Ингичка ичакнинг ҳаракат фаолияти
Ингичка ичакнинг ҳаракат фаолияти ичакдаги овқатнинг ҳазм ширалари билан аралашуви, химуснинг ичак бўйлаб ҳаракат қилиши, химус ва ичак шиллиқ пардаси қатламларининг алмашиб туриши, ичак бўшлиғидаги босимнинг ошишини таъминлаб туради. Ингичка ичак деворидаги халқасимон ва ташқи узунаси бўйлаб йўналган силлиқ мушак толалари қисқариб, ичак ҳаракатларини амалга оширади. Бажарадиган функциясига қараб, хамма қисқаришларни икки гуруҳга бўладилар: 1) химуснинг аралашуви ва эзилишини таъминловчи маҳаллий-локал ва 2) химусни ичак бўйлаб ҳаракатлантиришга қаратилган қисқаришлар. Ичак қисқаришларини уларнинг характери бўйича ритмик сигментация, маятниксимон, перистальтик, антиперистальтик ва тоник типларга бўлиш мумкин.
Ритмик сигментация аксарият халқасимон мушак қатлами қисқаришлари оқибати бўлиб, химусни ва ичакни сигментларга бўлади, химусни аралаштиради ва ичак бўшлиғидаги босимни оширади. Маятниксимон қисқаришлар мушаклар бўйлама қатлами томонидан ҳалқасимон мушаклар иштирокида бажарилади. Бунда химус олдинга-орқага ва жуда кам йуғон ичакка томон силжийди.
Перистальтика шундан иборатки, химусдан юқорироқда халқасимон мушак қатлами қисқариши хисобидан буғилма ҳосил бўлади, пастроқда бўйлама мушаклар қисқариши туфайли ичак кенгаяди. Бу торайма ва кенгайма ичак бўйлаб тарқалиб, химусни итариб боради. Ичакда бир вақтнинг ўзида бир неча перистальтик тўлқинлар тарқалади. Антиперистальтикада қисқариш тўлқини оғиз томонга тарқалади, нормада бундай қисқариш бўлмайди. Тоник қисқаришлар анчагина узунликда ичакни торайтиради.
Ингичка ичак ҳаракатлари асаб, гуморал ва миоген механизмлар билан бошқарилади. Асаб бошқарилиш интрамурал нейронлар ва МНТ томонидан амалга оширилади. Интрамурал тугунлар ичакларнинг келишиб, уйгун қисқаришларини таъминлайди, айниқса перистальтикада уларнинг роли катта. Ингичка ичак ритмик қисқаришлари жуда турғун частотага эга. Ичакнинг ташқи нервларини қирқиш ритмик қисқаришлар сонини унча ўзгартирмайди. Бу ходиса ўн икки бармоқ ичакка умумий ўт йўли очиладиган жойда ичак деворида жойлашган ритм етакчиси фаолиятига боғлиқ. Импульслар мана шу ритм етакчисида пайдо бўлиб, узунасига жойлашган мушак толалари орқали ичак девори бўйлаб тарқалади. Интрамурал механизмларга парасимпатик ва симпатик тизимлар ҳамда гуморал омиллар таъсир этади. Парасимпатик нервлар ичак қисқаришларини қўзғатади, симпатик нервлар тормозлайди. Ичак ҳарактларини бошқаришда МНТ турли бўлимлари иштирок этади.
Гипоталамус олдинги ва оралиқ ядролари таъсирланганда меъда ва ичак ҳаракатлари кучаяди, орқа ядролари қўзғалганда – тормозланади. Катта яримшарлар пўстлоғи ичак ҳаракатларига гипоталамус ва лимбик тизим орқали таъсир кўрсатади. Бу таъсирлар иккинчи сигнал системаси орқали юзага чиқади, масалан, тансиқ овқат тўғрисида гапирганда ичак ҳаракатлари кучаяди, овқатга боғлиқ нохуш гаплар эса ичак маторикасини тормозлайди. Жахл чиқиши, қўрқув ва оғриқ, севиниш ичак моторикасини тормозлайди. Баъзан кучли эмоциялар, масалан қўрқувда ичак кескин перистальтикаси (“асабдан ич кетиш”) кузатилади.
Ичакнинг ҳаракат фаоллиги химуснинг физик ва кимевий хоссаларига ҳам боғлиқ. Қора нон, сабзавот каби маҳсулотлар бу фаолликни оширади. Ичак ҳар қайси бўлагининг фаолияти проксимал қисмларнинг қўзғатувчи таъсири ва дистал қисмларнинг тормозловчи таъсири йиғиндиси натижасидир.
Қалқонсимон без гормонлари миқдорининг қонда кўпайиши, вазопрессин, окситоцин, брадикинин, серотонин, гистамин, гастрин, мотилин, холецистокинин-панкреозимин, кислоталар, ишкорлар, тузлар, ёғ парчаланиш маҳсулотлари в.б. ичак ҳаракатини кучайтиради. Гипофизнинг орқа бўлак гормонлари, қонда тироксиннинг камайиши ичак ҳаракатларини тормозлайди. Гуморал омиллар бевосита мушак толаларига ёки интрамурал нейронлар рецепторлари орқали таъсир этиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |