Геосиёсий минтақа – бу сиёсий, иқтисодий, маданий, савдо ва бошқа алоқалар учун қулай имкониятларга ва истиқболларга эга бўлган географик майдон. Масалан, Жанубий-Шарқий Осиё, Европа, Хитой ва б.
Геостратегик минтақа – ўзининг географик жойлашуви, турмуш тарзи, характери, савдо ва маданий-мафкуравий алоқаларининг йўналиши билан хорижий давлатлар ташқи сиёсатида муносабатлар ўрнатиш учун устувор йўналишда кўрилаётган макон. Шунингдек, геостратегик минтақа – бу давлат ёки чегарадош давлатлар (минтақа) ҳудудлари ҳам бўлиши мумкин. Унинг геостратегик аҳамияти муҳим транскоммуникацион йўлларга туташганлигида. Денгизга чиқишга қулай ҳудудда жойлашганликда ва бошқа шу каби бошқа кўринишларда намоён бўлиши мумкин.
Айтиш жоизки, геосиёсатнинг моҳиятига ва фаннинг тузилишига кўра мавжуд бўлган категориялари, уларни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ўрганиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Хулоса
Ижтимоий-сиёсий фанлар тизимида геосиёсат бирмунча ёш фанлардан ҳисобланади. Ўз вақтида, аниқроғи, XX асрнинг 90-йилларигача коммунистик мафкура геосиёсатни империалистик экспансияни асослаш учун географик далил ва омиллардан (мамлакатнинг ҳудуди, жойлашуви ва б.) фойдаланувчи сиёсий концепция деб, унинг асосини ирқчилик, мальтусчилик, социал-дарвинизм билан боғлаб таърифлаш орқали салбий баҳолаб келган. Бироқ, кейинги ўн йил ичидаги ўзгаришлар геосиёсатга нисбатан янгича ёндашувларни юзага чиқарди.
"Геосиёсат" ("Geopolitika") сўзи гарчи юнон тилидаги "geo" (ер) ва "politicos" (давлатни бошқариш санъати) жумлаларидан олинган бўлса-да, ўзбек сиёсий луғатига немис тилидаги "geopolitik" сўзидан кириб келган десак тўғри бўлар. Қолаверса, баҳс этаётганимиз геосиёсат назарияси ҳам аввало немис геосиёсий мактабида тугал шаклланганлиги барчага маълум.
Геосиёсат ўз функцияларига эга . Бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, унинг функциялари кетма-кетлик характерига эга. Геосиёсатнинг асосий функциялари: гносеологик функция; прогноз қилиш функцияси; бошқарув функцияси; мафкуравий функция.
Геосиёсий муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқиб амалиётда намоён бўлувчи асосий категориялар қуйидагилардан иборат: борлиқ узра назорат; кучлар мувозанати; сиёсий борлиқ; манфаат.
Мавзуни мустаҳкамлашга доир саволлар
Геосиёсат тушунчаси ва унинг моҳиятини тушунтиринг.
Геосиёсатда қонунийлик устуворми ёки тамойиллар?
Геосиёсат функциялари ва унинг ўзига хослиги нимада?
Геосиёсат категориялари бошқа фанлар категорияларидан нимаси билан фарқ қилади?
Геосиёсий минтақа деганда қандай минтақани тушунасиз?
Do'stlaringiz bilan baham: |