Айрисимон без
Айрисимон без олдинги кўкснинг юқори бўлимида туш суяги орқасида жойлашган. Кўкс кўкрак қафасининг иккала ўпка орасидаги қисмидир. Айрисимон без ток безлардан бўлиб, ўзаро бириктирувчи тўқима билан туташган икки бўлакдан иборат. Унинг ҳар бир бўлаги кичик бўлакчалардан иборат бўлиб, ҳар бир бўлакча пустлок ва мағиз қаватига бўлинади. Пўстлоқ моддаси қон ишлаб чиқаришда иштирок этувчи ретикуло-эндотелиал тўқимадан, мағиз моддаси без эпителийси ва липоид ҳужайралардан тузилган. Айрисимон без қон ва лимфа томирларига бой, унга симпатик ва парасимпатик нервлар киради.
Айрисимон без ёт оқсилга реакция кўрсатишни таъминловчи антителолар ҳосил бўлишини кучайтириш орқали организмда иммун жараёнларнинг бошқарилишида катта роль ўйнайди. Айрисимон без иммун реакцияларда қатнашадиган лимфоцитларнинг ривожланиши ва тақсимланишини назорат қилади.
Суяк илиғида ҳосил бўладиган ствол ҳужайраларнинг хали тўла такомиллашмаганлари қонга тушади ва айрисимон безга келади. Безда улар кўпаяди ва Т-лимфоцитларга айланади. Қонда айланиб юрган лимфоцитларнинг кўп қисмини Т-лимфоцитлар ташкил қилади ва улар ҳужайра иммунитетининг ривожланишида масъулдир.
Айрисимон без болаликда максимал ривожланиб бўлади. Балоғатга етгандан кейин унинг ривожланиши тўхтайди ва без кичиклаша бошлайди. Шу туфайли бу без организм ўсишини кучайтиради, балоғатга етмаган организмда унинг касалликларга ва муҳитнинг ноқулай шароитларига қарши курашиш имкониятларини таъминлайди ва жинсий тизим ривожланишини тормозлайди.
Сўнгги вақтда айрисимон безнинг лимфоцитларни рағбатлантирувчи гормон, тимин, тимотоксин, тимопоэтин, тимозин деб номланган гормонсимон полипептид моддалар ишлаб чиқариши аниқланган. Тимозин организмга юборилганда қонда лимфоцитлар миқдори ошади ва иммунитет реакциялари кучаяди.
Айрисимон без ажратадиган гормонсимон моддалар ҳужайраларда медиаторларга ва гормонларга нисбатан рецепторлар синтезига, нерв-мускул синапсларида ацетилхолин парчаланишига, организмда оқсиллар ва карбонсувлар алмашинувига, қалқонсимон ва жинсий безлар функцияларига таъсир этади. Мазкур моддалар соматотропин самарасини кучайтиради, тироксин самарасини кучсизлантиради. Сўнгги йилларда айрисимон безнинг организмда иммун ва эндокрин тизимларни ўзаро боғлаб, улар фаолиятини мувофиқлаштириб, интеграция қилиб туриши исботланган. Айрисимон без кальций ва нуклеин алмашинувига таъсир этади деган фикрлар ҳам бор.
Айрисимон безнинг яна бир физиологик аҳамияти шундан иборатки, у кўп миқдорда витамин С га эга, бу жиҳатдан у фақат буйрак усти безларидан кейин туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |