Мия пўстлоғида таъсирланишлар тахлили ва синтези
Катта ярим шарлар пўстлоғининг энг муҳим функциялари қабул қилинган таъсиротларнинг тахлили ва синтезидир.
Таъсиротлар тахлили турли сигналларни бир-бировидан ажратиш, тафовутлаш, уларнинг жадаллиги, вақти ва фазода тутган ўрнини аниқлашдан иборат.
Таъсиротлар рецептор аппаратдаёқ тахлил қилина бошлайди, асаб тизимининг тубан қисмлари ҳам уларни тахлил қилади. Аммо тахлил қилиш жараёнлари катта яримшарлар пўстлоғида юксак даражада тараққий этган.
Маълумки, рецепторларнинг ҳар бир алоҳида туридан сигналлар пўстлок асаб ҳужайраларининг муайян гуруҳларига келади. Таъсирловчининг кучи, таъсирот давомийлиги ва ўзгаришларига боғлиқ ҳолда реакцияга жалб этиладиган ҳужайралар сони ва уларнинг ҳар биридан импульслар частотаси турлича бўлади. Ҳар бир сигналнинг моҳиятини аниқлашдан иборат тафовутлаш жараёни катта ярим шарлар пўстлоғига хос тахлил формаси бўлиб, ички тормозланиш ҳосил қилиш билан амалга оширилади.
Таъсиротлар синтези турли нейронлар ва уларнинг гуруҳлари орасидаги ҳамкорлик туфайли мия пўстлоғи турли соҳаларида вужудга келадиган қўзғалишларни ўзаро боғлаш, бирлаштириш, умумлаштириш ва якунлашда намоён бўлади. Физиологик синтез катта ярим шарлар нейронлари орасида вақтинча боғланиш ҳосил қилишдан иборатдир.
Анализ ва синтез ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Организмга айрим-айрим икки таъсирловчи таъсир этганда анализ ва синтезнинг энг оддий формаларини кўрамиз. Қатор таркибий қисмлардан иборат мураккаб комплекс таъсиротлар тахлили асосида мия пўстлоғининг мураккаброқ аналитик ва синтетик фаолияти ҳақида фикр юритиш мумкин. Бунинг учун муайян тартибда кетма-кет таъсир этувчи бир неча сигналлар шартли таъсирлагич сифатида олиниб, шартсиз таъсирот билан мустахкамланади. Айнан шу сигналлар, фақат бошқа тартибда берилганда шартсиз таъсирот билан мустахкамланмайди. Тафовутланишнинг амалга ошиши шундан дарак берадики, мия пўстлоғи томонидан сигналлар нафақат алоҳида-алоҳида ва йиғинди сифатида , балки муайян кетма-кетликда ҳам қабул қилинади.
Яримшарлар пўстлоғи синтетик фаолиятининг мураккаб формалари динамик стереотип деб белгиланган ходисаларда яққол намоён бўлади.
Агар итларда ўтказилган тажрибаларда узоқ муддат давомида ҳар кун муайян тартибдаги турли шартли таъсирлагичлар ишлатилса, ҳайвонда муайян кетма-кетликдаги шартли рефлекслар занжири, мия пўстлоғининг таъсирлагичлар тизимига жавобан реакциялари муайян стереотипи пайдо бўлади. Шундан сўнг тажрибалардан бирида фақат битта шартли таъсирлагичдан фойдаланилса, унинг қаерда ишлатилганлигига қараб самараси турлича бўлади. Мия пўстлоғи сигналга ҳосил бўлган динамик стереотипга мос ҳолда жавоб қайтаради. Шартли сигнал алоҳида таъсирлагич сифатида эмас, аввалги ва кейинги таъсирлагичлар билан боғлиқ бўлган сигналлар тизими элементи сифатида қабул қилинади.
Табиий шароитда турли кўникмалар, автоматик ҳаракатлар ва фаолият, одам ва ҳайвонлар муайян хулқ-атвори шаклланиши асосида динамик стереотип ҳосил бўлиши ётади.
Организм яшайдиган табиий шароитда анализ ва синтез жараёнларида мия пўстлоғининг бир фаолиятдан иккинчи фаолиятга шартли рефлекс йўли билан кучиши муҳим роль ўйнашини Э.А.Асратян аниқлади. Бунинг моҳияти шундан иборатки, шартли таъсирловчининг самараси, шу таъсирловчи қўлланилаётган шароитга муайян даражада боғлиқ бўлиб қолиши мумкин.
Масалан, қўнғироқ товуши билан бирга эрталаб ҳайвонга овқат берилса, кундузи эса оегига электр токи билан таъсир этилса ва бу хол бир неча марта такрорланса куннинг вақтига (эрталабки ёки кундузга) қараб ҳар хил сигнал аҳамиятини касб этади-эрталаб овқатланиш шартли реакциясини, кундузи эса ҳимояланиш реакциясини вужудга келтиради. Куннинг вақти шартли реакция характерини белгилаб берувчи, мия пўстлоғини бир фаолиятдан иккинчи фаолиятга кўчирувчи омил бўлиб қолади.
Одам олий асаб фаолиятида мия пўстлоғининг бир фаолиятдан иккинчи фаолиятга кўчиши айниқса катта аҳамиятга эгадир. Одам уйда, ишхонада, мехмондорчиликда, театрда, йўлда ва бошқа жойда бир хил таъсирловчига турлича реакция кўрсатиш мисоллари кундалик ҳаётда сон-саноқсиздир.
