Меваларни териш ва транспортда ташиш
Меваларни териш ва транспортда ташиш босқичида асосий механик шикастланишлар юз беради – сиқилиш, лат ейиш, тешилиш, бандсиз мевалар (мева бандиниинг бутунлиги – олий навли мевалар мезони). Ушбу етказилган шикастланишлар мевалар тоифаси ва сифатини сезиларли даражада пасайтиради.
Механик шикастланиш даражасини камайтиришни таъминлаш ва мевалар сифатини ошириш усулларига қуйидагилар киради:
теримда ишчиларнинг меҳнатини туркумларда олий ва 1 нав мевалар миқдори бўйича баҳолаш;
махсус нарвонлар, комбайнлар, тўрвалардан фойдаланиш;
меваларни босқичма-босқич узиш;
тарага жойлаштиришда меваларни саралаш;
тара сифати;
транспорт воситасининг ва йўлларнинг сифати.
Сақлаш учун бир хил туркумларни шакллантириш
Сақлашда меваларнинг физиологик ва замбуруғли касалликлар билан зарарланишга чидамлилигида меваларнинг дастлабки сифати муҳим ўрин тутади (биокимёвий, минерал таркиби, анатомик-морфологик тузилиш, физиологик ҳолати).
Бир корхона доирасида битта нав меваларининг дастлабки сифати сақланиш сифати турлича бўлиши мумкин. Бу пайвандтаглар типлари, тупроқ ва дарахтлар ёши, новдаларнинг кучли ўсиб кетганлиги ва ҳосил оғирлиги, агротехник омиллар ва териб олиш муддатларига боғлиқ.
Узоқ, ўрта ва қисқа муддатли сақлаш, мақбул технологияларни ва сақлаш муддатларини танлаш мақсадида бир хил туркумларни шакллантириш учун юқорида кўрсатилган кўрсаткичлар мажмуидан фойдаланилади.
Сақлашга жойлаштириш учун меваларни сақлаш ва уларга ишлов бериш технологияси
Меваларни сақлаш кўриб чиқилаётган тирик тизимнинг муҳим босқичи ҳисобланади, бу меваларнинг етилиб кетишини, эскиришини тўхтатиб туриш, физиологик ва замбуруғли касалликлардан ҳимоя қилиш ва узоқ муддат давомида дастлабки сифатни имкон қадар сақлаб туриш имконини берувчи, меваларни териб бўлгандан кейинги даврда мевалар ҳаёт фаолиятини бошқарувчи технологик жараён.
Меваларнинг етилиш ва эскириш гормони бўлиб этилен ҳисобланади, шунинг учун меваларнинг сақланиш сифати тўпланган этилен миқдорига боғлиқ. Этилен биосинтезини самарали секинлаштириш ва ҳосил терилгандан кейин унинг мевалар сифатига салбий таъсирига барҳам бериш мевалар сифатини сақлаб қолиш ва сақлаш муддатларини узайтириш имконини беради.
Ҳосил терилгандан кейинги даврда меваларнинг ҳаётий жараёнларини бошқаришга таъсир қилувчи асосий омиллар бўлиб ҳарорат ва нисбий намлик ҳамда атмосфера таркиби (таркибдаги кислород, карбонат ангидрид, этилен миқдори) бўлади.
Ушбу омилларни кенг миқёсда қўллаш бир неча олма меваларини сақлаш технологияларини ишлаб чиқиш имконини берди:
оддий атмосфера (ОА) (О2=21%, СО2=0,03%);
кислороднинг жуда паст миқдори билан тартибга солинувчи атмосфера (РА) (О2 = 0,8–1,5%, СО2 = 0,8–3%);
модификацияланган атмосфера (МА) (О2 = 12–18%, СО2 = 3–6%).
Айрим мамлакатларда (Италия, Голландия, Германия ва бош.) меваларни динамик тарзда тартибга солинувчи атмосферада (ДТСА) сақлаш технологияси қўлланилади.
Кўрсатилган технологияларнинг ҳар бири ўз афзалликлари ва камчилигига эга.
2000 йилларда АҚШ ва Россияда этиленнинг ингибитори 1-метилциклопропен (1-МЦП) ишлаб чиқилган эди, у мос равишда Smart Frech ва Фитомаг препаратларининг асосий таркибий қисмига айланди. 1-МЦП таъсир қилиш механизми унинг молекулаларининг ҳужайралар мембраналарида этилен рецепторларига қўшилишидан иборат. Шу муносабат билан этилен унинг рецепторларига қўшила олмайди ва фаол комплекслар ярата олмайди. 1-МЦПнинг этилен рецепторлари билан алоқаси этилендан 10 баравар мустаҳкам бўлгани учун, 1-МЦП этиленнинг биосинтезини самарали назорат қилади ва сақлашда, шунингдек “пештахтадаги ҳаётни узайтирган ҳолда” истеъмолчига етказиб беришда ҳам мевалар сифатини сақлаш имконини беради. Шундай қилиб, мавжуд сақлаш технологияларининг имкон қадар кўпроқ натижа бериши учун ҳосил йиғиштирилгандан кейин меваларни 1-МЦП ишлов бериш билан биргаликда улардан фойдаланиш зарур.
Сақлаш вақтидаги йўқотишларнинг асосий сабаби – бу меваларнинг касалликлар билан, шу жумладан қорайиб кетиш, пўст остидаги холхоллик, ички ва ташқи тўқималарнинг қўнғир тусга кириши, чириб кетиши, замбуруғли чириш ва бошқалар билан зарарланиши. Меваларнинг ушбу касалликларга чидамлилиги нав генотипига, ҳосилни йиғиштиришдан олдин ва ундан кейинги омилларга, сақлаш технологиялари ва муддатларига боғлиқ бўлади, бу ягона тирик тизимнинг барча босқичларини бошқариш зарурлигини тасдиқлайди.
Кўп йиллик тадқиқотлар қуйидагиларни ишлаб чиқишга олиб келди:
меваларни узишнинг мақбул муддатларини, кўрсаткичларини;
сақлашга жойлаштриш учун бир хил туркумларни шакллантириш кўрсаткичларини;
навларнинг ва ОА, ТСА ва МА ҳар бир туркумнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда умумий шароитларни (tоС, О2, СО2) ва олма меваларини сақлаш муддатларини;
мева навларига қараб ҳосил йиғимидан кейин меваларни этилен ингибитори билан ишлов бериш (дозировка, ишлов бериш муддатлари);
бир хил туркумдаги меваларнинг сифатли сақланиш истиқболи кўрсаткичларини ва уларни сотиш муддатларини.
Сақлаш тизимлари нав таркиби, боғларнинг тури, мавжуд сақлаш базалари ва ходимлар малакасини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир хўжалик шароитларига мослаштиришни талаб қилади, шу билан бирга янги технологияларни ўзлаштириш учун меваларни ишлаб чиқариш, йиғиб олиш, сақлаш ва сотиш билан шуғулланадиган мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш зарур.
Меваларни сақлашнинг янги технологиялари жанубий минтақанинг (“Азим-Боғ” ЁАЖ ва ҳок.) ва ўрта минтақанинг (“Октябрнинг 15 йиллиги” ЁАЖ, “Агроном” ЁАЖ) йирик хўжаликларида 12 йил мобайнида синовдан ўтди ва умумлаштирилган тажрибани ҳисобга олган ҳолда кенг ўзлаштириш учун тавсия қилинган.
Янги технологияларни умумлаштирган ҳолда қўллаш жуда кам йўқотишлар билан ва юқори сифатни сақлаган ҳолда меваларни узоқ муддат сақлаш имконини беради (7-10 ой).
Do'stlaringiz bilan baham: |