«Heartland» («Асосий ўлка») - Евросиё – «тарихнинг географик ўзаги»;
«Rimland» - ҳадсиз қирғоқбўйи макони;
«World Island» - Sea Power ("денгизлар устидан ҳоким")ни назарда тутган ҳудуд.
Агар ушбу назарий андозадан келиб чиқиб фикр юритсак, "Heartland"ни жаҳон геосиёсий майдонига, "Rimland"ни марказ атрофидаги ички ярим ойга ва "World Island"ни марказ атрофидаги ташқи ярим ойга қиёс қилиш мумкин (иловага қаранг, I-жадвал).
"Rimland" - бу Шимолий ва Fарбий Европанинг Атлантика океани қирғоқ бўйлари, Ўрта Ер денгизи ҳавзаси, Қизил денгиз, Форс кўрфази, Жанубий-Шарқий Осиёнинг Ҳинд ва Тинч океани қирғоқларини ўзида туташтирган ёй - Евросиё материгининг ғарбий, ғарбий-жанубий, жанубий, жанубий-шарқий қирғоқбўйи маконидир.
"Асосий ўлка"ни ўраб турган ташқи ярим ой (World Island) эса Тинч океанининг шимолий-ғарбидан бошланиб яна шу океаннинг жанубий-шарқий қисмигача ўзангандир. Яъни Шимолий Америка, Жанубий Америка, Атлантика океанининг жанубий ороллари, Африка материгининг жануби, Ҳинд океани ороллари, Австралия ва ниҳоят яна Тинч океани.
Геосиёсатнинг икки асосий принципи-талассократия ва теллурократия таҳлили шуни кўрсатадики, улар ўртасида ёки уларни бир-бири билан боғлаб турувчи муҳим яна бир принцип - rimland - "қирғоқбўйи ҳудуди" мавжуд экан. Назаримизда, rimland геосиёсий тадқиқотлар асосида турувчи, теллурократия ва талассократия ўртасидаги фарқлиликни яққол кўрсатиб берувчи асосий принциплардан бири саналади. Унинг муҳимлиги шу билан характерланадики, у эгаллаб турган макон тартиботи жуда мураккаб ва ижтимоий маданий муҳити ўзига хос ёйсимон минтақадир.
Негаки, rimland бир вақтнинг ўзида қуруқликка мансуб минтақа, лекин унинг ҳаётий кечмиши бевосита денгизга алоқадор. Бу жиҳатдан у ўзида гоҳ теллурократияни, гоҳ талассократиянинг хусусиятларини намоён қилиши мумкин. Бироқ «rimland»ни ҳеч қачон бу икки борлиқнинг бир томонига тўлиқ қўшиш мумкин эмас.
Rimland шундай бир геосиёсий принцип бўлиб, унинг моҳияти теллурократия ва талассократия ўртасидаги геосиёсий "чегара-ҳудуд"ларни англатади ва уни кўрсатиб беради.
Тўғри, халқаро муносабатлар тарихида маконан «rimland»га мансуб давлатлар ўзларининг ҳарбий-дипломатик ёки босқинчилик юришларида талассократия ёки теллурократиянинг ҳудудларига кириб боришган. Масалан, маконан «rimland»да жойлашган Араб халифалиги VII асрда нафақат rimland - "чегара-ҳудуд"га мансуб Яқин Шарқ ва Ўрта Ер денгизи қирғоқларини, балки теллурократия - "Асосий ўлка"нинг марказий қисмлари бўлмиш бугунги Шарқий Туркистон (Хитойнинг ғарби) ҳудудларигача кириб келган. Ёки "чегара-ҳудуд"га мансуб яна бир халқлар-португаллар ва испанлар буюк географик кашфиётлар даврида (XV-XVI асрлар) талассократия - "ташқи ярим ой"га мансуб Америка минтақасига ва бошқа шу каби ҳудудларга кириб боришгани барчага маълум. Англия эса, XVII-XIX асрлар ўрталиғида «rimland»дан чиқиб жаҳон майдонида талассократия "ҳокими" бўлган эди.
Ушбу мисоллар билан rimland - "чегара-ҳудуд"га оид давлатлар хохласа теллурократия ёки талассократияга мансуб бўлиб кетаверади, деган фикрдан йироқмиз. Бу билан «rimland»га оид ушбу давлатларнинг халқаро муносабатлар тарихий тадрижий тараққиётининг маълум бир босқичида жаҳон сиёсий куч маркази сифатида шаклланганлиги, қолаверса, жаҳон сиёсий куч марказига айланган давлатлар "Асосий ўлка" ва "ташқи ярим ой" минтақаларида ҳам бўлганлиги ва бўлишини айтмоқчимиз.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, давлатлар географик жойлашуви жиҳатидан юқоридаги уч борлиқдан (теллурократия, талассократия, rimland) бирига оид бўлиши табиий. Бироқ уларнинг халқаро муносабатларда сиёсий куч маркази сифатида шаклланиши унинг шу минтақадан тўла чиқиб кетди дегани эмас.
Шу ўринда rimland борасида қуйидаги мулоҳазаларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Бугун «rimland»га қайси давлатлар киради? Айнан шу саволга жавоб бериш учун антлантизм оқими вакиллари географик жойлашувини эътиборга олиб «rimland»га мансуб давлатларни уч бўлакка бўлишмоқда, яъни:
маконан хартленд ичига кириб борган, лекин римлендга мансуб борлиқлар: Хитой, Монголия, Шимолий Вьетнам, Бангладеш, Афғонистон;
геосиёсий жиҳатдан нейтрал бўлган римленд давлатлари: Жанубий Корея, Бирма, Ҳиндистон, Ироқ, Сурия, Босния ва Герцеговина, Македония, Словения, Хорватия, Югославия (Сербия ва Черногория);
ўзи римлендга мансуб, аммо талоссократияга мойиллиги бор давлатлар: /арбий Европа давлатлари, Греция, Туркия, Эрон, Покистон, Таиланд.
Ўта мунозарали тасниф. Келтирилган қайдлар қанчалик мунозарали бўлмасин, уларга нисбатан фақат бир фикр айтиш мумкин. Яъни, жаҳон геосиёсий майдонида римленднинг мавқеи ошиб бормоқда. Бу эса унинг талассократия ва теллурократия ўртасида шунчаки оралиқ макон эмас, муҳим принцип эканлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |