VI БОБ.
КИМЁ ЎҚИТИШ НАТИЖАЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ.
§-1. Оғзаки сўраш.
Сўраш – ўқувчиларнинг ўзлаштиришини ҳисобга олишнинг асосий шаклидир. Махсус танлаб олинган саволлар системаси ўқитувчининг ўқувчиларни системали суратда кузатиб борганлиги ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини аниқлашга имкон беради.
Ўқувчилардан сўраш оғзаки тарзда ҳам, ёзма тарзда ҳам олиб борилади, аммо оғзаки сўраш усулидан кўпроқ фойдаланилади. Ўқувчилардан оғзаки сўраш қуйидаги тартибда олиб борилади.
Унда аввалги дарс материалигина сўралиб қолмасдан, балки илгари ўтилган материаллари ҳам сўралади; илгари ўтилган материалга узлуксиз суратда ана шундай қайтиб туриш ўқувчиларга ўрганилган масалаларнинг янгидан-янги томонларини бирин-кетин очиб беради ва шундай қилиб, ўқувчиларнинг билимини пухталашгагина эмас, балки уни кенгайтиришга ҳам имкон беради. Сўраш вақтида моддаларга ва улар билан бўладиган ўзлаштиришларга алоҳида эътибор берилади.
Янги материални баён этишга жуда яхши тайёргарлик кўрилгани сингари, ўқувчилардан сўрашга ҳам жуда яхши тайёргарлик кўриш керак. Ўқитувчи тегишли саволларни диққат билан ўйлаб олади ва тузади ҳамда ўтказиладиган сўроқнинг секин-аста очиб бериладиган ғоясининг умумий мазмунига киритади; тасодифий ва тушунилиши қийин саволларни киритмайди, чунки бундай саволлар сўрашдан кўзда тутилган асосий таълим-тарбия вазифаларининг ҳал қилинишига ҳалақит беради. Ўқитувчи саволлар тайёрлаш билан бирга, сўраш вақтида керак бўладиган асбоб-ускуналарни тахт қилиб қўяди: тажрибалар қилинадиган столга моддалар ва асбобларни териб қўяди, деворларга жадваллар, схемалар ва бошқа кўрсатма қўлланмаларни илиб қўйилади. Ана шундай қилгандагина ўқитувчида айрим ўқувчиларни кузатиб бориш натижасида тўпланган фактлар энг самарали суратда фойдаланиш мумкин.
Энг илғор ўқитувчилар бутун савол жавобни атиги 4-5 минут оралиғида энг асосий масалалар юзасидан ўтказадилар. Масалан, “Чўян ишлаб чиқариш” мавзуси юзасидан асосан қуйидаги масалалар сўралади: 1) Домна печининг тузилиши; 2) Домна печида содир бўладиган кимёвий жараёнлар. 3) Темир қотишмалари; 4) Чўянни пўлатга айлантириш жараёнлари ўқувчиларга қўшимча саволлар тарзида қуйидагиларни изоҳлаб бериш таклиф этилади: Домна печига шихта тушириш; “руда”, “флюслар” ва “шлак” деган тушунчалар; флюсларнинг аҳамиятини (реакция тенгламасини ёзиб тушунтирилган); углерод (II) – оксиднинг роли (реакциялар тенгламаси асосида); “қотишма” деган тушунча; темир қотишмалари чўяннинг, пўлатнинг ва пайвандлаш темирининг таркиби; чўянда бўладиган қўшимча моддалар ва уларни чиқариб юбориш; ҳалқ хўжалигидаги чўян ва пўлатнинг аҳамияти.
Асосий саволга жавоб бериш учун уч – тўрт ўқувчи чиқарилади, савол жавобда эса бутун синф иштирок этади. Ўқитувчи савол бериб бир оз жим туради. Ҳамма ўқувчилар ўйланади. Ана шундан кейин мўлжаллаб қўйилган ўқувчи доскага чақирилади. Ўқувчи жавоб беради. қолган ўқувчилар бу ўқувчининг жавобига ҳалақит бермай, диққат билан тинглаб турадилар, хато ва камчиликларини тўлирадилар. Ўқитувчи махсус чақирилган ўқувчига баҳо қўйгани сингари, ўрнидан турғазилган ўқувчиларнинг жавобига ҳам кўпинча баҳо қўйиб боради.
45 минутлик дарснинг навбатдаги, кундалик савол жавобга кўпи билан 15 минут сарф қилиши мумкин, акс ҳолда, савол-жавоб ўтказиш ҳисобига, дарснинг асосий қисми – янги материални баён этишга вақт қолмайди. Баъзи ўқитувчилар, вақтни тежаш мақсадида, “қисқа сўроқ” деб аталадиган савол жавоб ўтказадилар. Улар махсус карточкаларга савол ва масалаларни олдиндан ёзиб қўядилар. Сўраш учун битта ўқувчигина эмас бир неча ўқувчини чақирадилар. Бу дарсда кўпроқ ўқувчидан сўраш ва вақтни тежаши мумкин. Аммо бу таълим-тарбия эффектини бирмунча пасайтиради. Чунки бунда бутун синф ишлай олмайди.
Кундалик савол-жавоб ўтказишдан ташқари, кимё курсининг катта бўлими ёки ўқув чораги охирида, шу бўлим юзасидан ёки шу чоракда ўтилган материаллар бўйича, савол жавоб ҳам ўтказилади. Бу савол жавоб учун дарс ажратилмайди. Бундай оғзаки савол-жавоб вақтида ўқитувчи бутун синф ўқувчиларига аллоҳида эътибор беради, ўзлаштирилишида, кундалик ҳисобга олиш вақтида, жиддий камчиликлар борлиги аниқланган масалаларга анча батафсил тўхталиб ўтади, ўтган давр ичида равшан бўлмай қолган масалаларга аниқлик киритади.
Do'stlaringiz bilan baham: |