Беъвосита антикоагулянтлар in vivo (организмда) in vitro (пробиркада) қоннинг ивишига қарши таъсир кўрсатади. Буларга қоннинг табиий суюлиш системаси воситаси гепарин ҳамда гирудин (тиббий зулуклар), натрий цитрат киради. Гепарин организмда семиз ҳужайралардан хосил бўлади, таркибида сульфат кислота қолдиқлари бўлганлиги сабабли манфий зарядга эга. Гепаринни организмдаги энг кучли органик кислота деб ҳисобласа хам бўлади, антикоагулянт фаолияти хам манфий зарядли бўлгани билан боғлиқ, шу туфайли қондаги мусбат зарядли моддаларни боғлаб қоннинг қуюлишига қаршилик кўрсатади. Бу модда жигардан олинади (шунинг учун ҳам гепарин деб аталади, қоннинг қуюлишига танлаб қарши таъсир кўрсатади). Антикоагулянт таъсир механизми тромбопластинга, пролтромбинга қаршилиги билан хам боғлиқ, чунки гепарин бу воситаларни боғлаши мумкин. Бунда протромбин тромбинга айланмай қолади, тромбин-фибриноген жараёни фалажланади. Шу билан бирга гепарин тромбоцит мембраналарини мустаҳкамлайди, уларнинг агрегациясига, агглютинациясига қарши таъсир кўрсатади, фибринолиз жараёнини оширади. Гепарин қон қуюлиш системаси кучайганда, тромбоэмболик касалликларда: ўткир миокард инфаркти, тромбофлебитларда, мия томирлари тромбозга учраганда қўлланилади. Болаларда хам қон қуюлиш жараёни ошганда, гемодиализда, сунъий қон айланишида гепарин қўлланади. Гепарин асосан венага юборилади, бунда қон қуюлиш жараёни 5 баробар камайиб кетади, таъсири 3-5 соат давом этади, шунинг учун гепарин зарур бўлса 4-5 соатда юбориб турилади. Гепарин юборилганда кузатиладиган ножўя таъсирлар: бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши ҳамда аллергик жараёнлар юзага келиши мумкин. Тиббиётда тромбоэмболик ҳолатларда зулукдан фойдаланилади. Зулукнинг сўлак безларидан алоҳида полипептид – гирудин ажралиб чиқади. Маълумотларга кўра гирудин тромбинни блоклаб фибриногеннинг фибринга ўтишига қаршилик кўрсатади. Гирудинни ажратиб олиш қийин ва қимматга тушади, шунинг учун зулукни ўзи қўлланилади. Халқ табобатида зулук харом қонни сўриб олади дейилади, бу гапда ҳақиқат бор. Зулуклар бирмунча қонни сўриб олиб, унинг қуюлишига қарши модда – гирудинни қонга юборади, зулуклар асосан қулоқ орқасига, юза тромбофлебит ҳосил бўлган жойларга қўйилади (олдин тери спирт билан артилиб, ширин суюқлик суртилади). Зулук терига ёпишиб олиб, қонга тўйгандан кейин тушиб кетади.
Do'stlaringiz bilan baham: |