Маълумки, ташқи муҳит организмга биргина сигнал билан таъсир этмайди. Одатда организмга бир вақтда ва бирин-кетин бир неча сигналлар таъсир этиб туради. Агар бу тартиб тез-тез ва муайян вақт такрорланса, мия пўстлоғи фаолиятида ҳам муайян тартибли тизим, яъни динамик стереотип вужудга келади.
Динамик стереотип бирин-кетин, доимо маълум тартибда содир бўладиган шартли рефлектор реакциялар занжиридир. У организмнинг мусбат ва манфий шартли таъсиротлар мураккаб тизимига қайтарган мураккаб реакциясидир.
Динамик стереотип қийинчилик билан ҳосил бўлади, аммо ҳосил бўлгандан сўнг, кўпчилик ҳаракатлар автоматик бўлиб қолади. Ҳаракат малакаси, меҳнат операцияларида муайян тартибнинг шаклланиши, юриш, югуриш, сакраш, мусиқа асбобларини чалиш, езиш в.ҳ.лар катта ярим шарлар пўстлоғида динамик стереотип ҳосил бўлиши натижасидир. Ҳар бир кишининг кун тартиби асосида ҳам динамик стереотип ётади. Стереотип узоқ йилларга сақланади, инсон хулқ-атворини ташкил этади ва уни ўзгартириш жуда кийин.
Катта яримшарлар пўстлоғида қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари иррадиацияси ва концентрацияси ҳам кузатилади. Пўстлокнинг бирон нуқтасида пайдо бўлган тормозланиш бир жойда тўхтаб колмасдан, бошқа соҳаларга ҳам тарқалади. Пўстлок структураларининг функционал ҳолатига боғлиқ ҳолда бундай тарқалиш йўллари турлича бўлади, аммо одатда яқиндаги соҳалардан узоқроқдаги сохаларга тарқалиш кўпроқ кузатилади. Нерв жараёнининг марказий учогдан атрофдаги соҳаларга тарқалиб кетишига қўзғалиш иррадиацияси дейилади. Иррадиациядан сўнг асаб жараёнларининг концентрацияси кузатилади. Қўзғалиш жараёнининг концентрацияси деб, қўзғалиш учоғи соҳасининг қисқариши, унинг чегараланиши тушунилади.
Қўзғалиш жараёнининг иррадиация ва концентрацияси тормозланиш иррадиация ва концентрациясидан тезроқ (секунддан камроқ) кечади.
Қўзғалишнинг пайдо бўлган нуқтасида тезлик билан қайта йиғилишига ўтадиган тарқалишига динамик иррадиация дейилади. Қўзғалиш пўстлокда тарқалган пайтда шартли рефлексни ҳосил қилиши мумкин бўлган шартсиз сигнал таъсир этса, қўзғалиш тўлқини камраб олган пўстлок ҳужайраларида вақтли боғланишда намоён бўладиган тургун ўзгаришлар пайдо бўлади. Бундай тургун ўзгаришлар статик иррадиация дейилади. Пўстлок жараёнларининг бу хоссалари шартли рефлекснинг генерализацияси ва ихтисослашувига олиб келади. Нерв жараёнларининг иррадиация ва концентрацияси марказий асаб тизимидаги индукцион муносабатлар негизини ташкил этади.
Мия пўстлоғида асаб жараёнларига индукция ходисаси ҳам хос бўлиб, бу ерда ҳам мусбат ва манфий индукция кузатилади. Асосий нерв жараёни (қўзғалиш ва тормозланиш ) нинг ўзининг атрофида ва ўзидан сўнг қарама-қарши самарани келтириб чиқариш хоссасига индукция дейилади. Нерв марказларида тормозланиш ҳолати тафовутлашга оид тормозланишни келтириб чиқарувчи тафовутловчи таъсирлагич таъсиридан кейин зудлик билан ижобий шартли сигнал берилса, шартли рефлекснинг кучайиши содир бўлади. Бу ҳодиса шундан дарак берадики, тафовутловчи таъсирлағич келтириб чиқарган тормозланиш жараёни ўз атрофида ва ўзидан кейин юксак қўзғалувчанлик ҳолатини – индукцион самарани юзага чиқарган. Таъсир кўрсатиш тавсифи бўйича мусбат ва манфий индукция, содир бўлиш вақтига қараб бир вақтдаги ва кетма-кет индукция ажратилади.
Мия пўстлоғининг бирор соҳасида тормозланиш ривожланиши билан бир вақтда атрофдаги нейронларнинг қўзғалувчанлиги ортади. Демак, тормозланиш учоғи атрофида мусбат индукция намоён бўлади. Қўзғалган соҳа атрофида ривожланган тормозланиш манфий индукция дейилади. Баён қилинган мусбат ва манфий индукциялар бир вақтдаги индукциядир. Манфий индукциянинг функционал аҳамияти шундаки, у шартли қўзғалишнинг тўпланиши – концентрациясини таъминлайди ва бошқа мумкин бўлган таъсирланишларга қўшимча жавоб реакцияларга йўл қўймайди.
Қўзғалишга сабаб бўлган стимул таъсири тугагандан сўнг қўзғалган марказда тормозланишнинг ривожланиши кетма-кет манфий индукция дейилади.
Тормозланишни келтириб чиқарган таъсирот тугаши билан тормозланган марказ қўзғалувчанлигининг ошиши кетма-кет мусбат индукция номини олган.
Одатда қўзғалиш жараёни иррадиация ва концентрациясининг тезлиги тормозланишнинг ёйилиши ва тўпланиши тезлигидан 2-3 маротаба катта.
Иррадиация ва концентрация мусбат ва манфий индукциялар қўзғалиш ҳамда тормозланиш жараёнларининг ўзаро боғланишини, биринчисининг иккинчисига ўтишини таъминлаб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |