Галилео Галилей (1564-1642 )
Италиялик қомусий олим: риёзиётчи, фалакиётшунос, файласуф, табииётшунос аллома Галилео Галилей Пиза шаҳрида дунёга келди.
У обрўли, бироқ камбағаллашган аслзода оилага мансуб эди. Отаси Галилейнинг ҳаким бўлишини орзу қиларди. Шу боис у Пиза дорилфунунининг тиббиёт куллиётига ўқишга кирди. Лекин Галилейдаги риёзиётга бўлган қизиқиш устунлик қилди.
Галилей аввал ибодатхона мактабида, кейин дорилфунунда ўқиди. У Архимедни ўзига устоз деб билган.
1589 йилда Галилей Пиза дорилфунунида профессор илмий унвонини олди. У дорилфунунда дарс бериш билан бир вақтда механика ва фалакиётшуносликка оид қатор тадқиқот ишларини олиб бориб, жисмларнинг тушиши, уларнинг қиялик сиртдаги ҳаракати қонунларини ўрганди. Шунингдек, осмон жисмларининг ҳаракатини кузатди.
Галилео Галилей ўз тадқиқотларига таянган ҳолда Арастунинг Коинот тузилиши ва механик ҳолатига доир таълимоти хато эканини маълум қилди. Дорилфунун ўқитувчилари ва дин пешволари унинг бу фикрига қарши чиқишди. Оқибатда олим Пизани тарк этишга мажбур бўлди.
Галилей 1592-1610 йилларда Падуан дорилфунунининг риёзиёт кафедрасида ишлади.
Олим 1609 йилда телескопни ихтиро қилди. Бу илк телескоп орқали осмон жисмларини 30 баравар катталикда кўриш мумкин эди.
Олим 1610 йилдан Флоренция герцоги саройида хизмат қила бошлади.
Галилей Ойдаги кратерлар ва тоғ тизмаларини аниқлади. Муштарийнинг йўлдоши, Қуёшдаги доғлар, Зуҳра сайёраси фазалари, Зуҳалнинг ҳалқаларини кашф этди.
1633 йилда руҳонийлар Галилейнинг «Оламнинг икки тизими ҳақидаги суҳбатлар» номли асарини муҳокама қилиб, унда илгари сурилган илмий фикрларни (Ернинг Қуёш атрофида айланиши, Қуёшнинг эса тинч туриши) рад этдилар. Рим папаси Галилей устидан суд олиб бориш тўғрисида кўрсатма берди. Ёши 70 ни қоралаб қолган хаста Галилейни Римга келтириб, зўрлик билан сайёралар оламига оид фикрларидан воз кечишга мажбур қиладилар.
Суд тугагандан кейин Галилей Флоренцияга қайтади ва реакцион руҳонийларнинг таъқибига қарамай, илмий тадқиқотларини давом эттиради.
Олим 1642 йили шогирдлари Вивиани ва Торричели қўлида жон беради. Католик черкови 1971 йилга келибгина Галилей устидан чиқарилган айблов ҳукмини бекор қилди.
* * *
Коинотнинг чегараси бор-йўқлиги масаласи ҳанузгача ечилмай қолаяпти. Менимча, инсоният ҳеч қачон бунинг тагига етолмайди.
* * *
Мен катта масалалар хусусида узоқ баҳслашиб, ҳеч нарсага эришолмагандан кўра, арзимас нарсаларга оид кичик бир ҳақиқатни кашф этишни афзал кўраман.
Do'stlaringiz bilan baham: |