган Абдураззоқ Самарқандий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Заҳириддин Муҳаммад Бобир, Ҳайдар Мирза каби сайёҳ, тарихчи ва географ олимлар яшаган ва ижод қилган. Абдураззоқ Самарқандий (1413-1482 йй) Ҳиндистонга денгиз орқали сайёҳат қилган. Қизилқум, Зарафшон водийси табиати ҳақида маълумотлар қолдирган.
XV асрда Ўзбекистон ҳудудида географиянинг ривожига муносиб ҳисса қўшган шахс бу буюк астраном, маърифатпарвар шоҳ Мирзо Улуғбекдир. У Самарқандда ўзига хос фанлар академияси ташкил этиб, уни шарқнинг энг машҳур илмий марказига айлантирди. Марказга ўз даврининг етук олимларидан Қозизода Румийни, Ғиёсиддин Жамшидни, Кошийни, Али Қушчи каби табиёт билимдонларини жалб қилди. Бизгача Улуғбекнинг икки йирик асари «Тарихи арбаъ улус» ва «Зижи Кўрағоний» етиб келган. «Тарихи арбаъ улус» асарида Чингизхон забт этган мамлакатларнинг сиёсий ҳаёти тарихи географик маълумотлар билан биргаликда берилган бўлса, Зижи Кўраганий асарида астрономия назарияси ҳамда Улуғбек шогирдлари билан олиб борган астрономик кузатув ва математик ҳисоблари натижалари баён қилган. Бу асарида Улуғбек таҳминан 570 та шаҳарнинг координаталарини берган, расадҳонасидаги глобусда иқлимларнинг чегаралари, тоғлар, чўллар, денгизлар ва дарёларни акс эттирган.
Улуғбекнинг астрономия ва географияга оид изланишлари назарий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки унда олим ўз шогирдлари билан бирга коинот ва Ер юзи табиатини бевосита кузатиб ўрганиш, асбоблар билан ўлчаш ва математик ҳисоблаш усулларини қўллаган. Унинг астрономия мактаби табиий географиянинг ривожига катта ҳисса қўшди. Улуғбекнинг шогирди, истидодли олим Али Қушчи унинг фожиали ўлимидан сўнг устозининг ишини давом эттириб ўлкамизда астрономия, география ва математиканинг ривожланишига баракали ҳисса қўшди. Али Қушчи Ер 10 ёйининг узунлигини ва шу орқали экватор узунлигини аниқлаган, Ер шари ғарбдан шарққа томон айланишини исботлаган, Ой ва Қуёш тутилиши ҳодисасини илмий жиҳатдан тўғри тушунтира билган.
Ўрта Осиёда, жумладан Ўзбекистонда XVI асрда географиянинг ривожига баракали ҳисса қўшган шахс бу энциклопедист олим, адолатли шоҳ Заҳриддин Мухаммад Бобирдир (1488-1530йй). Уни дунёга олим сифатида танитган асари «Бобирнома» асаридир. Унда Фарғона водийсидан тортиб то Жанубий Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларнинг табиати, шаҳарлари, бойликлари, аҳолиси, урф-одатлари, хўжалиги жуда кенг ва чуқур таъсвирланган. Бобирномада айниқса Фарғона ва Мовароунаҳр вилоятлари, Самарқанд шаҳри географик тасвири камплекс ўлкашунослик ва мамлакатшунослик руҳида баён этилган. Асарда Афғонистон ва Ҳиндистонга ҳам батафсил географик тавсиф берилган, Ўрта Осиё ерлари билан бу ўлкаларнинг қиёсий географик тавсифи моҳирона баён қилинган. Бобирномада табиат компонентлари ва уларнинг ўзаро алоқадорлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар, табиатга сифат жиҳатидан баҳо бериш элементлари ҳам учрайди. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Заҳриддин Мухаммад Бобирнинг илмий мероси Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистон ҳудуди ҳақидаги географик тасаввурларнинг кенгайишида алоҳида ўрин тутади, «Бобирнома» эса ўз даврининг энг юксак асаридир.
XVII асрда Ўрта Осиёда ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг ноқулай бўлиши ўлкада географиянинг ривожига салбий таъсир кўрсатди. Бу аср географик манбалари тарихий-географик ўлкашунослик йўналишида бўлган.
Юқорида келтирилган таҳлилдан кўриниб турибдики, Ўрта Осиёда ўрта асрларда география ривожи бир текис бўлмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |