2. XIX асрнинг биринчи ярмида Австрия империясининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши.
Венгрия иқтисодиёти Австрия, Чехия ва Шимолий Италия ерларига нисбатан қўлайсизроқ шароитларда ривожланди. Феодал ва табақавий муносабатларнинг кучлилиги, дворянликнинг иқтисодий қудрати ва сиёсий таъсири мамлакат қолоқлигининг асосий сабаблари эди.
Бундан ташқари, Вена венгр иқтисодиётига нисбатан дискриминацион бож-тариф сиёсатини олиб борар эди. Венгриянинг ташқи савдо алоқалари чекланарди. Бундай сиёсатни олиб боришдан мақсад Венгрияни Австриянинг аграр-хомашё базасига айлантириш ва Австрия саноат маҳсулотларининг бозорига айлантириш эди.
Шунга қарамасдан, 30-40-йилларда Венгрияда ҳам иқтисодий ўсиш кўзга ташланди. Мамлакатда буғ машиналари билан жиҳозланган йирик корхоналар пайдо бўлди. 1846 йилдан бошлаб дастлабки темир йўллари қурила бошланди.
Венгрия иқтисодиётининг асосий тармоғи -қишлоқ ҳўжалигида ҳам таррақиёт юз берди. Агротехника ва деҳқончилик қуролларининг яхшиланиши хосилдорликнинг ўсишига олиб келди. Помешчик ва деҳқонлар хўжалигининг унимдорлиги ўсди.
Савдо-иқтисодий муносабатларнинг жонланиши ва ички бозорнинг кенгайиши натижасида 40-чи йилларда биринчи кредит ташкилотлар: жамғарма кассалар ва банклар пайдо бўлди. Лекин бу ташкилотлар иқтисодиётнинг ўсиб бораётган талабини қондира ололмасди.
Австрия империясининг ташқи ва ички сиёсати
Вена конгрессидан сўнг Австрия империясининг халқаро мавқеи жуда мустаҳкам эди. Буюк давлат мақомини ўзига қайтарган бу мамлакат 1859 йилгача ҳеч қандай ташқи урушлар олиб бормади. Австрия Европанинг бошқа монархиялар билан иттифоқда ҳар қандай озодлик ҳаракатига қарши чиқарди. Австрия герман давлатларида ва Италияда сиёсий тарқоқлик, феодал-абсолютик тартибларнинг сақланиши тарафдори эди.
Ички сиёсатда мамлакатда қаттиқ цензура киритилган эди. Ҳар қандай либерал демократик ғоялар таъқиб остига олинарди. Конституция киритилиши тўғрисида хатто гап юритиб бўлмасди.
1830-1831 йиллардаги Франциядаги инқилоб, Бельгиядаги инқилоб ва поляк қўзғолони мамлакатда норозилик кайфиятларини кучайтирди. Ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар зарурлиги яққол намоён бўлди. Бундан ташқари империяда миллий масала ҳам жуда кескинлашди. Айниқса Венгрия қироллиги ва Трансильванияда ғалаёнлар кучайди.
40-йилларда Вена хорват, чех, серб ва қисман словак миллий ҳаракатларга айрим эркинликлар беришга мажбур бўлди. Жумладан либерал-миллий рўзномаларнинг чоп этилиши руҳсат этилди. Маданий- маърифий фаолиятга айрим кўмак берилди.